Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:20

2014: Суннийлар эътиқодига тажовуз йили


"Кўринмас одам" номини олган Абу Бакр Бағдодий бошчилигидаги террор гуруҳининг "Исломий давлат" номи остида халифаликни эълон қилиши 2014 йилда дунёнинг 1 миллиардга яқин сунний мусулмонлари жамоасига жиддий таҳдид солган ҳодиса бўлди. 80дан ортиқ давлатдан бориб, террорчилар сафига қўшилаётган радикал суннийлар орасида ўзбекларнинг борлиги Ўзбекистон мусулмонларига нисбатан таъқибнинг кучайишига туртки бўлди.

Халифалик даъвоси

2014 йилнинг энг унутилмас ва афтидан, оқибатлари ўнлаб йилларга таъсир қиладиган муҳим воқеаси – дунё мусулмонлари учун ўтмишда ҳам, бугун ҳам аҳамияти катта бўлган Ироқ ва Шом диёрида «Исломий давлат»нинг юзага келиши бўлди.

2011 йилда Сурияда Асад режимига қарши бошланган исён 2013 йилга келиб ҳукуматга мухолиф сунний ва ҳукуматни қувватлаган шиа мусулмонлари ўртасидаги уруш кўринишини олди.

2013 йилнинг октябрь ойида Ироқда Исломий давлатни эълон қилган мухолиф суннийлар «Ироқ ислом давлати»га бирлашиб, «Ироқ ва Шом исломий давлати» (ИШИД) номи остидаги йирик қуролли гуруҳга айланди ва Суриянинг ожизлашиб бораётган ҳокимияти – президент Башар Ассад армиясига қарши кураш бошлади.

Бу гуруҳни аввалига дунёдаги сунний мусулмон жамоалари етакчилари, шунингдек, Дунё уламолар кенгаши ҳам қувватлаган эди. Кенгаш раҳбари Юсуф Қарзовий Сурияга бориб, диктатор Ассад режимига қарши жиҳод мусулмон учун фарз бўлди, мазмунида фатво берганди.

Аммо, 2014 йилнинг 29 июнида ИШИД гуруҳининг Ироқ ва Суриянинг каттагина ҳудудида халифаликни эълон қилиши ва «Исломий давлат» номи остида радикал, мутлақо зўравонликка асосланган фаолиятга киришиши вазиятни буткул ўзгартириб юборди.

Қисқа муддат ичида Ироқ ва Сурия ҳудудидаги сарҳадларини кенгайтирган ИД бошқа дин вакиллари, жумладан, насроний ва язидийлар жамоалари вакилларини қатлиом қилди. Айни пайтда, шиа мусулмонларига қўшиб, ўз талабларига бўйсунмаган суннийларни ҳам қира бошлади.

Натижада, аввалига ИД дунё ҳамжамиятининг биринчи рақамли душманига айланди ва шу кунда 60 дан ортиқ давлат иштирок этаётган йирик халқаро коалиция унга қарши курашмоқда.

Даъвони қувватлаётган ўзбеклар

Шу йилнинг сентябрь ойида эса ИДнинг қора байроғи Тошкент шаҳрига тикиб кетилди ва бу радикал исломий гуруҳларнинг Ўзбекистонга таҳдидига оид хавотирлар янада кучайди.

Зеро, Исломий давлат сафидаги ўзбекистонлик жанггариларининг муттасил равишда такрорлайдиган баёноти битта – Ўзбекистонда шариат қонунларини ўрнатишдир.

Озодликка WhatsApp орқали боғланган Абу Абдуллоҳ (ўнгда) эндиликда марҳум экани айтилган ўзганлик жиҳодчи билан.
Озодликка WhatsApp орқали боғланган Абу Абдуллоҳ (ўнгда) эндиликда марҳум экани айтилган ўзганлик жиҳодчи билан.

Ўзини қашқадарёлик 25 ёшли Абу Абдуллоҳ, деб тақдим қилган жиҳодчи 1 йилдан буён халифаликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини айтган ва сўнг мақсадини шундай ифода қилган эди:

- Тез орада бу кун Мовароуннаҳрдаги тоғутларга хизмат қилаётган, мусулмон биродарларимизни хорлаётган, қонларини ичаётган кофирларнинг ҳам бошига тушади! - дея даъво қилган эди ўзбек мужоҳиди.

У ўз вақтида Қашқадарё ИИБ томонидан Анвар қори Турсуновга қарши суиқасдга алоқадорликда айблангач, Ўзбекистондан қочиб чиққанини иддао қилган эди.

Шу кунда ИД сафида халифалик учун курашаётган ўзбекистонлик жанггарилар сони, турли манбалар ҳисобича, 500 нафардан 1 минг 200 нафаргача.

Президент Каримов жиҳодчилар ҳақида

Ўзбекистон томонидан эса аввалига бу масалада бирор баёнот берилмади. Расмий ахборот воситалари бу ҳақида умуман хабар бермади ва ҳануз бермаётир.

Фақатгина 31 август куни – Қатағон қурбонларини хотирлаш муносабати билан Шаҳидлар хиёбонида нутқ сўзлаган Ислом Каримов ИД ҳақида илк бор оғиз очди.

“Қаранг, Ироқда нималар бўлаяпти?!. Бир бемаза, мутлақо аввал билинмаган оқимларнинг вакиллари нималар қилаяпти?!. Агар кимки бу оқимларга ўз вақтида зарба бермаса, нима бўлади?!. Менга ташвиш солаётган томони шуки, эртанги кунимиз қандай бўлишидан хабардор бўлмасдан, эртанги кунимизни кўролмаймиз. Биз бунақа бемаза, аввал кўрилмаган оқимлардан қандай эҳтиёт бўлишимиз керак?! Буларга нисбатан ўз фикримизни билдиришимиз керак. Остонамизга яқинлаштирмаслигимиз керак", деб таъкидлади президент Каримов.

Президентнинг ана шу чиқишидан сўнг расмий матбуот ҳам бирданига тилга кирди ва йил якунига қадар "Сурия ва Ироқдаги террорчи гуруҳ ва унинг сафида юрган ғаламислар" ҳақида махсус эшиттиришлар ҳозирлади.

Суиқасд режаси фош бўлди

2014 йилнинг апрель ойида қорасувлик таниқли имом 37 яшар Рашод қори Камоловга қарши суиқасдга уринишда гумон қилинган шахс ушлангани ҳақида хабар пайдо бўлган эди.

Қирғизистоннинг Қорасув шаҳрида шаҳар ва Ўш вилояти ИИБ махсус отрядлари томонидан 25-26 апрель кунлари ўтказилган рейдда суиқасдга ҳозирлик кўраётганликда гумон қилиниб ушланган шахснинг Ўзбекистон фуқароси экани маълум қилинган эди.

Аввалига бу хабар кўпчиликни таажжубга солган эди. Зеро, Фарғона водийсида бу таҳлит воқеа сўнгги йилларда илк бор содир бўлмоқда.

Аммо, 11 декабрь куни Истанбул шаҳрида ўзбекистонлик, аниқроғи, андижонлик имом, радикал ғоялар ва жиҳодчиликка даъвати боис, сунний мусулмонлар жамоалари орасида танқид қилинган Абдуллоҳ Бухорий-Мирзағолиб Хамидов отиб кетилгач, жамоатчилик Рашод қори Камоловга бўлган суиқасд уринишини хотирлади.

Мирзағолиб Ҳамидовга қарши суиқасдга оид тафсилотлар кундан-кунга кўпайиб бормоқда ва турк матбуотнинг ёзишича, шу кунда мамлакатдаги ҳуқуқ-тартибот идоралари қўлида ҳам диний, ҳам сиёсий фаол бўлган 9 ўзбекка нисбатан сиуқасд режаси бор ва бу рўйхатда марҳум Абдуллоҳ Бухорийдан ташқари, қорасувлик имом Рашод қори Камолов, Эрк партиясининг Истанбулда яшаётган етакчиси Муҳаммад Солиҳ ва унинг ўғли Тимур Солиҳ номлари бор.

Рўмолга қарши кампания

Йил давомида Озодлик саҳифаларида кўп ўқилган ва муштарийлардан кўплаб шарҳ олган яна бир мақола рўмолли китобхоннинг Навоий кутубхонасига қўйилмагани ҳақидаги мақола бўлди.

Озодликка Навоий номидаги миллий кутубхонада содир бўлган воқеага гувоҳ бўлган муштарийдан мактуб келди ва Озодлик мухбири мактуб ортидан Навоий кутубхонасига боғланганида, кейинчалик Озодлик муштарийлари ўртасида баҳсларга сабаб бўлган жавобни олган эди:

"Шунчаки, бизда рухсат берилмайди. Бу тақиқланган. Буни биз ўйлаб топмаганмиз, раҳбарият тақиқлаган. Бунинг устига қўриқчилар ҳам қўймайди. Биз Вазирлар Маҳкамаси бошқаруви остидамизку, шунинг учун хавфсизлик бизда анча кучли", деган эди кутубхона ходими.

Шу тариқа, рўмол ўраган муслималарнинг, ҳатто кутубхонага ҳам қўйилмай бошлагани Ўзбекистонда ибодат ва эътиқод эркинлиги нақадар чекланаётганига бир яққол далил сифатида баҳоланди.

Бу чекловга асос бўлиб қолаётган - 1998 йилда янги таҳрирда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасида: “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмайди” дейилган. Қонунда тақиқланган “ибодат либоси” иборасига изоҳ берилмаган.

Ана шу норозиликлар ортидан қонуннинг 14-моддасига ёзилаётган шарҳ қачон битишию, қачон эълон қилиниши ҳануз номаълум қолмоқда.

Назмий Қуръонга тақиқ

Ўзбек тилидаги илк назмий Қуръон бўлиши кутилган халқ шоири Жамол Камол таржимасидаги Қуръони карим маънолари таржимасини чоп этишга рухсат берилмагани ҳам бу йил Озодлик муштарийлари эътиборини тортган воқеалардан бири бўлди.

Расмий маълумотга кўра, қўмита таржимани имом-хатиблар муҳокамасига қўйган ва улар “Қуръонни шеърга солиб, таржима қилиш мумкин эмас” мазмунидаги фатво билан уни рад этган.

Лойиҳа муаллифи, "Муфтий Бобохоновлар" жамғармаси Ҳомийлар кенгаши раиси Анвар Ҳусаиновнинг айтишича, Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари қўмитаси таржимани рад этиш сабаблари кўрсатилган баённомани унга тақдим қилган.

- Тошкент имом-хатиблари ва бошқа вилоят имом хатиблари баённомасида биринчи бўлиб айтилаяптики: "Қуръон назмий таржима қилинмаган" деб. Бу жуда заиф аргумент, чунки Қуръони карим жуда кўп тилларга таржима қилинган - инглиз, француз, форс тилида ҳам бор, рус тилида ҳам бор... Лекин биз Ўзбекистонда мавжуд қонунларга амалга қилган ҳолда, Мусулмонлар идораси билан ҳамкорликда бу ишни амалга оширдик ва охир-оқибат, назмий таржимани чоп қилдиришга эришамиз, деб ишонаман, - деб таъкидлади Анвар Ҳусаинов.

Ўзбекистонда расман нашр этилган илк таржима эса 1991 йилда "Шарқ юлдузи" журналида босилган шайх Алоуддин Мансурга тегишли Қуръон маънолари таржимасидир.

Кейинроқ шайх Абдулазиз Мансур таржимаси ҳам чоп этилди ва ҳозирда бу таржималарнинг иккиси ҳам ўзбек тилида ўқувчи мусулмонлар ўртасида кенг мутолаа қилинади.

Рўзадор футболчилар

Якунланиб бораётган 2014 йилда дунё ва Ўзбекистон мусулмонларида қолган ёрқин хотиралардан бири Футбол бўйича Баризилияда ўтган Жаҳон чемпионатида ўта маҳоратли ўйин кўрсатган рўзадор жазоирлик футболчилар бўлди, афтидан.

Бу йил Жаҳон чемпионати Рамазон ойига тўғри келди ва жазойирлик футболчилар 27-28 даража иссиқ, нафас қайтар даражадаги дим ҳавода 13-13 ярим соатдан рўза тутиб, жуда кучли бўлган Германия терма жамоасига қарши профессионал ўйин кўрсатди.

ФИФА чемпионатлари доирасида мусулмон давлатларда ишлаган аксар тиббиёт ходимлари ҳамда физиологлар 27 - 28 даража иссиқда рўзадор футболчилар бу муваффақиятга эришишини “чиниққан мусулмон футболчиларнинг устунлиги” дея изоҳланди.

Зеро, шу вақтга қадар бу ҳодиса кўп бор илмий тадқиқ этилган.

Жумладан, АҚШдаги Биотехнологик тадқиқотлар миллий маркази 2011 йилда ёш профессионал футболчилардан 16 нафарини ихтиёрий равишда жалб қилиб, Рамазон пайтида спортчи танасидаги жисмоний ўзгаришни аниқлашга қаратилган тадқиқот ўтказган эди.

Натижада келинган хулосага кўра, агар рўза тутган футболчи жисмоний нагрузкани саҳарлик ва ифторликдан кейинги пайтга тўғри тақсим қилса, оғзи очиқ пайтида етарли даражада сув ичса ва тўғри овқатланса, бу унинг жисмоний ҳолати ва ўйини сифатига жиддий таъсир қилмаслиги аён бўлган.

Намозхону бенамозга бирдек таҳдид

Якунланаётган йилнинг Ўзбекистон ва дунё мусулмонлари ҳаётида тутган ўрнига оид махсус эшиттиришни ҳозирлаш чоғида Тошкентдан олинган бир хабар, гўёки, 2015 йилда мусулмонларга нисбатан Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан кутилажак аёвсиз муносабатга бир ишоратдек кўринди.

"Ўзбекистон" телеканалида берилган "Хиёнат" кўрсатувида ҳам жиҳодчилик, ҳам бесоқобозликда айбланган 6 кишига ҳукм ўқилди.

Норвегияга ишлагани борган ва Ўзбекистонга қайтгач, ҳибсга олинган диндор йигитларга хорижда юриб, радикал диний гуруҳларга аъзо бўлганлик ва хорижда туриб Ўзбекистонга таҳдид солганлик айби қўйилди. Уларга, одатдагидек, ЖКнинг 159, 244 моддалар асосида 12 йилдан 13 йилгача қамоқ жазолари берилди.

Лекин бу ишдаги муҳим жиҳат, маҳкумларнинг яқинлари ва адвокатларига кўра, бесоқобозликка оид айбловнинг на айблов хулосаси, на ҳукмда тилга олинганидир. Кўрсатувда эса жиҳодчиликка тайёрланганларини "бўйнига олган" бу йигитлар бесоқолбозлик билан ҳам шуғулланганликларини "эътироф этган" эди.

Бу ҳолни, аксар ҳуқуқ фаоллари ва кузатувчилари, хорижга чиқиб пул топишга мажбур бўлаётган намозхону бенамоз меҳнат муҳожирларини қўрқтишнинг навбатдаги ваҳшиёна усули, мазмунида баҳоламоқдалар.

"Ислом ва мусулмонлар"нинг қаҳрамонлари:

Фахриддин Розий

Чақимчига айланиб қолишдан қўрқиб, Ўзбекистонда имомлик таклифини рад этган ва айни кунларда Малайзияда бугунидан эртасига заҳира сақламай ҳаёт кечираётган ургутлик 45 яшар Фахриддин Розий "Ўзбек имомлари" рукни қаҳрамонларидан бири бўлди. Унинг мулоҳазалари ўзбек мусулмонлари орасида анчагина баҳсларга ҳам сабаб бўлди.

Баҳодир Тарозий

Жанубий Қозоғистоннинг Тароз шаҳрида яшаётган 42 яшар Баҳодирхон Тарозий Марказий Осиёнинг халқлар зеҳнияти, диний қадриятлар ва мураккаб ижтимоий-иқтисодий сиёсатлар кесишган нуқтасида яшаётган имомлардан биридир.

Озодлик билан суҳбатда бу киши ўз фаолияти билан бирга аждодлари – буюк Тарозийлар ҳақида ҳам сўзлаб берди.

Осимхон Мўминов

“Ислом ва мусулмонлар”нинг яна бир қаҳрамони - тошкентлик 62 яшар ганчкор уста, Малайзияда муҳташам масжидлар қураётган ўзбекистонлик тадбиркор Осимхон Мўминов бўлди.

18 йил давомида бу давлатда Осимхон уста шарқона услубда безаган йирик масжидлардан бири Куала-Лумпур марказидаги Петронас миноралари ичида бўлса, яна бири миноралар ёнида жойлашган 8 минг кишилик улкан масжиддир.

Иброҳим Эшон

Кўплаб тингловчилар қайта ва қайта сўраган, кўпчилик томонидан "ҳазрат пиримиз Иброҳим Эшон", деб ҳурматланган фарғоналик марҳум аҳли илм Иброҳим Маматқулов ҳақида ҳам маълумот тўплашга уриндик.

72 ёшида оламдан ўтган Иброҳим Эшон (1937-2009) Нақшбандийлик тариқатининг Марказий Осиёдаги сўнгги йирик пешвоси сифатида тан олинган.

Олтинхонтўра

Ўтган асрда яшаган яна бир йирик Ислом олими - Марказий Осиё мусулмонлари орасида илк бор Қуръони карим маъноларини туркий тилга ўгирган ва мухтасаргина изоҳи билан эски ўзбек ёзувида чоп эттирган саййид Маҳмуд ибн Назир Тарозий - Олтинхонтўра "Ўзбек имомлари" рукнининг яна бир қаҳрамони бўлди.

"Ислом мусулмонлар"нинг бош қаҳрамонлари билан мана бу саҳифада танишишингиз мумкин.

Ҳамкорлик қилинг!

2014 йилда тайёрлаганимиз ва тингловчилар эътиборини тортган баъзи муҳим воқеаларни хотирладик.

Янги 2015 йилда ҳам айни рукнни тайёрлаш ниятидамиз, келгуси йилда ҳам муштарийларимиз сафида қолинг ва билганларингизни "Ислом ва мусулмонлар" билан ўртоқлашинг!

Доимий ҳамкорларимизга чуқур миннатдорчилигимизни билдирамиз!

XS
SM
MD
LG