Линклар

logo-print

Владимир вилояти бўйича Тергов қўмитаси Ковров шаҳрида ўзбекистонлик 5 яшар қизалоқнинг ўлими юзасидан тергов олиб бормоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, нафақадаги тиш доктори қизалоқнинг оғриётган тишини уй шароитида суғуриб олганидан бир неча соат ўтиб¸ у комага тушган ва ўзига келмасдан вафот этган.

Владимир вилоятининг Ковров шаҳрида 5 ёшли ўзбекистонлик Л. исмли қизчанинг ўлими юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Россия Федерациясининг Владимир вилояти бўйича Тергов қўмитаси расмий вакили Ирина Минина Озодлик билан суҳбатда янги йилнинг биринчи кунида қизчанинг тиши оғришни бошлагани, ота-онанинг оғриқни дори билан тўхтатиш уринишлари самара бермаганини айтади:

- Қизчанинг тишини 3 январь куни уй шароитида олиб ташлашган. Улар кечки 17:30 ларда врачникидан чиқиб, уйга келишган. Толиққан бола ухлашга ётган, бирдан эса талваса босган ва у кома ҳолатига тушган. Ота “тез ёрдам”ни чақиртирган, болани дарҳол реанимацияга олиб кетишган, дейди Ирина Минина.

Озодликка маълум бўлишича¸ бахтсиз ҳодиса Қорақалпоғистоннинг Амударё тумани Манғит шаҳридан бўлган Индировлар оиласида содир бўлган.

31 яшар Шавкат ва унинг рафиқаси Шоҳида 2014 йилнинг май оида Россияга меҳнат қилгани келган ва расман қайдга турган. Шавкат патент асосида шу ерда мардикорлик қилиб, Шоҳида эса вояга етмаган боласи билан уй юмушлари билан шуғулланиб келган.

Эр-хотин бир йил ишлаб, бироз маблағ йиғиб уйига қайтиш ниятида бўлган.

Тергов қўмитаси вакиласи сўзларига кўра, терговчилар нима сабабдан бола тиббиёт муассасасида қайдда турмагани ва нима учун ота-онаси қизини кекса стоматологга даволагани олиб борганини аниқлашга уринмоқда:

- Даволовчи аёл стоматологияда 57 йиллик стажга эга бўлган! Ҳозирча бу пенсиядаги врачни уларга ким тавсия қилганини билмаймиз. Кекса врач боланинг тишини уй шароитида суғуриб ташлаган. Врач қизчанинг тишлари жуда ёмон аҳволда бўлганини таъкидлаб, оғриқлантирувчи дори қўйиб, ўзида мавжуд тиббиёт асбоблари билан йиринглаб кетган сут тишини олиб ташлаган, дейди тергов ходимаси.

2015 йилнинг 4 январида эрталаб Ковров шаҳар шифохонасининг реанимация бўлими мутахассислари қизалоққа “сепсис, етишмовчилик синдроми, мия шиши” диагнозини қўйган. Врачлар уринишларига қарамасдан қизча ҳаётдан кўз юмган.

Озодлик билан суҳбатда Ирина Минина ҳозирча бу ҳодиса юзасидан якуний хулоса чиқариш эрта экани, қоннинг заҳарланиши сабабларини ҳозирда мутахассислар олиб бораётган экспертиза аниқлаб беришини алоҳида таъкидлади.

“Қизалоқ тиббий ёрдам ўз вақтида етказилмагани ёки бошқа инфекциялар туфайли нобуд бўлган бўлиши ҳам мумкин. Текширув тугамасдан бировни жиноятда айблашга бизнинг ҳаққимиз йўқ”, дейди у:

- Меҳмон бўлиб келаётган юртдошларингизга етказиб қўйишингизни илтимос қилардимки, қонунан ишлаётган муҳожирлар, яъни патент олган ва яшаш жойи бўйича қайдга турганлар, қонунларимизга мувофиқ, ўз фарзандларини маҳаллий поликлиникага тиббий қайдга қўйишлари мумкин ва зарур! Ахир, нега қизалоқни шифохонага олиб боришмади? Буни ҳам аниқлаш зарур... Катталар бир амаллаб чидашлари мумкин, аммо бола шифокорларнинг доимий назоратида бўлиши шарт! Ўтган йили вилоятимизнинг Петушинский туманига келган ўзбекистонлик ҳомиладор аёл боласини шу ерда туғиб, Россия фуқаролигини олмоқчи бўлган. Врачлар назоратисиз, нобоп шароитларга ўтган ҳомила туфайли бу бола ҳам ўлиб қолди, деди Ирина Минина.

Владимир шаҳар “Дўстлик” ўзбеклар жамияти фаоли Тўхтасин Дайдиев тергов суриштирув ишлари кетаётгани, гистологик, биологик ва бактериологик экспертиза тайинланиб, олиб борилаётганини тасдиқлаб берди.

Владимир вилоят Тергов қўмитаси Ўзбекистон фуқароси Индированинг ўлими юзасидан исми ошкор этилмаётган кекса шифокор аёлга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 109-моддаси 1-қисми, яъни эҳтиётсизликдан ўлимга сабаб бўлган жароҳат етказишда айблаб жиноий иш қўзғатди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG