Линклар

Навальнийга шартли жазо берилди, укаси Олег 3,5 йилга қамалди


Russia - Russian opposition leader and anti-corruption blogger Alexei Navalny (L) and his brother and co-defendant Oleg attend a court hearing in Moscow December 30, 2014

Russia - Russian opposition leader and anti-corruption blogger Alexei Navalny (L) and his brother and co-defendant Oleg attend a court hearing in Moscow December 30, 2014

Москванинг Замоскворецкий туман суди ака-ука Навальнийларни “Ив Роше” компанияси иши бўйича айбдор, деб топди. Алексей Навальний 3,5 йил шартли жазо олди, укаси Олег эса 3 йилу 6 ойга қамоққа ташланди. Мухолифатчи Навальний тарафдорлари Манежнаяда норозилик акциясига ҳозирланмоқда.

Суд Навальнийларни айбдор деб топди

Замоскворецкий туман суди шов-шув билан олиб борилган маҳкамага якун ясади ва Россия мухолифат лидери Алексей Навальнийга 3,5 йиллик шартли жазо тайинлади.

“Ив Роше” ва “Кўп тармоқли процессинг компанияси” ширкатлари пул маблағларини ўзлаштирганликда айбланган Алексейнинг укаси Олег эса суд ҳукми билан 3,5 йиллик қамоқ жазосини олди ва суд залидаёқ ҳибсга олинди. Ундан ташқари, ака-ука Навальнийларнинг ҳар бирига давлат ҳисобига 500 минг рубл жарима тўлаш мажбурияти юкланди.

Ундан ташқари, судланганлар “Кўп тармоқли процессинг компанияси” ширкати фуқаролик даъвоси бўйича 4,4 миллион рубль жарима тўлаши лозим.

Суд ҳукми устидан апелляция аризаси топширилди

Суд залида бўлган гувоҳлар ижтимоий тармоқларда Алексей Навальнийнинг: “Уялмайсизми?! Сиз нега уни қамадингиз? Мени унданда қаттиқроқ жазолаш учунми?!” дея ҳукмдан норози бўлганини ёзмоқда.

Ҳаво ҳарорати 16 даража совуқни кўрсатаётганига қарамасдан, Алексейни қўллаб-қувватлаган кўплаб одамлар йиғилди. Шунингдек, бу ерга ўзларини “Навальний рақиблари” деб таништирган бир гуруҳ одамлар келиб, провокациялар уюштиришга уринди.

Полиция томонидан қаттиқ қўриқланаётган суд залидан чиққан Алексей Навальний йиғилганларга ҳукмни “маҳорат билан олиб борилаётган психологик босим”нинг бир тури, деб таъкидлади.

- Мавжуд ҳукмлардан буниси энг разил ва жирканчдир! Биз кўряпмизки, ҳокимият ўз сиёсий рақибларини нафақат йўқ қилиш ва қамаш билан машғул. Бу одатий ҳол бўлиб қолган эди, биз улар одамларга мана шундай муносабатда эканини тушуниб турган эдик. Аммо, бу сафар улар сиёсий қаршилик кўрсатганларнинг қариндошларини махсус қийноққа солиб, йўқ қилаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Бу ҳокимият яшашга ҳақли эмас! – деди укаси ноҳақ қамоққа ташланганини гапирган Алексей Навальний.

Олег Навальнийнинг ҳимоячилари Замоскворецкий туман суди ҳукмини “Навальнийнийни гаровга олиш” деб атади ва уни устидан шикоят тайёрлаб улгурганини маълум қилди.

- Аслида биз бундай ҳукм чиқарилиши ва Олег Навальнийга 3,5 йил қамоқ жазоси тайинланишини кутмаган эдик. Олегнинг ҳимоячилари аллақачон қамоқ жазосини ўзгартириш тўғрисидаги шикоят аризаси билан мурожаат қилди, зеро бундай иқтисодий ишлар юзасидан одамларни қамоққа олиш мумкин эмас. Суд қонун бузилганини тан олса уни қўйиб юборишлари ҳам мумкин, - деди адвокат Ольга Михайлова.

Давлат қораловчилари Навальнийларга олдин кўрилган “Кировлес” жиноий ишини ҳисобга олиб, 10 йиллик қамоқ жазоси тайинлашни суддан сўраган. Судланганлар ҳимоячилари жиноий иш кўплаб қонун бузилишлари билан олиб борилгани, бу босим унинг сиёсий фаолияти билан бевосита боғлиқ эканига жамоатчилик эътиборини қаратиб келди.

Алексей укаси Олег билан хайрлашмоқда, 2014 йил, 30 декабр

Алексей укаси Олег билан хайрлашмоқда, 2014 йил, 30 декабр

Айни пайтда, Франциянинг “Ив Роше” компанияси ички тафтиш ўтказиб, ака-ука Навальнийлар ширкатга зарар эмас, аксинча даромад келтиргани аниқлангани юзасидан расмий ҳужжатлар билан тергов ва судга мурожаат қилган эди.

Навальний тарафдорлари Манежнаяга йиғилади

Айтиш жоизки, бундан бир кун олдин суд ҳукм ўқиш маҳкамасини тўсатдан 15 январдан 30 декабрга кўчирди. “Интерфакс” хабарига кўра, бу ўзгаришни судья Елена Коробченко ака-ука Навальнийларга ҳукм тайёрлаб қўйилгани билан изоҳлаган.

Навальний тарафдорлари 15 январда кўп минг кишилик намойиш ўтказишга тайёргарлик кўраётган эди. Суд ўз қарорини ўзгартириши муносабати билан Навальнийнинг Фейсбукдаги тарафдорларидан 4 минг киши 30 декабр кечки 19:00 да Кремлга яқин Манежная майдонида намойиш ўтказишга келишган.

Шунингдек, 30 декабр куни кечки пайт Россиянинг қатор марказий шаҳарларида Алексей Навальний олиб бораётган сиёсатни қўлловчилар “халқ йиғин”ларини уюштириши айтилмоқда. Суд қароридан норози бўлганлар ва мухолифат аъзолари Москва, Петербург, Воронеж, Архангельск, Саратов, Самара ва бошқа шаҳарларда акцияларга чиқишини маълум қилди: ижтимоий тармоқларда биргина Россия пойтахти кўчаларига 18 минг киши чиқиши айтилмоқда.

Навальний - ҳукуматнинг ашаддий танқидчиси

Кузатувчилар Россия рублининг кейинги тақдири Навальнийга ўқилажак ҳукмга боғлиқлигини гапириб келаётган эди. Мутахассислар ички ва ташқи бизнес жамоаси Алексей Навальнийга ўқиладиган ҳукм мамлакатда бундан кейинги тадбиркорлик муҳитига жиддий таъсир ўтказишига ҳам эътибор қаратмоқда.

2013 йилда Алексей Навальний Москва мэри лавозимига сайловларда иштирок этган ва 27 фоиз сайловчилар овозларини йиғиб, иккинчи ўринни эгаллаган.

Сиёсий ва жамоатчилик фаолияти билан кўплаб ҳукумат вакиллари кирдикорини фош этиб келаётган ва шахсан Владимир Путиннинг ғазабини қўзғаган блоггер Алексей Навальний охирги икки йилда ўндан ортиқ суд маҳкамаларига тортилди: уларнинг барчасида суд ҳакамлари мухолифатчига қўйилаётган арз-шикоятларни қаноатлантирди.

Навальний бошчилигида унинг тарафдорлари бугунги кунда Россиядаги коррупцияга қарши қатор жамоатчилик лойиҳаларини амалга оширмоқда.

Жумладан, "РосПил" – давлат тендерлари ва сотиб олиш жараёнида йўл қўйилаётган коррупция схемаларини фош этиш ва давлат пуллари ноқонуний ўзлаштирилишига қарши курашувчи лойиҳа; “РосЯма” – мамлакатдаги йўл қуриш ва уни қоплаш масаласида қўйилаётган хато ва камчиликларга қарши курашувчи интернет лойиҳа; “Добрая Машина пропаганды”( ДМП) ёки “Яхши ташвиқот Машинаси” орқали Навальний Россиядаги ҳукумат вакилларининг барча коррупция амалиётлари, ўғирликлари ва амалидан ўз манфаати йўлида суиистеъмол қилиш фактларини ёритишга уринади.

Бундан ташқари, мухолифатчилар “РосЖКХ” (маиший хизмат соҳаси), “РосВыборы” (сайловлар назорати) ва “Коррпуцияга қарши Жамғарма” фаолиятини олиб бормоқда.

Сўнгги ярим йилда уй қамоғида қўлига электрон кузатув браслети тақилган Кремл танқидчиси Алексей Навальнийга ҳозиргача сиёсий фаолият билан шуғулланиш, Интернетдан фойдаланиш ва оммавий ахборот воситалари билан мулоқот қилиш тақиқланганича қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG