Линклар

Оилага яқин ўзбекистонлик тадбиркор Дубайда гаров пули эвазига озод қилинди


Ўзбекистонлик тадбиркор Алексей Яицкий

Ўзбекистонлик тадбиркор Алексей Яицкий

Озодлик радиосига бугун маълум бўлишича, Дубай қамоқхонасида устидан ўтказиладиган судни кутаëтган ўзбекистонлик тадбиркор, Silk Road Cargo Bussiness ширкатининг Дубайдаги вакили, United Arab EmiratesAviation & Aerospace транспорт ширкатининг бош директори, Оилага яқин 58 ёшли Алексей Яицкий гаров пули эвазига озод қилинган. Гаров сифатида тўланган пулнинг миқдори маълум эмас.

Озодликнинг ишончли манбаларига кўра, Алексей Яицкий 2014 йил декабри охирида озод қилинган.

Озодликка маълум бўлишича Алексей Яицкий шаҳарни (Дубай) тарк этмаслик ҳақида тилхат имзолаган.

“Ўзбекистондаги "ўта юқори лавозимли ҳукумат мулозимлари ва криминал авторитетлар Алексей Яицкийни гаров пули эвазига озодликка чиқаришга муваффақ бўлди ", деди манба.

Айни манба ўтган йил ноябри охирида Озодлик билан суҳбат асносида “Алексей Яицкийни гаров пули эвазига озодликка чиқаришга жиддий уриниш бўлаëтганлигини” билдирган эди.

Озодликнинг бир-биридан мустақил икки манбасига кўра, Алексей Яицкий пора беришда гумон қилиниб, 2014 йил октябрида Бирлашган Араб Амирликларида ҳибсга олинган эди.

Озодликнинг Silk Road Cargo ширкатига яқин манбалари Алексей Яицкийни озод қилиш, уй қамоғига ўтказиш ва унга қўйилган айбловни Ўзбекистон миллий қонунчилиги асосида Ўзбекистонда кўриб чиқиш тўғрисида илгари сурилган таклифлар БАА маъмурлари тарафидан рад қилинганини ҳам айтишган эди.

Келишув самараси ?

Ўтган йилнинг ноябрида Ўзбекистон Адлия вазири Неъматилла Йўлдошев Бирлашган Араб Амирликларида бу мамлакат Адлия вазири билан учрашган ва бир нечта келишувни имзолаган эди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган матбуот хабарномасида таъкидланишича¸ ташриф мобайнида БАА ва Ўзбекистон ўртасида судлараро ва ҳуқуқий ҳамкорлик бўйича учта келишув имзоланган.

Бу ҳақдаги Озодлик ëзган мақолада мутахассислар мана бу фикрни билдирган эди:

“Бу имзоланган келишув БАА да қўлга олиниб, қамоқда ëтган баъзи Ўзбекистон фуқаролари учун жазодан қутулиш муждаси бўлиши мумкин.”¸ деб фикр билдирган эди Озодлик экспертлари.

Алексей Яицкийнинг озод бўлиши БАА ва Ўзбекистон ўртасида судлараро ва ҳуқуқий ҳамкорлик бўйича келишув самарасими?

Бу саволга "Ҳа", деб жавоб бериш учун бизда аниқ далиллар йўқ.

Озодлик манбалари иддаосига кўра, Яицкий БАА қонунларида кўзда тутилган “гаров эвазига қамоқдан озод қилиш” процедураси доирасида судгача қамоқдан озод қилинган.

Айни пайтда Алексей Яицкийнинг ҳибсдан гаров пули эвазига озод қилингани у раҳбарлик қиладиган ширкатлар ва унинг яқинлари тарафидан сир тутилмоқда.

Озодлик манбаларидан бирига кўра, Алексей Яицкий билан боғлиқ жараëнни Дубайдаги юқори мартабали шайхлардан бири шахсан назорат қилмоқда.

Маълум сабабларга кўра шахслари очиқланмаслиги шарти билан Озодлик мухбири билан суҳбатда бўлганлар, айни пайтда Яицкий Дубайда судни кутаётганини таъкидлашди.

Дубай суди ўзбекистонлик тадбиркор иши юзасидан қарор қабул қилиши кутилмоқда.

Коррупция иддаолари?

Яицкий билан боғлиқ вазиятни яқиндан биладиган Озодлик манбасининг иддао қилишича, у (Яицкий) Дубайдаги юқори мартабали шахсга 100 минг АҚШ доллари миқдорида пора беришга уринаётган пайтда қўлга олинган. Унга нисбатан мансабдор шахсни сотиб олишга уринганлик ва коррупцион схемалар бўйича бизнес юритганлик айбловлари илгари сурилмоқда.

Яна бир манба эса, Алексей Яицкий Дубайнинг мулозим шайхларидан бирига 70 минг АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилиб, транспорт бизнесига оид муаммони ҳал қилиб беришни сўраган, дея иддао қилди. Манбага кўра, шайх пулни рад қилиб, Яицкийни полицияга топширган.

Хорижий инвестициялар билан шуғулланадиган ўзбек мулозими, Озодлик мухбири билан ўзаро суҳбатда, Алексей Яицкийнинг Дубайда ҳибсга олинганидан хабари борлигини айтар экан, "БАА тергов идоралари ўзбекистонлик тадбиркордан унинг Дубайдаги банк ҳисобидаги 10 миллион АҚШ долларига тенг маблағнинг қаердан олинганини изоҳлаб беришни талаб қилмоқда. Яицкий ҳозирча бу маблағнинг легал манбаларига оид маълумот тақдим эта олмаган" деди.

Озодлик мухбири ўзбекистонлик тадбиркорнинг ҳибсга олиниши сабабларига ойдинлик киритиш мақсадида Дубай Бош прокуратураси билан боғланди. Прокуратура мулозими тергов манфаатлари рўкач қилиб, терговдаги ишлар билан боғлиқ тафсилотлар матбуотга очиқланмаслигини билдириш билан чекланди.

Бошқа бир ишончли маълумотга кўра, Яицкий 2014 йил бошида оиласини Дубайдан Лондонга кўчирган. Ўтган йил сентябрида Яицкийнинг фарзанди Лондондаги мактабга борган.

Яицкий ким?

Қароргоҳи Парижда жойлашган "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси" раҳбари Надежда Атаеванинг иддао қилишича, Алексей Яицкий Ўзбекистондаги ўта қудратли шахслар назоратидаги транспорт-логистика компанияси манфаатларини ҳимоя қилувчи Дубайдаги лоббичиси бўлиб келган.

Айни пайтда Алексей Яицкийнинг ўзи ҳам Ўзбекистондаги қудратли шахслар даврасига кириши айтилмоқда. Озодликка етиб келгган фотосуратларда Яицкий, WikiLeaks сайтида "мафия босси" сифатида тилга олинган Салим Абдувалиев билан мароқли вақт ўтказаётгани акс этган.

Бошқа бир фотосуратда Алексей Яицкийнинг Ўзбекистон ҳаво йўллари ширкатининг собиқ раиси “Боинг” самолётларини сотиб олишда, коррупцион схемалардан фойдаланганликда айбланиб қамалиб, пировардида 2008 йилда оламдан ўтган Арслон Рўзметов билан елкама-елка тургани акс этган.

Совет даврида фуқаро авиацияси тизимида ишлаган Алексей Яицкий мустақиллик йилларида Ўзбекистон ҳаво йўллари миллий авиаширкатининг халқаро ваколатхоналари бўйича бош директори ўринбосари лавозимида ишлаган, миллий авиакомпаниядаги Озодлик манбасининг айтишича, "шеф Арслон Рузметовдан кейин иккинчи шахс ҳисобланган".

Яицкийни шахсан танишини айтган Озодлик манбаси, 1995 йил АҚШдан сотиб олинган “Боинг” учқичларини мамлакатга келтириш жараëнининг асосий иштирокчиси бўлганини таъкидлади.

​"У асосан Нью-Йоркда ишлар эди ва турли давлатлардаги ваколатхоналар бўйича бошлиқ эди. Ўзбекистонга "Боинг"ларни ҳам у олиб келган. Арслон Гаипович (Рўзметов-таҳр.) қамалган пайтда, унинг атрофидаги жуда кўпчиликни ҳам "ёпиб қўйишган" эди. Лекин Алексей (Яицкий-таҳр.) қутулиб қолган эди. Ўшанда ҳамма орқасида одамлари кучли экан, деб хайрон қолган эди", дейди Озодлик манбаси.

Айни манбалар Ўзбекистонлик тадбиркор Алексей Яицкийнинг гаров пули эвазига озод қилниши ҳам қудратли акахонлар ҳизмати эканлигини таъкидлашмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG