Линклар

Касод бўлган жамоат транспорти, отлиққа топилмаётган кўмир ва ҳамиша оптимист Миржалол Қосимов


Миржалол Қосимов Ўзбекистон терма жамоаси Осиё кубогига яхши тайёргарлик кўрганини айтди.

Миржалол Қосимов Ўзбекистон терма жамоаси Осиё кубогига яхши тайёргарлик кўрганини айтди.

Қашқадарёда юқори мартабали молия амалдори порахўрлик учун қамалди. Фарғонада кўмир баҳоси 750-800 минг сўмга чиқди. Миржалол Қосимов миллий терма жамоа Осиё кубогига пухта тайёрланганини айтди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Ўзбекистон Президентининг давлат маслаҳатчиси парламент депутати бўлди”

Нурдинжон Исмоилов Ўзбекистон халқ демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланди (“Ўзбекистон овози”, 8 январь).

Н.Исмоилов 2012 йилдан буён Ўзбекистон Президентининг парламент масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келган.

Аввалроқ айрим сайтларда Нурдинжон Исмоилов Олий Мажлис қуйи палатасига спикер бўлиши ҳақида тахминлар илгари сурилганди.

Ўтган чақириқда Қонунчилик палатасига раҳбарлик қилган Дилором Тошмуҳамедованинг номи янги сайланган депутатлар орасида йўқ.

“Наманганда жамоат транспорти касодга учради”

Наманган шаҳрида жамоат транспорти касодга учраши оқибатида одамлар анча қиммат нархда хусусий ташувчилар хизматидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда (“Новий век”, 8 январь).

2014 йилда Наманганда ўтган “Баркамол авлод” спорт ўйинлари кунларида жамоат транспорти мунтазам қатнаган, мусобақалар якунлангач, автобуслар қатнови бутунлай тўхтаган. Қайд этилишича, “Наманган йўловчи ташиш” давлат корхонаси 11 миллиард сўмлик лизинг қарзини тўлолмаслиги оқибатида банкрот деб эълон қилинган ва корхонанинг 300 нафар ходими ишсиз қолган.

Наманган шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги жамоат транспорти бошқармаси бош мутахассиси Улуғбек Сулаймоновга кўра, жамоат транспорти ҳеч қачон фойда келтирмаган ва бунинг учун шаҳар бюджетидан дотация маблағи ажратилиши лозим.

Газетага кўра, қиммат ва хатарли саналган “Дамас”лардан безор бўлган йўловчилар автобус қатнови йўлга қўйилишини интиқлик билан кутмоқда.

“Фарғонада кўмир баҳоси 750-800 минг сўмга чиқди”

Фарғона вилоятида 1 тонна кўмирнинг нархи 750-800 минг сўмга чиқди (“Даракчи”, 8 январь).

“Битта оила қишни бемалол ўтказиб олиши учун ҳеч бўлмаганда икки тонна кўмир керак бўлади. Икки тонна кўмир олишим учун эса 1 млн 600 минг сўм сарфлашим керак. Нафақадаги одамлар учун бу ўта қиммат нарх эмасми?” дея расмийларни саволга тутади фарғоналик Валижон Мамажонов.

“Ўзбеккўмир” акциядорлик ширкатининг Фарғона ҳудудий дистрибюторлик маркази раҳбари ўринбосари Анвар Эҳсонов хусусий шахобчаларда нарх қимматлиги учун улар жавобгар эмаслигини айтган.

Айни пайтда, дистрибюторлик маркази Ўзбекистон кўмирини 125 минг 100 сўм ва Қозоғистон кўмирини 300 минг сўмдан сотаётганини маълум қилган.

“Қашқадарёда юқори мартабали молия амалдори порахўрлик учун қамалди”

Қашқадарё вилояти ғазначилик бошқармаси бошлиғи Неъматилла Чариев порахўрлик жиноятида айбланди (“Ҳуқуқ”, 8 январь).

Қайд этилишича, вилоят бошқармаси раҳбари жойлардаги бўлим бошлиқларидан ишга тайинлашлаш ёки бошқа ишга ўтказиш эвазига пул талаб қилган. Масалан, Муборак туман ғазначилик бўлими бошлиғи Отабек Сапаровни бошқа ишга ўтказиш эвазига катта миқдорда пора олган.

“Аслида унинг фаолиятидаги хатти-ҳаракатларни “қинғирлик” деган биргина сўз ёрдамида ифодалаш қийин. Унинг фаолияти асосида давлат мулкини талон-тарож қилиш ва фуқароларни алдаш, уларнинг ҳақига хиёнат қилиш каби кечириб бўлмас жиноятлар мавжуд”, деб ёзади Қашқадарё прокуратураси расмийси Ҳамза Бобожонов.

Маълум қилинишича, Н.Чариев 6 йилга озодликдан маҳрум этилган ва энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида жаримага тортилган. Суд уни 3 йилга мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилган.

“Миржалол Қосимов келишилган ўйинларни футбол ривожига тўсиқ деб атади”

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов келишилган ўйинларни футбол ривожига тўсиқ деб атади (“Оила даврасида”, 8 январь).

Ўзбекистон олий ва қуйи лигаларидаги келишилган ўйинлар рўй бераётгани ҳақидаги саволга мураббий “Бундай ҳолатни кўзим билан кўриб, қўлим билан ушламаганман. Агар бу бор бўлса, жуда ҳам ёмон”, дея жавоб берган.

Австралиядаги бошланаётган Осиё кубоги-2015 мусобақаси бўйича гапирган мураббий жамоанинг тайёргарлигидан қониқиш ҳосил қилгани ва бу самара бераши лозимлигини ишонч билан таъкидлаган.

“Вояга етмаганлар дориси рекламаси учун махсус рухсатнома олинади”

Ўзбекистонда 18 ёшга тўлмаган шахсларга мўлжалланган дори-дармон рекламаси учун Соғлиқни сақлаш вазирлигидан махсус рухсатнома олиш талаб этилади (“Адолат кўзгуси”, 8 январь).

Вазирлар Маҳкамаси 2014 йил 15 декабрда тасдиқлаган “Вояга етмаганлар учун мўлжалланган дори воситаларини реклама қилишга рухсатнома бериш тартиби тўғрисида”ги низомда ана шу талаб илгари сурилган.

Вазирликка рухсатнома олиш учун реклама берувчи ариза ва ҳужжатлар билан мурожаат қилади. Реклама қилинаётган ҳар бир дорига алоҳида рухсатнома олинади.

“Нуротадаги ноёб алқорлар камайиб бормоқда”

Навоий вилояти Нурота давлат қўриқхонасида ноёб алқорлар камайиб бормоқда (“Ҳуррият”, 7 январь).

Қўриқхона мутасаддиларига кўра, 1996-97 йилларда 2 мингтача алқор бўлган, аммо ўша йил қиш қаттиқ келиб, уларнинг 200 тачаси нобуд бўлган. Бундай аянчли ҳолат кейинги йилларда ҳам кузатилган. Бугунги кунда алқорлар сони 1500-1600 атрофида.

Нурота тоғидаги алқорлар ёввойи қўйларнинг энг кенжа тури бўлиб, фақат Ўзбекистонда сақлаб қолинган. Газетага кўра, ушбу ноёб жониворларни асраш нафақат қўриқхона нозирлари, барчанинг бурчидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG