Линклар

АҚШ президенти Афғонистондаги халқаро коалиция ҳарбий миссияси якунланганини олқишлади


АҚШ президенти Барак Обама.

АҚШ президенти Барак Обама.

АҚШ президенти Барак Обама Афғонистонда хизмат ўтаган америкалик ҳарбийларга миннатдорчилик билдирди ва улар қўшган улкан ҳисса туфайли Қўшма Штатлар тарихида энг узоқ давом этган уруш масъулиятли якунига етаётганини айтди.

Ўз баёнотида Обама 28 декабрь куни Халқаро коалиция кучлари ҳарбий миссияси тугагани муносабати билан Кобулда ўтказилган маросимни олқишлади.

Кечаги маросимда Афғонистондаги хавфсизликка кўмак бўйича халқаро кучлар қўмондони, генерал Жон Кэмпбелл ISAF байроғини ўраб, унинг ўрнига мамлакатдаги хавфсизлик учун масъулиятни ўз зиммасига олган афғон кучларига кўмак миссияси байроғини ёйди. “Собит кўмак” деб номланган бу миссияда 13,5 минг ҳарбий иштирок этади ва уларнинг аксариятини америкаликлар ташкил қилади.

2010 йили Афғонистонда АҚШ ва унинг иттифоқчилари ҳарбийлари сони 140 мингга етарди.

АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари 2001 йил 11 сентябрида Нью-Йорк ва Вашингтонда содир этилган террор хуружларидан кўп ўтмай “Толибон” ҳукумати ағдарилиши билан бошланганди.

Афғонистонда бўлиб ўтган 13 йиллик уруш пайтида халқаро коалициянинг 3,5 мингдан зиёд аскари ҳалок бўлган. Улардан 2224 нафари америкалик ҳарбийлар эди.

XS
SM
MD
LG