Линклар

Кремлга мухолиф Алексей Навальний Москва судининг уни уй қамоғида сақлаш ҳақидаги ҳукми устидан судга ариза киритди.

Россия мухолифати етакчисининг адвокати Вадим Кобзев ўз ҳимояланувчисининг шикоят аризада 30 декабрь куни ўқилган ҳукмни "ноқонуний ва асоссиз", деб билишини таъкидлаганини айтмоқда.

Навальний шу йилнинг февраль ойидан буён уй қамоғида сақланаётган экан.

30 декабрь куни Москванинг Замоскворецкий туман суди ака-ука Навальнийларни “Ив Роше” компанияси иши бўйича айбдор, деб топди. Алексей Навальний 3,5 йил шартли жазо олди, укаси Олег эса 3 йилу 6 ойга қамоққа ташланди.

Мухолифатчи Навальний тарафдорларининг 31 декабрь куни Манежнаяда бошлаган норозилик акцияси эса полиция томонидан тарқатиб юборилди.

Хабарларга кўра, митингни тарқатиш чоғида полиция камида 170 кишини қўлга олган, бошқа норозилар тарқаб кетган. Сўнгра майдон полициянинг махсус топшириқлар бажарувчи отряди томонидан ўраб олинган.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Федерика Могерини Навальнийга қарши суд ҳукми “сиёсий мотивга эга” эканини билдирган.

XS
SM
MD
LG