Линклар

logo-print

Ўш аэропортидан ўғирланган тадбиркор Аравон туманидан топилди


Ўш аэропортида талончилик қилганлардан бирининг милиция вакиллари томонидан тузилган фотороботи.

Ўш аэропортида талончилик қилганлардан бирининг милиция вакиллари томонидан тузилган фотороботи.

Шанба куни Ўш халқаро аэропортидан қуролли босқинчилар томонидан ўғирлаб кетилган тадбиркор шаҳар ташқарисидан топилди. Бу ҳақда 29 декабрь куни Қирғизистон ахборот агентликлари Ўш милициясидаги манбаларига таянган ҳолда хабар тарқатдилар.

Маълумотларга кўра, ўғирланган киши “Аслан Тур” ширкати директори Руслан (фамилияси кўрсатилмаган) бўлиб чиққан.

Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи Суюн Умурзақовнинг жабрланувчи тадбиркор сўзларига таянган ҳолда айтишича, талончилар Русланнинг бошига қоп кийдириб олиб кетганлар. Даставвал улар бир гаражга бориб, машинани алмаштиришган. Машина бир муддат юриб, ўнғир-чўнқир кўчалардан кетаётган пайтда тадбиркор босқинчиларга фаол қаршилик кўрсата бошлаган ва машинадан сакраб тушиб қолган. Шундан сўнг улар ортга қайтиб, Русланни дўппослашган, кейин эса уни ўша ерда қолдириб, кўздан ғойиб бўлишган.

Ўш милицияси ходимлари босқинчилардан айримларининг шахси аниқлангани, бироқ тергов манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ҳозирча очиқланмаслигини айтмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 27 декабрь куни автомат ва тўппончалар билан қуролланган беш киши Ўш аэропортида қирғизистонлик тадбиркорларга тегишли пулни ўғирлаб, бир кишини гаровга олиб кетгандилар.

XS
SM
MD
LG