Линклар

logo-print

Қонунни бузган муҳожирнинг Россияга кириши 10 йилга тақиқланади


Россияда чорвачилик билан шуғулланаётган ўзбек мардикорлари

Россияда чорвачилик билан шуғулланаётган ўзбек мардикорлари

Россия муҳожирларга доир қатор янги тартиб-қоидаларни жорий қилди. Жумладан, янги тартибга биноан, қонунни бузган муҳожир 10 йил давомида Россияга киритилмайди. Янги йилдан бошлаб рус тили бўйича имтиҳон топширмаган ва тиббий суғуртага эга бўлмаган муҳожир Россияда ишлаш ҳуқуқига эга бўлмайди. Шунингдек, МДҲ фуқаролари эндиликда Россияга фақат хориж паспорти билан киради, лекин бу тартиб Ўзбекистон фуқароларига тааллуқли эмас.

Депорт бўлган муҳожир Россияга 10 йил киритилмайди

Президент Владимир Путин 31 декабрь куни имзолаган янги қонунга кўра, миграция қонунчилигини бузган муҳожирнинг Россияга 10 йил давомида кириши тақиқланди.

12 январдан кучга кирадиган ушбу қонунга кўра, агар муҳожир Россияда бўлиш муддати тугагач, ноқонуний равишда 270 кундан ортиқ қолган бўлса, унга 10 йиллик тақиқ қўлланилади.

Агар муҳожир 180 кундан 270 кунгача Россия ҳудудида ноқонуний юрган бўлса, унинг 5 йил давомида ушбу мамлакатга кириши тақиқланади.

Федерал Миграция хизмати маълумотига кўра, сўнгги икки йил давомида 1 миллион 200 минг муҳожирнинг Россияга кириши тақиқланган.

Рус тилини билмаган муҳожир Россияда ишлай олмайди

1 январдан кучга кирган яна қонунга кўра, Россияда ишламоқчи бўлган муҳожир рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича имтиҳон топшириши шарт ҳисобланади.

Муҳожир имтиҳондан ўтгани ҳақидаги махсус сертификатга эга бўлсагина Россия ҳудудида ишлаш ҳуқуқини ололади.

Янги тартибга кўра, меҳнат муҳожири Россияда ишлаш учун патентни бир ой муддатга олади ва уни бир йилгача узайтириши мумкин бўлади.

Муҳожир ишлаш учун патентни Россияга кирганидан бошлаб 30 кун ичида олиши лозим.

Бир йилдан сўнг муҳожир патентни яна бир йилга узайтириш ҳуқуқига эга. Шундан сўнг у Россияни тарк этиши лозим. Лекин қонунга кўра, муҳожир Россиядан чиққанининг эртасига қайтиб келиш имконига ҳам эга.

Россияга фақат "загранпаспорт" билан кирилади

Янги йилнинг 1 январидан МДҲ давлатлари фуқаролари Россияга фақат хорижий паспорт билан кириши мумкин.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайтидаги маълумотга кўра, Божхона иттифоқига аъзо Қозоғистон ва Беларус фуқароларига ушбу тартиб қўлланилмайди.

Россия Федерал миграция хизмати раҳбари Константин Ромодановскийнинг матбуотга билдиришича, Қирғизистоннинг Евросиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилиш ҳаракатлари бораётгани учун қирғизистонликларга ҳам бу тартиб қўлланилмайди. Май ойида Қирғизистоннинг ушбу Иттифоқ аъзосига айланиши кутилмоқда.

Расмий маълумотга кўра, Украинадаги ички сиёсий вазият боис украиналикларнинг ҳам ички паспорт билан Россияга кириш имконияти ҳозирча сақлаб қолинган.

Ўзбекистондан ташқари МДҲдаги деярли барча давлатларда икки паспортлик режим амалда бўлиб, фуқаролар ўз мамлакати ҳудудида ички паспорт билан юради. Чет элга чиқиш учун эса хорижий паспорт олиши лозим бўлади.

Ўзбекистон виза тартиби бўлган хориж давлатларига чиқаётган фуқаролари учун чиқиш визасини жорий қилган. Лекин Россия билан визасиз борди-келди бўлгани боис ушбу мамлакатга бориш учун ўзбекистонликлар чиқиш визаси олиши шарт бўлмайди.

Москвадаги “Ватандош” Ўзбеклар жамияти раҳбари, юрист Усмон Баратовга кўра, айни шу боис Россия жорий қилган янги тартиб ўзбекистонликларга тааллуқли эмас:

- Россиянинг янги қонуни Ўзбекистонга тааллуқ жойи йўқ. Ўзбекистоннинг паспорти автоматик загран паспорт ҳисобланади. Шунинг учун Ўзбекистон фуқаролари бемалол олдин қанақа кириб юрган бўлса, шундай киришади,- дейди юрист Баратов.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, янги тартиб давлат чегарасини кесиб ўтиш бўйича ягона қоида жорий этиш ва миграцияга нисбатан назоратни кучайтириш мақсадида киритилган.

Таҳлилчилар миграция билан боғлиқ янги ўзгаришларни рус рублининг қадрсизланиши ва Ғарб санкциялари натижасида Россия юз тутаётган иқтисодий вазият билан боғлашмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG