Линклар

"Исломий давлат" қамоғидан чиққан журналист қийноқлардан сўз очди


Туркия ҳудудидан Суриянинг Кобани шаҳрини кузатаётган журналистлар

Туркия ҳудудидан Суриянинг Кобани шаҳрини кузатаётган журналистлар

"Исломий давлат" зиндонидан омон чиққан Лоуай Абдул-Жуд маҳбусларга нисбатан қийноқлар ва руҳий таҳқирга дучор бўлганини айтмоқда. У террор гуруҳининг Суриядаги қамоқхоналаридан бирида 6 ой сақланган ва кейинчалик Сурия озодлиги армияси билан "Исломий давлат" ўртасида асир айирбошлаш натижасида Озодликка чиққан эди.

Асир айирбошлаш бир неча ой муқаддам Ҳалаб шаҳрида бўлиб ўтган ва ўшанда 6 ой "Исломий давлат" қамоқхонасида ётган суриялик журналист Лоуай Абдул-Жуд озод бўлган эди.

У яқинда Озодликнинг Ироқ хизмати мухбирига берган интервьюсида 6 ой давомида террор гуруҳи жангчилари томонидан қўлланган жисмоний ва руҳий қийноқларга гувоҳ бўлганини айтди.

Айтишича, у ва Франциянинг AFP ахборот агентлиги фотомухбирини 2013 йилнинг 28 ноябрида Ҳалаб шаҳрида жангарилар ўғирлаб кетишган.

“Ўша куни Ҳалаб шаҳрининг бир туманида катта портлаш бўлди ва мен AFP агентлиги фотомухбири билан ўша жойга бордим. Биз воқеа жойига боришимиз билан бизни пайқаб қолишди, назаримда. Кейин улар овозсиз тўппончаларини пешонамизга тиради ва қўлларимизни боғлади, кейин Ҳалабдаги болалар касалхонасига олиб боришди", дея хотирлайди суриялик журналист.

У ерда эса қўлга олинган икки журналистнинг шахси аниқланган ва сўнгра уларни шаҳар марказидан 5-6 соатлик йўл наридаги қамоқхонага олиб боришган.

Абдул-Жуднинг хотирлашича, қамоқхонага борган кезда у ердаги маҳбуслар орасида бир неча журналист сақланаётганига гувоҳ бўлган. Бу журналистларнинг 13 нафари хорижлик журналистлар бўлган. Абдул-Жуд хорижлик журналистлар орасида кейинчалик боши олинган журналист Жэймс Фолейни ҳам кўрганини хотирламоқда.

Фолей август ойида қатл қилинган ва унинг қатли акс этган видео дунёга намойиш қилинган эди.

Абдул-Жуднинг айтишича, чет давлатлар фуқаролари сақланаётган қамоқхонани "Исломий давлат"нинг чет эллик жангарилари - Франция, Тунис ва Марокашдан борган жангчилар назорат қилган.

Суриялик журналистга кўра, ўша кезда қамоқхонадаги қатлларга Холид лақабли рус жангариси бошчилик қилган.

“Маҳбусларнинг кўпчилигини уришмаган, аммо уларни мунтазам равишда таҳқирлашарди. Масалан, пичоқни бўғзингизга тираб, бошингиз олинишини айтишарди. Бу қийноқ услубини улар мунтазам қўллашарди ва бундай руҳий азоб ҳар қандай калтакдан ҳам оғирроқ бўларди", дея хотирлайди Лоуай Абдул-Жуд.

Уни жангарилар диндан йироқлашиб, "дунёвийлашиб" кетганликда айблашган.

"Улар мени Жиҳодчилар Иттифоқига тегишли бўлганим ҳолда куфр йўлига ўтиб, бир аёл билан нашаръий муносабатда бўлганликда айблашди", деб хотирлайди журналист.

Қамалганидан бироз ўтиб, маҳаллий журналистни бошқа қамоқхонага ўтказишган ва у ерда у журналист бўлмаган, оддий маҳаллий маҳбусларнинг оғир жисмоний қийноқларга тутилганига гувоҳ бўлганини айтмоқда:

"Мисол учун, бир эркакни оёғини осмондан қилиб осиб қўйишди. Оёқларини эса кесиб, яраларига спирт қуйишди, сўнгра электр симларни жароҳатларига суқиб, токка улашди", дея даҳшат билан хотирлайди "Исломий давлат" қамоғидаги азобларга гувоҳ бўлганини айтган Абдул-Жуд.

Қамоқ ўрнида эса жангарилар ишлаб чиқариш корхонасига қарашли картошка омборидан фойдаланишган. Омбор ичида зим-зиё ертулалар қазилган ва маҳбуслар унинг ичида сақланган.

"Ҳар замонда бир эркак келиб, ертўла оғзини очади ва: "Сен ўлдириласан, лекин бугун эмас. Эртага, иншаоллоҳ", деб кетади", дейди Абдул-Жуд.

Журналистни Абу Аммор ал-Масрий исмли ҳакам ўлим жазосига ҳукм қилган, аммо, Сурия озодлиги армияси асир алмашинувида айнан унинг қайтарилишини талаб қилган.

Шу вақтга қадар "Исломий давлат" томонидан ўғирланган ва зиндонбанд қилинган журналистлар ўнлаб экани маълум.

Террорчи гуруҳ икки ғарблик журналист - америкалик Жэймс Фолей ва Стивен Сотлоф, шунингдек икки ғарблик фаол, гуманитар ташкилотлар ходимлари - британиялик Дэвид Ҳэйнс ва америкалик Абдул-Раҳмон Кассигни қатл этди.

Британиялик яна бир журналист Жон Кэнтли эса ҳануз гаровда сақланмоқда.

Маҳаллий журналистлардан эса айни дамда 22 нафари гаровда сақланаётгани ҳақида маълумот бор. Шунингдек, маҳаллий журналистлардан 4 нафари қатл этилгани ҳам маълум.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG