Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:20

Ғиждувонда тадбиркордан банкка 5 миллион сўм топшириш сўралмоқда


Ғиждувондаги тадбиркорлардан ойига 5 миллион сўм миқдорида банкка нақд пул топшириш талаб қилинмоқда. Тадбиркорларнинг шикоят қилишича, бу пул қўшни туманлардаги пенсия тўловида нақд пул етишмовчилиги боис талаб қилинаётгани айтилган. Ғиждувон ҳокими муовини Озодлик саволларини жавобсиз қолдирди.

Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидан боғланган бир неча тадбиркор кундалик савдодан келадиган нақд пулдан 5 миллион сўмини банкка топиширишга мажбурланаётганидан арз қилди.

Тадбиркорларнинг даъвосича, туман ҳокимлиги ва солиқ инспекцияси ходимларидан иборат комиссия бозор ва дўконларни бирма-бир айланиб, тадбиркорларнинг нақд кўринишдаги тушумларини назорат қилмоқда.

- Аввалига 3 миллион, деди. Кейин 4 миллион, мана энди ойига 5 миллион сўмдан банкка нақд пул туширасизлар, деб талаб қилишаяпти. Қўшни туманлардаги пенсионерларга пенсияга пул етмаётган эмиш, - деди тумандаги бозорлардан бирида савдо қиладиган Ғофур исмли якка тартибдаги хусусий тадбиркор.

Унинг айтишича, тадбиркорлар нақд пулда бўлаётган кундалик даромадини банкка топиширишни истамаётирлар:

- Чунки, банкка нақд берилган пул бизга нақд қайтарилмайди, счётимизга перечисление қилинади. Перечислениега савдо қилсак, 15 фоиз пулимизга куямиз. Бу ойига 750 минг сўм бўлади, ахир! Агар шу зараримизни ҳам қоплаб берса, майли пенсионерларга ҳам ёрдамимиз тегса, розимиз, - дейди Ғофуржон.

Исми сир қолиши шарти билан Озодликка сўзлаган яна бир ғиждувонлик тадбиркорнинг айтишича, норози тадбиркорларга товарини мусодара қилиш билан таҳдид қилишмоқда.

- Норозиларнинг молини олиб кетишди. Бечоралар яна устига пул тўлаб қайтариб олишди. Энди давлат пенсия пулини етказиб бера олмаса, бизнинг топганимизни қўлимиздан олишлари керакми?! - дейди ғиждувонлик тадбиркор.

Маълум бўлишича, тадибиркорларнинг ҳисоб рақамлари республика "Агробанк"ининг Ғиждувон туман бўлимида очилган ва улардан нақд пулдаги тушумларини кундалик равишда топшириш талаб қилинмоқда.

Ғиждувон туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, ҳозир ҳокимлик ва солиқ инспекцияси қошида тузилган комиссияга нақд пул тушумини ошириш талаби юкланган.

"Ҳозир махсус коммисия борку! Республика бўйича нақд пул тушумини оширишга топшириқ бор. Йил охирига келиб, нақд пул етишмовчилиги бўлиши табиий ҳол. Шунинг учун комиссия аъзолари ҳозир ҳар куни тадбиркорлар билан ишлаяпти", деди банк ходими.

Ҳокимликнинг ўзини таништирмаган мулозими буни тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини тўғри ташкил қилиш ва ноқонуний фаолият олдини олиш мақсади билан изоҳлашга уринди:

"У бошқа туманларга пенсияга пул етишмаяпти, деган гаплар бекор гап. Ҳамма туманларда ўзига-ўзига пул етказиб беришга қурби етади. Пенсионерларнинг пенсияси вақтида тўланаяпти", деди мулозим.

Ҳокимлик ва солиқ инспекцияси ходимларидан иборат комиссия раҳбари, деб тақдим қилинган туман ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича муовини Абдулла Йўлдошев эса Озодликнинг бу борадаги саволларини жавобсиз қолдирди.

Ғиждувонлик Ғофуржонинг айтишича, тадбиркорларни бездираётган жиҳат нафақат ҳисобига ётқизилган пулдан 15 фоизини йўқотиши, балки банк орқали пул ўтказиш йўли билан савдо қилиш имконининг ўта чекланганидир.

- Масалан, Хитойдан келадиган пайпоққа банкдан перечисление қилиб, пул тўлайман, десангиз рози бўлмайди. Унга долларда пул тўлаш керак. Ўзбекистондан чиқадиган пайпоқни сотувчисига пул ўтказаман, десангиз, 15 фоизини олиб қоламан, дейди. Банк бир томондан савдони ўлдираяпти, бир томондан нақд пул тушумини ошир, деб мажбурлаяпти, - дея норози бўлмоқда Ғофуржон.

Якка тартибдаги тадбиркорларнинг нақд пул тушумлари мажбуран банкка топширтирилаётганига оид шикоятлар Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан келмоқда. Бироз муқаддам тадбиркорлар ойига 3 миллион сўм миқдорида банкка нақд пул топширишга мажбурланаётганидан шикоят бўлган эди.

Фарғона вилоятида эса нақд пулини банкка бермаган тадбиркорларга ҳокимлик фаолиятини тўхтатиш билан таҳдид қилгани Озодликка маълум.

Ўзбекистонда йил охирига келиб нақд пул тақчиллигининг кучайиши сўнгги йилларда мунтазам кузатилмоқда. Аксар вилоятларда йил охирига келиб, пенсиялари нақд ҳолда берилмай, пластик картага ўтказилишидан Озодликка шикоятлар келади.

Банклар ва банкоматларда нақд пул етишмасли ги боис, фуқаролар пластик картага ўтказилган ойлик ва пенсияларини ўртакаш корчалонларга 10 фоиздан 20 фоизгача ҳақ бериб, нақд пулга айлантирмоқда.

XS
SM
MD
LG