Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:16

700 минг долларлик қуёш электр станцияси қуввати 14та уйга етади


Попдаги қуёш электр станцияси ҳозирча 14 хонадонни таъминлашга етарли электр қуввати бермоқда.
Попдаги қуёш электр станцияси ҳозирча 14 хонадонни таъминлашга етарли электр қуввати бермоқда.

Декабрь ойи ўртасида Наманганнинг Поп туманида ишга туширилган Ўзбекистондаги илк қуёш электр станцияси Янгиобод маҳалласида синовдан ўтказилмоқда. Станция ходимларига кўра, 700 минг долларлик қурилма Янгиободда электр тақчиллигини ҳал қила олганича йўқ.

Янгиободликлар қуёш электр станциясидан фойдаланмоқда

Шарқий Фарғона канали бўйида, Наманганнинг Поп туманида қурилган қуёш электр станцияси имкониятлари бир йил давомида Янгиобод маҳалласида синовдан ўтказилади.

Бу ҳақда Озодликка ушбу станция фаолиятидан яхши хабардор Попдаги манба маълум қилди.

“Ишга туширилганига 20 кунча бўлди. Бир йил давомида синаб кўрилади. Янгиобод маҳалласини ток билан таъминлайдиган трансформаторга қуёш станцияси ишлаб чиқараётган энергия улаб қўйилди”, деди манба.

Жанубий Корея фотоэлектр саноати уюшмаси билан “Ўзбекэнерго” компанияси ҳамкорлигида ишга туширилган Поп қуёш электр станциясига 700 минг АҚШ доллари сарфланган.

“Станцияга Hanhwa, JSPV, S-Energy ва TopSum компаниялари панеллари ўрнатилган. Улар синаб кўрилаяпти. Қайсисининг эффекти кўп бўлса, ўша танлаб олинади. Ҳозир панеллар қанча ток бераётгани компьютерларда қайд қилиб борилмоқда. Кейин Ўзбекистоннинг бошқа жойларида қуриладиган қуёш станцияларида ўша танлангани ишлатилади”, деди станция фаолиятидан яхши хабардор манба.

Станция қуввати 14та уйга етади

Озодлик манбасига кўра, 130 киловатт/соат қувватга эга станция ҳозирда кунига ўртача 28 киловатт энергия ишлаб чиқармоқда:

“Ҳозир ёруғлик кам. Шунга кам энергия бераяпти. Ёзда кўп бўлиши керак”, дейди манба.

Агар Ўзбекистонда битта хонадон бир кунда ўртача 2 киловатт энергия сарфлаши ҳисобга олинса, Попдаги қуёш энергияси ҳозирда 14та хонадонни бир кунлик энергия билан таъминлайдиган энергия бераяпти.

"Янги станция хавф остида"

Лекин қуёш электр станцияси қурилиши Янгиобод маҳалласидаги электр тақчиллиги муаммосини ҳал қилишга ёрдам бера олмади. Бунинг устига электр тақчиллигидаги узилишлар янги станция фаолиятини хавф остига қўймоқда. Бу ҳақда Қуёш электр станцияси ходимларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтди:

“Бу трансформаторга улангани боис линияда ток бўлмаса ишламайди. Агар линияда ток бўлмаса, бу ҳам ўчади. Станцияни қурган Корея мутахасислари электрда узилишлар бўлмаслигини таъминлашни сўрашганди. Биз тегишли ташкилотларга биринчи категорияга улаб беришларини сўраб бир неча бор ёздик. Лекин натижа йўқ. Улаб беришмади. Ҳозир хавотирдамиз. Токнинг бунақа тез-тез ўчиши натижасида станция жиҳозлари куйиб қолиши мумкин”, деди станциянинг исмини очиқламаётганимиз ходими.

Ўзбекистонда 7та қуёш электр станцияси қурилади

Попдан ташқари Ўзбекистонда яна 6 та қуёш электр станциясини қуриш режалаштирилган.

Ҳозирда Самарқанд вилояти Самарқанд тумани ҳудудидаги 400 гектар майдонда қурилаётган қуёш электр станцияси Попдагидан анча каттароқ бўлиб, 100 МВт қувватига эга бўлади.

Жорий йилда ишга туширилиши режалаштирилган ушбу станцияни молиялаштириш масъулиятини Осиё Тараққиёт банки (ОТБ) зиммасига олган.

Самарқанддаги станция устида талаш

Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова wordpress блогида, Twitter ва Facebook саҳифаларида Ўзбекистонда муқобил энергия манбаларига оид лойиҳалар доирасида Осиё тараққиёт банки, Ўзбекистон қайта қуриш ва тараққиёт жамғармаси пулларига ўтказилаётган тендерлар юзасидан танқидий фикр билдирганди.

Каримова хоним Самарқанддаги қуёш электр станцияси, Навоий вилоятидаги эркин иқтисодий зона ва бошқа лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Рустам Азимовни коррупцияга аралашганликда айблади.

Рустам Азимов шу пайтгача Гулнора Каримованинг бу айбловларига бирор муносабат билдиргани йўқ.

Harakat.net сайтида эълон қилинган мақолада Гулнора Каримованинг Самарқанддаги қуёш электр станцияси лойиҳасидан моддий манфатдорлик кўзлагани, бироқ бу Рустам Азимов томонидан рад қилингач, унга қарши айбловлар янграгани ҳақида ёзилган.

XS
SM
MD
LG