Линклар

Charlie Hebdo журналига ҳужум қилганлар бензоколонкани тунади


Бутун дунё бўйлаб Charlie Hebdo журналига қилинган ҳужумга қарши намойишлар ўтказилмоқда.

Бутун дунё бўйлаб Charlie Hebdo журналига қилинган ҳужумга қарши намойишлар ўтказилмоқда.

Франция матбуотининг хабар қилишича, икки гумонланувчи 8 январь куни Париж четидаги ёқилғи қуйиш шохобчасини тунаб кетган. Бензоколонка бошқарувчиси қидирилаëтган шахсларнинг қуролдан ўт очиб озиқ-овқат ва ёқилғини ўғирлаб кетганини гапириб берди. Унинг журналистларга айтишича, икковлон улар Калашников автоматлари билан қуролланган бўлган ва полиция тарқатган таснифга тўғри келган. Хабарларга кўра, гумонланувчилар машинада яна Париж томон кетиб қолган.

Франция полицияси ҳозирда ҳужумга алоқадорликда гумонланаётган 32 ёшли Шариф Қуаший ва унинг 34 ёшли акаси Саидни қидирмоқда. Шарифнинг 2008 йилда Ироққа жангариларни жўнатган тармоққа алоқадорликда айблангани айтилмоқда. Полиция ака-ука “қуролланган ва жуда хавфли”, дея эълон қилди.

Бош вазир Валлс Парижда туғилган асли жазоирлик ака-ука Қуашийлар разведка хизматларига таниш бўлгани ва улар 7 январь ҳужумидан аввал кузатув остида бўлганига “шубҳа йўқ”, дея таъкидлади.

Франция адлия тизимидаги манбанинг матбуотга билдиришича, ака-укага яқин бўлган етти киши полиция тарафидан сўроқ қилинмоқда.

Париж прокуратураси матбуот вакили Агнес Тибол-Лекюврга кўра, Шампань вилоятида 18 ёшли Мурод Ҳамид матбуотда ўз исми гумонланувчилардан бири сифатида келтирилиши ортидан полицияга таслим бўлган. Прокуратура вакили Ҳамиднинг ака-ука Қуашийларга алоқаси қандай эканини аниқлаштирмади.

Гумонланувчиларни қўлга олиш бўйича бутун мамлакат бўйлаб амалга оширалаётган операция доирасида Франция шимолидаги Реймс шаҳрида бир нечта хонадонга рейд уюштирилди. Страсбург ҳамда Париж яқинидаги кичкина шаҳарчаларда ҳам рейдлар ўтказилди.

Парижда 12 кишининг ўлимига сабаб бўлган Charlie Hebdo ҳажвий журнали таҳририятидаги ҳужумдан бир кун ўтиб, 8 январь куни рўй берган отишмада бир полициячи аёл ҳалок бўлди.

Франция пойтахти полициясига кўра, пайшанба куни Париж жанубидаги Порт-де-Шаййон мавзесида рўй берган отишмада полициячи аёл ва шаҳар муниципалитети ишчиси жиддий жароҳат олган. Полициячи аёл кейинчалик ҳалок бўлди.

Полициядаги манбанинг Франс пресс агентлигига билдиришича, ҳодисада ўқ ўтказмайдиган камзул кйиган эркак автоматдан ўт очган.

Воқеа жойига етиб борган Франция Ички ишлар вазири Бернар Казенёв отишмани содир этган эркак очиқда қолаётганини билдирди.

Бугунги отишма 7 январь куни Charlie Hebdo таҳририятига уюштирилган ҳужум билан боғлиқлиги ҳозирча тасдиқлангани йўқ. Чоршанба куни ниқоб кийган эркаклар исломий хитоблар билан амалга оширган ҳужумда 12 киши, жумладан икки полициячи ҳалок бўлди.

8 январь куни тушда Франция бўйлаб қурбонлар хотирасига бир дақиқалик сукут сақланди. Ўз карикатуралари билан миллионлаб французларга таниш бўлган рассомларга қарши қилинган ҳужум мусулмон аҳолиси катта бўлган Францияда зиддиятни янада кучайтирди.

Шу пайтгача Charlie Hebdo журналига қилинган ҳужумга алоқадорликда гумонланган бир неча киши қўлга олинди.

Франция Бош вазири Мануель Валлс ҳукумат гумонланувчиларни “қидириб топиш бўйича тезкор чораларни кўрмоқда”, дея билдирди.

- Кечаги ҳужумни амалга оширганларни аниқлаб, қўлга олиш учун тезкор чораларни кўряпмиз. Хавфсизликни таъминлаш бўйича режаларимиз бор, миллий якдилликни таъминлаш учун сиёсий соҳадаги ҳамкасбларимиз билан биргаликда ишламоқдамиз. Жамоатчиликнинг хавотирларини тушунамиз, ҳукумат расмийлари билан бу масалани муҳокама қилдим ва вазиятни яқиндан кузатишда давом этамиз,- деди Франция бош вазири.

Charlie Hebdo журналига ҳужум қилгланлар “Аллоҳу акбар”, деган хитоблар билан одамларни ўққа тутиб, “пайғамбар учун қасос” олганларини бақирган. Charlie Hebdo журнали Муҳаммад Пайғамбарни ҳажв қилувчи карикатураларни эълон қилгани учун таҳдидларга учраб келган.

Француз ҳарбийлари Яқин Шарқ ва Африкада исломий гуруҳларга қарши ҳаракатларига жавобан жангарилар Франция фуқаролари ва манфаатларига ҳужум қилиш чақириқлари боис мамлакатда хавфсизлик чоралари кучайтирилган эди. Чоршанба кунги ҳужумдан кейин хавфсизлик чоралари энг юқори даражага келтирилди.

8 январь куни собиқ президент Николя Саркози амалдаги президант Франсуа Олланд билан вужудга келган бўҳронни муҳокама қилгач, журналистлар билан мулоқоти чоғида жумладан бундай дейди:

- Бу цивилизация муаммосидир ва барча одамлардан – эътиқодидан қатъий назар – бу мутаассиб ваҳшийликка қарши бирлашишни тақазо қилади. Цивилизацияга қарши уруш эълон қилинди ва цивилизация ўзини ҳимоя қилиш учун масъул. Биз ўзимиз учун ана шу масала бўйича қарор беришимиз керак,- деди собиқ президент.

Charlie Hebdo журналига қилинган ҳужум халқаро ҳамжамият томонидан кескин қораланди ва қурбонлар билан бирдамлик изҳор қилинган намойишларнинг ўтказилишига сабаб бўлди.

7 январь куни кечқурун бутун Франция бўйлаб ҳамда Лондон, Мадрид, Амстердам, Нью Йорк ва Берлин каби жаҳоннинг бошқа нуқталарида ўн минглаб одам сўз эркинлиги ва демократияни ёқлаб, кўчага чиқди.

Шунигндек расмийларнинг билдиришича, кечаси Франциянинг иккита шаҳрида мусулмонлар ибодатхонасига ҳужум қилинган, лекин ҳеч кимга зарар етмаган.

Париж яқинидаги Ле Манс шаҳрида ярим тундан кейин маҳаллий масжидлардан бирига граната отилган. Масжид ойнасида ўқ изи ҳам аниқланган.

Франция жанубидаги Нарбонн шаҳри яқинидаги Порт-ла-Нувелль туманида хуфтон намозидан кейин маҳаллий масжидга қарата бир нечта ўқ узилди.

8 январь куни Виллефарнш-Сюр-Саон шаҳарчасида маҳаллий кабобхона олдида рўй берган портлашда ҳам талафотлар бўлмади. Маҳаллий прокуратура бу воқеани “жиноят” дея атади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG