Линклар

Берлинда Украина бўҳронига доир ташқи ишлар вазирлари даражасидаги учрашув ўтказилмоқда


Бугун Берлинда Украина, Россия, Германия ва Франция ташқи ишлар вазирлари учрашади. Украина бўҳронидан чиқиш масласига бағишланган сўзлашувлар айни масала хусусида жорий ҳафта Қозоғистон пойтахти Остонада айни давлат етакчилари иштирокида ўтказилиши кутилаётган саммитдан олдин уюштирилмоқда.

Германия Канцлери Ангела Меркель ўтган шанба куни Россия Президенти Владимир Путин билан телефон суҳбати чоғида 15 январга белгиланган саммит 5 сентябрь сулҳ битимига амал қилинсагина, ўтказилишини билдирди.

Минскда имзоланган сулҳ деярли кундалик равишда бузилмоқда ва ўтган йилнинг апрель ойидан бери Украина шарқида россияпараст айирмачилар билан ҳукумат қўшинлари ўртасидаги қуролли тўқнашув оқибатида 4700дан ошиқ одам ҳалок бўлди.

Франция Президенти Франсуа Олланд ҳам тинчлик ўрнатиш томон реал натижага эришиш имкони бўлсагина, Остона саммитида қатнашишини билдирган.

Россия ҳам Остона саммити ўтказилмаслиги эҳтимоли бор, демоқда. 12 январь куни Ведомости газетаси Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг “тайёргарлик ишлари давом этмоқда... ва кейинги қадамларимиз натижаларга боғлиқ бўлади”, деган сўзларидан иқтибос келтирди.

XS
SM
MD
LG