Линклар

logo-print

Каттақўрғон шаҳрида яшовчи 14 яшар қизча 76 яшар бобосини пул бермагани учун болта билан чопиб ўлдирганликда айбланаяпти. Ушбу ишни кўраётган Самарқанд вилояти жиноят ишлари суди 15 январь куни қизчага нисбатан ҳукмни эълон қилиши кутилмоқда.

14 яшар қизча ва унинг бобоси исм-фамилияси Озодликка маълум, лекин маҳкама жараёни якунланмагани боис, уларнинг шахсига оид маълумотлар очиқланмаётир.

Воқеа ўтган йилнинг 18 сентябрь куни эрталаб Каттақўрғон тумани, Қушбеги маҳалласида содир бўлган.

Самарқанддаги ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлайдиган манбага кўра, ўша куни бобосиникига меҳмонга борган 14 яшар қизча қотилликка қўл урган:

“Қизнинг ўзи Каттақўрғон шаҳри Дўстлик маҳалласида яшайди. Туманнинг Қушбеги маҳалласида эса унинг бобоси яъни онасининг отаси яшайди. Ўша куни қизнинг бобосига пенсия пули берилган ва қизча кўйлак олиш учун бобосидан пул сўраган. Бобоси пул бермаган. Бобосининг пулни сандиққа қўйганини кўрган қиз яширинча бориб пулни олмоқчи бўлган. Бобоси буни кўриб қолиб, уришган. Қизча шу атрофда ётган пичоқни олиб бобосига икки марта санчган. Бобосининг ерга йиқилиб, хириллаб ётганини кўрган қиз унинг бошига қоп кийгизиб, болта билан бир неча бор чопган”, деди манба.

Айблов хулосаси билан танишган манбага кўра, қизча воқеа жойидан қочиб, онасининг ёнига борган ва онаси қизини синглисиникига яширган:

“Онаси қизининг жиноятини яширишга уриниб, уни холасини уйига жўнатган. Лекин тезкор-тергов гуруҳи олиб борган тадбирлар натижасида қотиллик зудлик билан очилди. Қизнинг ўзи дастлабки тергов пайтида аввалига инкор қилиб туриб, кейин бобосини ўлдирганини тан олган”, деди Самарқанд ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба.

Ушбу воқеа тафсилотларидан хабардор Каттақўрғондаги Озодлик манбасига кўра, 14 яшар қизча бўйича очилган жиноий иш бўйича тергов жараёни якунланиб, ўтган йилнинг декабрида иш судга оширилган.

Манба аниқлаган маълумотларга кўра, қизча иши бўйича маҳкама ҳозирда Самарқанд вилояти жиноят ишлари судида давом этмоқда ва суд ҳукми 15 январь куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Самарқанд вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, 14 яшар қизча руҳан соғлом бўлиб, унинг оиласи кам таъминланган оилалар рўйхатида туради. Қизнинг отаси гўрков, онаси эса нонвойлик билан шуғулланади.

Ҳокимликдан олинган маълумотга кўра, оиладаги иқтисодий етишмовчилик ортидан қизча 5-синфдан кейин мактабга умуман бормаган.

“Бу оиланинг жами еттита боласи бор. Бу қиз фақат 5-синфгача мактабга борган. Кейин эса онасига кўмаклашган. У онаси ёпган нонларни кўчага чиқариб сотиш билан шуғулланиб келган. Қизнинг мактабга бормаганига на мактаб, на маҳалла эътибор берган. Шаҳардаги 16-мактабга фақат 5-синфгача қатнаган. Ушбу воқеадан сўнг қизнинг ўқишига беътиборлик қилган шахсларнинг барчаси жазоланди”, деди Самарқанд вилоят ҳокимлигидаги манба.

Вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, бобосини ўлдирганликда айбланаётган 14 яшар қизча воқеасидан сўнг Каттақўрғон шаҳар Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғини раҳбари ва Каттақўрғон тумани Қушбеги маҳалла оқсоқоли ишдан олинган. Шунингдек, Каттақўрғон шаҳар халқ таълими бошлиғи ҳам ишдан бўшатилган.

XS
SM
MD
LG