Линклар

logo-print

Ўзбекистон Қирғизистон билан 2001 ва 2008 йиллари давлатлараро даражада яширин тарзда шартномалар имзолаган. Президент Ақаев Бош вазир Бакиевни мазкур шартномаларни имзолашга мажбурлаган. Қирғизистон президенти Атамбаев ва айрим сиёсатчилар мана шундай иддаолар билан чиқмоқда.

Президент Алмазбек Атамбаев 27 декабрда йил якуни бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон билан жамоатчиликдан сир тутилган яширин шартномалар имзоланганини иддао қилган эди:

​- Мен бошини қошиққа урдирган Ақаев эмасман (Бу ўринда Россиянинг собиқ президенти Ельцин бир учрашувда гўёки Акаевнинг бошига қошиқ билан уриб, мусиқа чалгани тўғрисидаги миш-мишларга ишора қилинмоқда - муҳаррир). Ўзбекистон билан яширин шартномалар имзолашга кўрсатма берган Бакиев ҳам эмасман. Бизда 2001 ва 2008 йилда имзоланган иккита яширин шартнома бор. Булар пайти келганда яна чиқади. Менга давлат манфаати муҳим, - деган эди президент Атамбаев.

Президент маъмурияти раҳбари ўринбосари Озодликнинг қирғиз хизматига берган сухбатида, Атамбаев айтиб ўтган давлат аҳамиятига молик мазкур шартномалар моҳияти нимадан иборат эканини айтишдан бош тортди:

- Шартномалар бор. Бироқ мен уларни айта олмайман. Бундай давлат сирларини айтиш ҳуқуқим йўқ,- деди Сапар Исаков.

Айни пайтда Сапар Исаков 2001 йилда имзолангани айтилаётган яширин шартнома Ўзбекистоннинг Сўх эксклави бўйича меморандум эканини қисман тасдиқлади.

Президент Алмазбек Атамбаев тилга олган йиллари Ўзбекистон билан чегара бўйича музокаралар олиб борган қирғиз ҳукумати комиссиясининг рахбари Саламат Аламанов хеч қандай яширин шартномалардан хабари йўқлигини айтди:

​- Мен хам эшитиб хайрон бўлдим. Бу қандай яширин шартномалар? Нимага боғлиқ? Шу сабабли бу борада ҳеч қандай маълумотим йўқ. Эндим ким билади... биз музокара олиб бораётганда ўшандай шартномалар имзоланган бўлса, бизга айтилар эди, деб ўйлайман. "Мана бундай шартнома имзоланди, шундан келиб чиқиб ишлашинглар керак", деб огоҳлантиришар эди. Бундай кўрсатма ҳам ҳеч ким томонидан берилмаган. Бу борада ўзаро сўзлашилган масалалар бўлса бордир. Бироқ буни билмайман. Бунга жавоб ҳам бера олмайман, - дейди Саламат Аламанов.

2001 йил февралда қирғиз жамоатчилигидан яширилган, бироқ журналистлар ўтказган суриштирувдан сўнг кенг жамоатчиликка маълум бўлиб кетган қирғиз-ўзбек меморандумигаимзо чекилганди. Меморандумга мувофиқ Қирғизистон Сўх анклавини Ўзбекистон ҳудуди билан боғлаш учун коридор очиб беришга рози бўлган. Ўзбекистон томони эса коридор эвазига ўз еридан бунга яраша ер ажратиб беришга рози бўлган. Саламат Аламанов мазкур меморандум давлат сири мақомига эга бўлмаганини айтди.

2001 йилги меморандум имзоланган пайтда Аскар Акаев президент, Курманбек Бакиев ҳукумат раҳбари бўлганди.

Меморандум бўйича сўзлашувларда иштирок этган собиқ Бош вазир ўринбосари Базарбай Мамбетов 2001 йил 19 февралининг эрта тонгида Ўзбекистоннинг ўша даврдаги ҳукумат раҳбари Ўткир Султонов Бишкекга кутилмаган сафар билан келгани, Ала Арча давлат резиденциясида музокаралар ўтказиб, меморандумни имзолашни Қурмонбек Бакиевдан талаб қилганини хотирлайди:

- Ўша музокараларда мен ўтирганман. Ўшанда Ўзбекистон премьер-министри “кечаги куни Каримов Акаев билан гаплашиб, Сўхни Риштон тумани билан боғловчи коридор беришга Акаевни кўндирди, шу сабабли мен учиб келдим. Иккимиз протоколга қўл қўйишимиз керак”, деди. Бакиев "Қўл қўёлмайман", деганида, “Унда мен Акаевга бораман”, деди. Акаев эса ўша резиденцияда кутиб ўтирганди, - деб эслайди Базарбай Мамбетов.

​Унга кўра, меморандумни Бакиев имзоламагач, Султонов Аскар Акаевнинг олдига кирган. У ерда Акаев Бакиевни меморандумни имзолашга мажбур қилган. Бироқ меморандум Қирғизистон манфаатларига зид бўлгани сабабли эртаси куниёқ Ташқи ишлар вазирлиги орқали Бакиев уни чақиртириб олган.

Базарбай Мамбетов "2008 йили яширин шартнома тузилган эмас, ўзбек ҳукумати олдида ҳам ҳеч ким тиз чўкмаган”, дейди:

- Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон президенти олдида хеч қачон тиз чўкмаган. Буни бизнинг президент ўзи импровизация қилиб, қўшмоқда, -,дейди Базарбай Мамбетов.

Айни пайтда Мамбетов Бакиев даврида Ўзбекистон билан сув-энергетика, газ бўйича музокараларда хатоларга йўл қўйилганини, бундай хатолар амалдаги ҳукумат томонидан ҳам такрорланаётганини қўшимча қилди.

Чегараларни делимитация қилиш бўйича ҳукумат комиссияси раиси Қурбанбай Искандаров президент Алмазбек Атамбаев тилга олган 2008 йилги яширин шартнома борасида хеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтиб: “Чегара эмас, балки бошқа масалалар бўйича шартнома тўғрисида сўз бўлаётгандир, улардан хабарим йўқ”, деди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG