Линклар

Озарбайжон пойтахтида Озод Европа/Озодлик радиоси Боку бюросининг 20 нафар ходими гувоҳ сифатида прокуратурада сўроқ қилинди. Уларнинг барчаси тергов сирини ошкор қилмаслик ҳақида тилхат ёзгач, уйларига қўйиб юборилди.

Радио ходимларини ҳимоя қилиши тақиқланган адвокат Ялчин Иманов журналистларнинг жиноий ишга тортиши асоссиз, деб ҳисоблайди.

Имановга кўра, икки кундирки радио журналистлари босим ва тазйиққа учрамоқда.

26 декабрь куни радио офисида Озарбайжон Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари тинтув ўтказган ва бюронинг бир қанча ходимини сўроқ қилган эди.

Ҳуқуқ тизимларининг йигирмадан ортиқ вакили рейд давомида Озодлик бюросининг ишга тааллуқли ҳужжатлари сақланган сейф¸ шунингдек, компьютер ва расмий муҳрни мусодара қилди.

Ҳукуматдаги "Ени Озарбайжон" партияси аъзоси Сиявуш Наврўзов, радио бюросида ўтказилган рейдни оқлар экан, буни миллий хавфсизлик боис амалга оширилганини таъкидлади.

"Халқаро махсус хизматлар билан ишлайдиган ҳар қандай ташкилотда тинтув ўтказилиши лозим", деди Сиявуш Наврўзов.

Прокуратура ходимлари бу ҳаракатнинг Озод Европа/Озодлик радиолари Озарбайжон хизмати устидан хориждан молияланаëтган юридик шахс сифатида бораëтган тергов билан боғлиқ экани ва бу рейд маҳкама буйруғи асосида ўтказилаëтганини билдирди.

Маҳаллий матбуот "жосусликни барҳам топтириш учун бюрони ёпиш зарурлиги" ҳақида ёзди.

Париждаги Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Озод Европа ва Озодлик радиосининг Боку бюросига қилинган рейдларни мамлакатда эркин матбуот ва плюрализмни йўқ қилишга уруниш дея, қоралади.

АҚШ ҳам Озодлик радиоси Озарбайжон хизматининг Бокудаги бюросидаги рейдлар юзасидан хавотир билдирди.

XS
SM
MD
LG