Линклар

logo-print

2013 йилнинг 5 январида бошланиб 7 январида якунланган Сўх жанжалидан икки йил ўтганига қарамай, Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасидаги қўшни қишлоқлар аҳолисининг муносабатлари ва ўзаро савдо –сотиқлари шу кунгача қайта тикланмагани айтилмоқда.

Сўхлик: “Ташланг-ташланг”, дейди, нимани ташлайман?

Сўхлик Абдужалил Мажидов Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида икки йил аввал содир этилган жанжалдан сўнг чегарадан ўтиш ўта мураккаблашиб кетгани ва чегарада таъмагирлик авж олганидан шикоят қилади:

-Мен бир масалани айтмоқчи эдим. Бугунги кунда биронта сўхлик Фарғонага пулсиз бора олмайди, пул бермаса чегарадан ўтолмайди. ГАИси нахалний туриб олади, “Давай, ташла-ташла”, дейди. Ёки мен, масалан, Фарғонага бир коробка олма олиб кетяпман, набираларимга. Ҳалиги постдаги чегарачиси айтади: “Ака, ташанг-ташанг” дейди... Нимани ташлайман?

Ўзини Равшан Комилов деб таништирган яна бир сўхлик тадбиркор ҳам мана шундай таъмагирликлардан безиб кетганини айтди:

--Мен тадбиркорман, Фарғонадан юк олиб келиш жуда қийинлашиб кетди. Биринчидан, чегарадан икки суткада ўтамиз. Иккинчидан, божхона ва погранзона 100 минг дейди, бироқ 50 минг пул олади. Уч-тўрт жойда ГАИлар тўхтатиб 50 мингдан олади. Минимум 500 минг пул билан Сўхга кириб келаяпмиз.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, 2013 йилдаги Сўх жанжалидан сўнг Қирғизистон Сўх эксклавидан Фарғона ва Риштонга элтадиган энг яқин йўлларни ёпиб қўйган. Сўхликлар шу кунларда авваллари 3 минг сўм кетадиган йўлга 30-40 минг сўм сарфлаб,узоқ айланма йўллар орқали Фарғонага қатнамоқда.

Сўхликларнинг машиналари тошбўрон қилинмоқда

Сўхликлар Озодлик радиосининг аввалги эшиттиришларида шахсий машиналарида Қирғизистон ҳудудидан ўтаётганларида тошбўронга учраётганликлари ва камида 23 сўхликнинг автомобилларига зиён етказилгани ҳақида шикоят қилган эдилар.

Қирғизистоннинг Боткен вилоят милицияси Ўзбекистоннинг Сўх эксклавига элтувчи йўлда Ўзбекистон фуқароси Хурсанжон Илёсовнинг Нексия автомашинасини тошбўрон қилган қадамжойлик Гайрат Исаков 2014 йилнинг 27 май куни қўлга олинганини билдирган.

Қирғиз милициясининг билдиришича, ўтган йилнинг 14 майида Сўхда яшовчи Ўзбекистон фуқаросининг “Мерседес- бенц” машинасини вайрон қилган икки қирғизистонлик ҳам қамоққа олинган. Мазкур икки воқеа юзасидан жиноят иши очилган.

Боткенлик: “Чегаранинг ёпилишидан ўзбек ҳам, қирғиз ҳам бирдай қийналаяпти”

Боткеннинг Чорбоғ қишлоғида яшовчи Мирбек икки йилдан бери сўхликлар билан қўшничилик алоқлари тўхтаб қолганини айтди:

-Жанжал бўлганидан сўнг ўтган икки йил мобайнида борди-келди тўхтаб қолган, алоқаларимиз узилган. Бозорларимиз ҳам бўлиниб, муносабатларимиз йўқ бўлди. Авваллари бир-бирларимизникига тўйларга, маракаларга, меҳмонга бориб турардик. Ҳозир эса йўқ.

Қирғиз матбуотининг ёзишича, жанжалгача Қирғизистоннинг чегарадош ҳудуларидаги ўнга яқин қишлоқнинг деҳқонлари Ўзбекистоннинг Сўх эксклавига ўзлари етиштирган маҳсулотларни сотиб, тирикчилик қилган. Айни пайтда эса қирғиз деҳқонлари чегаралар ёпилгани сабабли Сўхнинг бозорларига ўтолмай қолишганини айтишмоқда.

Сўх эксклави билан чегарадош бўлган Қирғизистоннинг Боткен вилоятида ташкил этилган “Ёш сиёсатчилар” клуби лидери Баҳрам Рахманкулов чегараларнинг ёпилгани ўзбекка ҳам, қирғизга ҳам бирдай қийинчилик яратганини айтди:

-Чегарадош ҳудудларда яшаган аҳоли иқтисодий жиҳатдан бир-бирига қарам бўлади. Кўп йиллардан бери шаклланган иқтисодий алоқлар туфайли бу ҳудудда арзончилик мавжуд эди. Бугунги кунда чегарани ҳар икки томондан ёпилиб қолгани икки халққа бирдай қийинчиликларни яратмоқда, - деди Баҳрам Рахманкулов.

Сўх жанжали тарихи

2013 йил 5 январь куни Қирғизистон чегарачилари икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб тургани айтилаётган ҳудудга симёғочлар ўрната бошлаганига Сўх эксклавидаги Хушёр қишлоғи аҳолиси норозилик билдирган эди. 6 январь куни бу норозилик қирғиз чегарачиларини ўқ узишга мажбур қилган ва ҳар икки томондан одамлар гаровга олинган катта жанжалга айланди. Фақат 7 январга келибгина жанжални тўхтатишга муваффақ бўлинди.

Воқеа пайтида ўзбекистонликлар томонидан қирғизистонлик 30 фуқаро гаровга олингани айтилган. Қирғизистон томонида эса ўзбекистонлик 6 аёл гаровга олинган. Ўзбекистонликлар гаровдагиларни қўйиб юборгач, қирғиз томони ҳам 6 аёлни бўшатган.

Қирғизистон чегара хизматининг билдиришича, 7 январда бўлиб ўтган расмийлар учрашувида Фарғона вилояти ҳокими чегарадаги жанжал пайтида қирғиз чегарачилари отган ўқдан уч нафар одам яралангани ҳақида маълумот берган.

Ўзбекистон Сўх воқеасида моддий зиён кўрган қирғизистонликларга 56 минг доллар товон пули тўлаган.

Қирғизистон ҳукуматининг Боткендаги ваколатхонаси 2013 йил 17 январда тарқатган хабарда айтилишича, товон пули сўхликлар томонидан пачоқланган қирғизистонликларга тегишли 12 та автомашина учун тўланган. Товон пули ҳар бир машина эгасига топширилган. Шундан сўнг ўзбек ва қирғиз расмийлари товон пули тўлангани тўғрисидаги протоколни имзолаган.

Ўзбекистоннинг Сўх эксклавида 60 минг аҳоли яшаши айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG