Линклар

Ўзбекистондаги 22 та сайлов округида сайловчилар қайта овоз берди


Бугун Ўзбекистондаги 22 та сайлов округида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига қайта сайлов ўтказилди.

Марказий сайлов комиссияси расмий сайтида берилган хабарга кўра, сайловчилар бу гал ҳам "юқори даражадаги фаоллик"ни намойиш қилган.

Қайта сайловни ҳам 5 минг 700 дан ортиқ кузатувчи кузатгани хабар қилинди.

2014 йилнинг 21 декабрь куни парламент қуйи палатасига бўлиб ўтган сайловда 135 сайлов округидан 22 тасида номзодларнинг ҳеч қайсиси депутатлик мандатини олиш учун етарли овоз жамғаролмаган. Шу сабабли Марказий сайлов комиссияси бу округларда қайта сайлов ўтказишга қарор қилган.

Қайта сайлов Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Самарқанд, Сирдарё, Хоразм, Қашқадарё вилоятлари ва пойтахт Тошкентда биттадан округда, Наманган ва Тошкент вилоятларида иккитадан округда, Фарғона вилоятида учта округда, Сурхондарё вилоятида эса бешта округда ўтказилди.

Маҳаллий қонунчиликка кўра, бу округларда сайловчилар 21 декабрь кунги сайловда энг кўп овоз йиққан икки номзоддан бирига овоз беришлари мумкин ва унда энг кўп овоз жамғарган номзод депутатлик мандатига эга бўлади.

Бу галги сайловда ҳам президент Ислом Каримов сиёсатини қўллаб-қувватловчи тўрт сиёсий партиядан номзодлар иштирок этди. 21 декабрь куни бўлиб ўтган парламент сайловларида мухолифатдаги “Эрк” ва “Бирлик” партиялари ҳамда “Бирдамлик” ҳаракати вакиллари қатнашмаган.

Икки ҳафта муқаддам Ўзбекистондаги парламент сайловларини кузатган ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси сайловларни "рисоладагидек ташкил қилинган, аммо асл рақобат ва очиқ мулоқот руҳи етишмаган", дея танқид қилган.

XS
SM
MD
LG