Линклар

Франция полицияси Парижнинг шимолий-шарқидаги Даммартэн-ан-Гёль туманига яширинган ака-ука Қуашийларни қуршаб олди.

Бу ҳақда Франция Ички ишлар вазирлигининг матбуот котиби маълум қилди.

Полиция Қуашийлар билан музокара олиб бораётгани хабар қилинди.

Air France маълумотига кўра, қуашийларни ушлаш тадбирида қатнашаётган вертолётларнинг осмонда кўплигидан иккита йўловчи самолёт учиб, қайтиб тушишга мажбур бўлган.

Ушбу ҳудуддаги мактаблар ёпилган ва аҳолидан уйларидан чиқмаслик сўралган.

8 январь куни икки гумонланувчи Париж четидаги ёқилғи қуйиш шохобчасини тунаб кетганидан сўнг ушбу бинога яширинган.

Кеча ака-укалар билан отишма пайти бир полициячининг ҳалок бўлгани ва бир неча киши жароҳатлангани хабар қилинганди. Бироқ 9 январь куни бу хабар инкор қилинди.

Полиция маълумотига кўра, Қуашийлар камида бир кишини гаровга олган. Гаровдаги шахс аёл киши экани айтилмоқда.

Муҳаммад Пайғамбарга карикатура эълон қилган Париждаги Charlie Hebdo сатирик журналига 7 январь куни қилинган ҳужумда 12 одам ҳалок бўлиб, 11 одам яраланган эди. Қуашийлар ушбу ҳужумни уюштирганликда гумонланмоқда.

XS
SM
MD
LG