Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:58

Блог: Янги “Кирзбекистон” давлати – Ўзбекистонга теп-текин реклама...


"Кирзбекистон"нинг Твиттердаги саҳифасидан скриншот.
"Кирзбекистон"нинг Твиттердаги саҳифасидан скриншот.

Эшитдингизми, дунё харитасида “Кирзбекистон” деган янги давлат пайдо бўлди. Хабарим йўқ дейсизми? Ээ, саломат бўлсинлар, шундай воқеадан ғофил қолибсиз-да. Ўша ҳангомани мухтасар сўзлаб берай бўлмаса.

New York Times газетаси мухбири Жон Бранч саргузаштталаб спортчи Томми Колдуэлга бағишланган мақоласида Қирғизистонни адашиб “Кирзбекистан” (Kyrzbekistan) деб ёзворди. Ҳамкасблар ва муштарийлар журналистга ўша заҳоти танбеҳ беришди, таҳририят узрхоҳлик қилди.

(Боёқиш Жон Бранч ҳам тоза тавбасига таянгандир, энди ҳатто киндик қони тўкилган мамлакат номини уч қайта текшириб ёзса, ажаб эмас.)

Зийрак вебоманлар бўлмаганида журналистнинг хатоси эсдан чиқиб кетиши тайин эди. Лекин тиниб-тинчимаган блоггерлар шундай имкониятни қўлдан чиқарармиди, ана энди кўринг вебистондаги текин томошани!

Бир гуруҳ вебоманлар эран-қаран хаёлий Kyrzbekistan давлатига асос солишди. Бир зумда Твиттер, Фейсбукда янги давлатнинг расмий саҳифаси очилди.

Кўз очиб юмгунча, Кирзбекистоннинг миллий мадҳияси, бинойидек байроғи ижод қилинди, яна-тағин росмана чегаралари чизиб чиқилди.

(Ажабо, бир ош дамлагундек вақтда давлат тузиш мумкин экан-ку, фаластинликлар ярим асрдан бери сарсон бўлиб юрганини қаранг!)

Интернетдаги бекорхўжаларга отнинг қашқасидек таниқли Nation States ўйини сайтида ҳам Кирзбекистоннинг махсус саҳифаси ташкил қилинди.

Ҳотамтой блоггерлар журналист Жон Бранчга хаёлий давлатнинг фахрий президенти ёрлиғини қўшқўллаб топширишди.

Хаёлий Кирзбекистон давлатининг “меъмор”лари тарқатган маълумотларга қараганда, мамлакат пойтахти – Бишкент. Давлат раҳбари – Кирзбекбоши. Тузуми – республика. Ўзи дўппидеккина ҳудудни эгаллаган-у, аҳолиси хўб баракали – олти миллион.

Мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммонинг ўзи йўқ: аҳоли овоз беришдан бўлак жамики ҳуқуқлардан маҳрум!

Раият даромадининг 56 фоизини солиқ сифатида ғазнага топширади. Хусусий корхоналар фаолияти тақиқланган, аммо мамлакатда пиццанинг йирик қора бозори бор.

Ёш давлат хорижга электр энергия, жун ва... мўйлов экспорт қилади.

Одамларнинг от, туя ҳамда қўтосга меҳри баланд.

Узунқулоқ даракларга қараганда, президент Владимир Путин Кирзбекистондаги русийзабон аҳолининг аҳволидан хавотирда.

Сўнгги жосуслик хабарларига ишонилса, Нурсултон Назарбоевга мушовирлик қилиб чўнтак қаппайтирган Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр энди Кирзбекбошининг пинжига кирмоқчи.

Хуллас, вебоманларнинг куни туққан: виртуал оламда ўзлари яратган хаёлий давлатга оид ҳазиломуз таъриф-тавсифларни беармон ёзишяпти.

Дарвоқе, New York Times газетаси мухбири Жон Бранчнинг биргина хатосини деб унинг гўрига ғишт қалашга шошмайлик.

Аввало, ҳамма ҳам хатога йўл қўяди. Буёғини сўрасангиз, Ленин ҳам адашган.

(Ўзимиз ҳам гоҳида Доминикана ва Доминика, Нигер ва Нигерия бошқа-бошқа давлат эканини унутиб қўямиз-ку. Ё нотўғрими?)

Муҳими, хато вақтида тан олиниб, бартараф этилди-ку!

Қолаверса, америкалик журналистнинг Қирғизистон ва Ўзбекистонни омухта қилиб янги давлатга асос солиб юборгани айни муддао! Ўзбекистон ва Қирғизистон учун теп-текин реклама! Шу баҳона жуғрофияга тоби йўқ ажнабийлар ҳам Марказий Осиё давлатларини яхшироқ таниб олади энди...

Озодлик муштарийси

XS
SM
MD
LG