Линклар

logo-print

11 январь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида мусулмон қочқинларга нисбатан содир этилаётган жиноятларга қарши норозилик акцияси ўтказилди. Тадбир иштирокчилари Марказий Осиёда мусулмонларга кўрсатилаётган босимлар, муҳожирларга нисбатан уюштирилаётган суиқасдлардан баҳс этиб, турк расмийларидан туркистонлик муҳожирларга қардошларча муносабатда бўлишни талаб қилдилар.

Истанбулнинг Фатиҳ Сарачхане паркида якшанба куни ўтказилган норозилик тадбирида туркиялик ва туркистонликлардан иборат 1000 дан зиёд киши қатнашди. Бу ҳақда Озодликка тадбир ташкилотчиси бўлган “Туркистон-Дер” жамияти Бош котиби Олим Ўқтой Чатқал маълум қилди.

Унинг айтишича, норозилик тадбири уюштирилишига ўтган ойда Истанбулда ўзбекистонлик имом Абдуллоҳ Бухорийга нисбатан уюштирилган суиқасд туртки бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Абдуллоҳ Бухорий ўтган йилнинг 10 декабрь куни Истанбулнинг Зейтунбурну мавзеида отиб кетилганди. Бу суиқасд қабатида Қирғизистон, Россия ва Швеция каби мамлакатларда ўзбек имомлари ва мухолифатчиларига қарши амалга оширилмиш ҳужумларни тилга олган Олим Ўқтой Чатқал бугунги намойишда бир қанча талаблар янграганини айтади.

- Биринчиси – Туркистон жумҳуриятларида бўлган сиёсий ва диний босимларга қарши, шу зулмларни, жиноятларнидунёга эълон қилиш. Иккинчиси – Туркияда яшаган туркистонлик қочқинлар, муҳожирларга яхши муомала қилишни талаб қиламиз турк расмийларидан. Чунки улар бизнинг ўз қардошларимиз бўлган кишилардир. Шунинг учун уларга бошқа бегоналарга қилингани каби муомала қилиш тўғри эмас. Визаси тугаган ёки иқомат муддати тугаб қолган кишиларни Ўзбекистонга, Тожикистонга ёки бошқа босим бўладиган жойларга депорт қилиш аслида бир зулм ва жиноят бўлади. Биз турк расмийлари туркистонлик муҳожирларга ансор бўлишсин, деб талаб қиламиз, - деди “Туркистон-Дер” жамияти Бош котиби.

Олим Ўқтой Чатқал бугунги тадбирга матбуот ва телевидениедан кўплаб вакиллар келганини таъкидлаб, улар воситасида ўз талаблари турк расмийлари ва жамоатчилигига етиши ҳамда ўз таъсирини кўрсатишига ишонч билдирди.

“Туркистон-Дер” жамияти Бош котибига кўра, “Етар! Ўзбекистон ва Россиянинг муҳожирларга қарши қаратилган жиноятларига норозилик билдирамиз” шиори остида ўтказилган бугунги тадбир қатор мақсадларни кўзлаб ўтказилган.

- Биринчиси, ўша жумҳуриятларда (мусулмонларга нисбатан) бўлган катта зулмларга диққат қаратишдир. Иккинчиси (фақат Туркиядаги) бир киши эмас, Европада, Қирғизистонда бўлган суиқасдларга эътибор қаратиш учун қилганмиз, - деди Олим Ўқтой Чатқал.

Эслатиб ўтамиз, бундан бир неча йил муқаддам Қирғизистонда имом Муҳаммадрафиқ Камолов ва журналист Алишер Соипов, Россияда имом Исомиддин Акбаров ва мухолифатчи Фуад Шокирий, Швецияда эса имом Обид қори Назаровга нисбатан суиқасдлар уюштирилганди.

Истанбулдаги норозилик намойиш иштирокчилари бу суиқасдлар Ўзбекистон ва Россия истихборат хизматлари томонидан ҳамкорликда амалга оширилган, деган қаноатдалар.

Қуйида Истанбулдаги намойишда олинган фотосуратлар билан танишишингиз мумкин:​

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG