Линклар

Ўзбек-қирғиз чегараси тўла аниқланишига хариталардаги ноаниқлик тўсиқ бўлмоқда


Ўзбекистон - Қирғизистон чегарасини тиконли сим билан тўсаётган қирғиз чегарачилари.

Ўзбекистон - Қирғизистон чегарасини тиконли сим билан тўсаётган қирғиз чегарачилари.

Бишкек расмийлари қўшнилар билан чегараларини аниқлашда Ўзбекистон ва Тожикистондаги ҳамкасблари билан мавжуд хариталар юзасидан тил топиша олмай, Москвадан чегаралар бўйича архив ҳужжатларини Қирғизистонга олиб кела бошлади.

Ўзбекистон Қирғизистон билан чегараларини аниқлашда 1924-1927 йиллардаги харитага таянмоқда. Қирғизистон эса бу масалада 1956-1958 йилги хариталарни асос қилиб олаётир. Бишкек Душанбе билан чегарани аниқлашда ҳам худди мана шундай асосда ишламоқда.

Соҳа мутахасисларининг айтишича, бу каби турлича ёндашув оқибатида чегаралардаги баҳсли ҳудудларни аниқлаш масаласи ўн йилларга чўзилиб кетмоқда.

Сўхдаги ҳукумат идораларига яқин бўлган Озодлик манбасининг айтишича, томонлар бир-бирига зид бўлган ҳужжатларга асослангани сабабли ҳам мана шундай вазият юзага келган.

-Масалан ҳозир (Ўзбекистон Қирғизистондан) Сўхга коридор беришни сўраяпти. Бу ерда Бурганди массиви бор. Шу массив 1924 йилдаги картада Ўзбекистонники, яна бир картада Қирғизистонники. Хуллас бу борада учта карта бор, уч картада уч хил кўрсатилган. Бир картани Москва тасдиқлаган, яна бирини тасдиқламаган. Хуллас, мана шу карта ҳозир бизнинг козирной картамиз бўлиб турибди. Сўхдаги, чегарадаги муаммоларни ҳал этиш учун Бургандини Ўзбекистон талаб қилаяпти. Лекин Бурганди узоқ йиллардан бери Қирғизистонники бўлиб келган. Бу ерни икки минг йилда ҳам бермайди, Ўзбекистонга. Мана шундай келишмовчиликлар туфайли чегара музокаралари бузилиб, охирига етмаяпти, -деди сўхлик Абдумажид Комилов.

Қирғизистон ҳукумати қўшни давлатлар билан бу каби чегара муаммоларини ҳал этиш учун Москва архивларидан олиб келинган ҳужжатлар ёрдам беради, деб умид қилмоқда. Айни пайтда Москванинг 4 архивидан чегарага оид ҳужжатлар нусхалари олиб келинган.

Бироқ чегараларни аниқлаш бўйича қирғизистонлик мутахасис Саламат Аламанов бу каби ҳужжатлар чегараларни аниқлашда деярли ҳеч қандай ёрдам бера олмайди, деб ҳисоблайди:

-Бундан аввал ҳам томонлар бу каби ҳужжатларни қидириб топиб, ўша ҳужжатлар асосида музокаралар олиб борилган. Бу ҳужжатларнинг ҳаммаси ҳам чегарани аниқлашга асос бўла олмайди. Совет замонида чегарани чизаётганларида қайси даражадаги шахслар ҳужжатларни имзолаган, бу ҳужжатларнинг юридик кучи қанақа деган саволлар туғилади. Совет давридаёқ мутахасислар чегарадош ҳудудлардаги баҳсли ерларни бўлиб беришнинг муросали йўлини топишган эди. Бугунги кунда мана шу чегараларни қонунийлаштириб қўйилса масала ҳал бўлар эди,- деди Саламат Аламанов.

Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида 2014 йилнинг 16 июлида якунланган сўнгги музокараларда Ўзбекистон билан чегаранинг аниқланган ҳудудлари юзасидан шартнома имзоланиши режалаштирилган эди. Бироқ томонлар аниқланган ҳудудлар узунлиги бўйича ягона фикрга кела олмагани хабар қилинган.

Қирғиз томони чегаранинг аниқлаб бўлинган ҳудуди 1003 километрни ташкил этишини билдирган, Ўзбекистон томони эса 701 километр аниқлаб бўлинган деган хулосага келган. Ўзбекистон - Қирғизистон чегарасида икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб турган 50 дан ортиқ ҳудуд борлиги айтилади.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси 1378 километрни ташкил қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG