Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:40

Минскда ушланган йигитнинг Тошкентдан қўрқиб Москвадан қочгани аниқланди


2014 йилнинг 28 декабрида Минск шаҳри аэропортининг чегара назорати пунктида “Минск-Истанбул” рейсига ҳужжатларни расмийлаштирган ва ўзини Тожикистон фуқароси деб таништирган шахс қўлга олингани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

Кейинроқ бу шахс террорчиликда гумон қилиниб, Ўзбекистон томонидан қидирувга берилган Ўзбекистон фуқароси экани аниқланди.

28 декабрь куни содир бўлган воқеанинг қўшимча тафсилотларига оид маълумотни Озодлик Беларус Давлат чегара қўмитаси матбуот хизматидан олди.

"Кейинроқ давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтмоқчи бўлган шахснинг 1983 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси экани ва у 2013 йилдан бери террорчиликда гумон қилиниб, қидирилаётгани аён бўлди", деди Беларус Давлат чегара қўмитаси матбуот маркази вакили.

У ўзбекистонликнинг исм-фамилиясини айтмади.

Расмий маълумотларга кўра, текширув пайтида бу шахс тақдим этган паспортнинг сохталиги – унда сурат ўзгартирилгани аниқланган.

"Қочқин ўғирланиб кетишдан қўрққан"

Бу ҳодисадан бир неча кун ўтиб, Озодликка қўлга олинган шахснинг ҳимоячиси москвалик адвокат Надежда Ермолаева мурожаат қилди.

Маълум бўлишича, Алижон Маҳкамов (асл исми хавфсизлик нуқтаи назаридан ўзгартирилган – таҳр.) Минскда қўлга олингунгача роппа-роса бир йил Москвада экстрадиция суриштируви остида қамоқда ўтириб чиққан.

- У Ўзбекистон сўрови билан Москвада 2013 йилнинг 4 ноябрида қўлга олинган эди. Кейин у қочқинлик мақомини олишга ариза топширди. Тошкент уни бундай вазиятларда одатий бўлиб қолган 155 (Терроризм), 159 (Конституциявий тузумга тажовуз) ва 244 (Диний-экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) моддалари асосида халқаро қидирувга берган. Экстрадиция текширувидан кейин, Ўзбекистонга бериб юборилмаслиги тўғрисида суд қарори чиққанидан кейин, у 2014 йилнинг 3 ноябрида озодликка чиқарилган эди, дейди ҳимоячи Надежда Ермолаева.

Адвокатнинг сўзларига кўра, “Фуқаровий кўмак” Инсон ҳуқуқларинини ҳимоя қилиш маркази Алижонни ўз ҳимоясига олган ва унга вақтинчалик қочқинлик мақомини олиб бериш учун Россия ФМСи билан тортишиб келган.

Аниқланишича, Алижон Маҳкамов 2009 йилдан буён Подмосковьедаги шаҳарлардан бирида босмахонада ишлаб келган. У Ўзбекистонга яқинларини кўриб келишга кетаётганида Москванинг Внуково аэропортида қидирувда экани аниқланиб, ҳибс этилган.

Адвокат Алижонга бундай вазиятда ортиқча ҳаракатларни қилмаслик ва ноқонуний йўллар билан Россиядан чиқиб кетишни умуман унутишни тавсия қилганини айтиб берди.

Надежда Ермолаева Алижон намозхон эканини тасдиқлар экан, “мен қандай Катта театр балеринаси бўлсам, у ҳам шундай террорчи”, дея киноя қилди.

Суҳбатдош Алижоннинг бундай ноқонуний йўл билан чиқиб кетишга уринишини сўнгги пайтларда Россияда айнан ўзбек қочқинларининг ўғирланиб кетилаётгани ҳолатлари кўпайгани билан изоҳлади. У Алижон катта хатога йўл қўйгани, қочқинлар ҳар қандай вазиятда қонуний йўллар билан ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишлари мумкинлигини айтади.

- Ҳибсга олинишидан икки кун олдин мен у билан учрашгандим, нима қилишни тушунтиргандим. У қочиб кетиши тўғрисида мутлақо билдирмаган эди. Қочқинларнинг кўпи Россиядаги таъқиблар боис Украина, Туркия ва бошқа мамлакатларга чиқиб кетишга уринади. Вазиятнинг хавфлилиги шундаки, Украина ҳар ҳолда Европа кенгаши аъзоси, яъни қочқинларни у ерда ҳимоя қилиш имконияти юқори. Беларус эса Инсон ҳақлари бўйича конвенция аъзоси ҳам эмас. Беларус кўп ўйлаб ўтирмасдан паспортни сохталаштиргани учун Алижонни Ўзбекистонга бериб юборади, деб қўрқяпман, деди адвокат.

“Фуқаровий кўмак” ташкилоти ҳуқуқ фаоли Надежда Ермолаева Беларусни қочқинлар учун Россиядан ҳам хавфлироқ мамлакат эканини таъкидлади.

У сўнгги йилларда Россияда ўзбек махфий хизматлари ФСБдаги ҳамкасблари кўмагида қидирувда бўлган ва қочқинлик мақомини олган кўплаб ўзбекистонликларни ўғирлаганини тасдиқлаб, шунга қарамасдан, ҳуқуқ ҳимоячилари ва юристлар уларни ҳимоя қила олиши мумкин бўлган услублар ишлаб чиқилгани ва амал қилаётганини эслатиб ўтди.

Ўзбекистонлик маҳбус ҳозир Минскда тергов изоляторида сақланмоқда.

Алижоннинг рафиқаси ва уч нафар фарзанди борлиги, фарзандларидан кичиги энди бир ёшга киргани маълум.

Озодлик сўнгги йилларда Россиянинг турли шаҳарларида Ўзбекистон махфий хизмат ходимлари томонидан қидирувда бўлган ўнлаб муҳожирлар ноқонуний йўллар билан ўғирлаб кетилгани тўғрисида хабар бериб келмоқда.

XS
SM
MD
LG