Линклар

Каримов "7 марта ўлчаб 1 марта кесилган депутатлар"ни табриклади


Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг янги депутатлари президентнинг ўгитларини қунт билан конспект қилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг янги депутатлари президентнинг ўгитларини қунт билан конспект қилмоқда

Президент Каримов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 12 январь куни ўтказилган биринчи ташкилий йиғилишида янги сайланган депутатлар олдида нутқ сўзлади.

Одатда, Каримов нутқ сўзлар экан, аввалдан тайёрланган матндан чиқиб кетади ва у кишининг жонли нутқи билан кейин эълон қилинадиган расмий матн орасида катта фарқ бўлади.

Бу гал ҳам шундай бўлди. Мамлакат раҳбари айтган гапларнинг ҳаммаси ҳам ЎзА эълон қилган расмий матнда акс этмади.

Президент нутқининг телевидение олиб кўрсатган варианти билан ЎзА эълон қилган расмий матнни қиёслаб кўрган одам фарқни илғаши мумкин.

“Аълочи депутатлар”

Бевосита нутққа тўхталишдан олдин, бошқа бир гап: телерепортажда кўзга ярқ этиб ташланадиган ҳолат, янги депутатларнинг, президент иштирок этадиган бошқа барча издиҳомларда бўлгани каби, гапирувчига тик қараб эмас, балки қўлидаги дафтарга тикилиб, унга бир нарсалар ёзиб ўтирганидир.

Ҳеч йўқ Биринчи йиғилишда яйраб-яшнаб ўтириш ўрнига депутатлар тиришқоқ талабадай "лекторнинг гапини конспект қилиб ўтирганлари" ғалати кўринди.

Ташқи қарз

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи қанчалигини, агар бу масала юзасидан махсус тадқиқот ўтказган мутахассис билмаса, шу пайтгача ҳеч ким билмас эди.

Кечаги нутқида президент собиқ иттифоқдош республикалардан кўпининг ташқи қарзи кўпайиб кетганини айтар экан, “Ўзбекистоннинг ташқи қарзи тўғрисида сўрасангиз агар, ҳаммаси бўлиб 14 фоиздан ялпи ички маҳсулотдан ошмайди. Бу жуда паст", деди.

(Бу масалани OzodNazar эшиттиришида тошкентлик иқтисодчи Ғолиббек Холназаров билан гаплашдик)

Президент президент сайлови тўғрисида индамади ёки 7 марта ўлчаб 1 марта кесилган депутатлар

Маълумки, Ўзбекистонда яна салкам икки ярим ойдан кейин президент сайлови бўлади. Бас, шундай экан, Ислом Каримовнинг бу мавзуда бирон гап айтишини кутиш табиийдир. Лекин бу ҳақда у киши бир нарса демади.

Агар, албатта, у кишининг мана бу гапини ҳисобга олмасак:

“Мен кўпчилик ўтирганларни яқиндан билмасамам, бугун сизларнинг очиқ чеҳрангизни кўриб, худди бир, нима дейди, ўзбекона гапирадиган бўлсак, исторангиз иссиқ бўлганини кўриб, худдики ўзимни сизлар билан кўпдан бери таниш бўганимни ўзимга маъқул топаяпман ва шу фурсатдан фойдаланиб, ўзимга ўзим савол бераяпманки, бу нимани дараги? Бу авваламбор ўзаро бир биримизни яхши тушунганимиз, бу авваламбор халқимиз, сайловчиларимиз сизларни сайлаганда авваламбор сизларни жуда чуқур ўйлаб 7 марта ўлчаб 1 марта кесганини, энг аввало сизлар мана шундай катта бир вазифани ўз зимманигизга олганингизни жуда чуқур ҳис қилаётганингизни сезганингизни ва ўзаро бир биримизга йўлдош бўлишимизни, ҳамкор бўлишимизни ва сизлар билан бирга ишлашни ман тайёр бўлганимни сизларга эълон қилмоқчиман”.

Президентнинг юқоридаги одатдагидай ғализ нутқи кўчирмасини тушунмаган бўлсангиз, худди шу парчанинг ЎзА эълон қилган расмий матндаги варианти билан танишинг:

“Мен кўпчилик мана шу муҳташам залда ўтирганларни яқиндан билмасам ҳам, бугун сизларнинг иссиқ юзингизни, очиқ чеҳрангизни кўриб, ўзимни худдики сизлар билан яқиндан танишгандек ҳис қилмоқдаман.

Ҳар қайси инсоннинг ҳаётида унинг хаёлида, хотирасида умрбод сақланиб қоладиган унутилмас воқеалар бўлади.

Сизларнинг барчангиз учун бугун ана шундай катта хурсандчилик куни, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Сизлар муяссар бўлган, юртимиз ҳаётида улкан воқеа бўлган бундай шарафга эришиш, яъни, халқ вакили бўлиб, беш йил давомида парламентда иш олиб бориш, сайловчилар билдирган юксак ишончни оқлаш – бу катта бахт, шу билан бирга, катта масъулият демакдир”.

****

Қуйидагиларни ЎзА ахборот агентлигига кириб, президент нутқи расмий вариантини эринадиганлар ўқисин:

Президент нега гапирди?

Чиқишидан асосий мақсади Олий Мажлиснинг аввалги таркибида иш олиб борган депутатлар фаолиятига баҳо бериш, янги сайланган парламентнинг вазифалари ҳақида сўз юритиш эмаслигини, мақсади “мамлакатни замон талаблари асосида, барқарор суръатлар билан тараққий эттириш, бунинг учун кенг кўламли демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, шу борада олдинда турган энг долзарб масалалар ҳақидаги айрим фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашиш” эканлигини айтиб ўтди.

Замон қалтис

Шу гапдан кейиноқ Ислом Каримов замоннинг “ғоят мураккаб, таҳликали ва қалтис” эканлиги тўғрисида гапира бошлади ва нутқини эшитаётганларни “огоҳ, сезгир ва сафарбар бўлиб яшаш”га чақирди.

Етилган манзил

Депутатларни огоҳликка чақирган президент Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан (“совет” сўзини тилга олмади) бери ўтган 23 йил натижалари ҳақида гапирди ва деди:

“…халқимизнинг машаққатли ва фидокорона меҳнати ҳисобидан эришаётган ютуқ ва марраларимизни дўстларимиз ҳам, мухолифларимиз ҳам тан олмоқда, ислоҳотларимиз самарасини жаҳон ҳамжамияти эътироф этмоқда. Баъзи давлатлар, қани, биз ҳам шундай натижаларга эришсак, деб бизга ҳавас билан қараётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас”. Президентга кўра, собиқ иттифоқдош айрим республикалар Ўзбекистон анча ортда қолиб кетган.

Ислом Каримовнинг айтишича, Ўзбекистон “Мен минтақада биринчиман, мен дунёда биринчилар қаторидаман” деган мақтов сўзларни ишлатмасдан туриб <...> халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада юксалтириш бўйича улкан, айтиш мумкинки, асрларга тенг бўлган йўлни босиб ўтди”.

Ёзувчиларга топшириқ

Ислом Каримовнинг фикрича, ўзбек адиблари олис ўтмиш тўғрисида кўп китоблар ёзган, лекин мустабид тузум (Совет даври – таҳр.) даврида халқ ўз бошидан кечирган азоб-уқубатлар ҳанузгача тўла очиб берилмаган. “Мактабларимизда, лицей ва коллежларда, олий ўқув юртларимизда айни шу мавзуларни холис ва ҳаққоний ёритиб беришга янада кўпроқ эътибор қаратишимиз керак. Бунинг учун аввало мустақилликка эришиш арафасидаги оғир кунларни бевосита кўрган, шу воқеаларнинг гувоҳи бўлган одамларнинг эсдалик ва хотираларини ёзиб олиш зарур”, деди Каримов.

Конституция кунидаги гапнинг такрори

Мамлакат Асосий қонунининг 22 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда Ислом Каримов нутқнинг расмий матнидан чиқиб кетиб, ўзбекистонликлар орасида СССРни қўмсаш кучайиб бораётгани эътироф этган, бундай кайфиятларни зарарли, деб билишини таъкидлаган эди.

Ўша гап бу гал расмий матнга киритилди. “Биз эски тузумни тиклашга қаратилган ҳеч қандай иттифоққа ҳеч қачон кирмаймиз, мустабид совет даврига асло қайтмаймиз”, деди Каримов ва ўзининг мамлакат тарихидаги ролини мана бундай белгилади: “Шахсан мен бутун ҳаётимни, бутун умримни халқимизнинг озодлигига, Ватанимиз мустақиллигига бағишладим ва бу йўлдан ҳеч қачон қайтмайман”.

“Ўзбек модели”

Каримовга кўра, Ўзбекистон “иқтисодий мустақилликка эришмасдан туриб сиёсий мустақилликка эришиб бўлмайди”, деган принципдан келиб чиқиб, турли масалаҳатчиларга қулоқ солмади;

“бир эшикка киришдан олдин чиқишни ўйлаш керак, деган мақол”ни унутмади;

“қарз ҳисобида олган сармояларни қаёққа ишлатишни олдиндан пухта ўйламасдан, аниқ стратегик лойиҳаларни амалга ошириш ўрнига бошқаларга ўхшаб, еб қўймади”;

Стратегия ҳақида

Каримовга кўра, Ўзбекистон “ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти қуришга қаратилган олис ва оғир йўлнинг фақат бир қисминигина босиб ўтди, холос. Унинг ҳал қилувчи қисми ҳали олдинда”.

Каримов яна деди: “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ўрта ва узоқ истиқболда биз учун келажак Стратегияси бўлиб хизмат қилмоқда, аниқ йўлни кўрсатмоқда”.

Ориентирлар ҳақида

Каримов: Бугунги кунда қайси давлат юксак тараққиётга эришган бўлса – бу Жанубий Корея ёки Япония бўладими, Европа давлатлари бўладими – буларнинг барчасидан ўрганиш керак.

Мафкура ҳақида

Каримов: Биз учун ягона мафкура – бу Ўзбекистоннинг тараққиёти, Ўзбекистоннинг равнақи, Ўзбекистоннинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслигидир.

Ташқи сиёсат ҳақида

Каримов: “…давлатимизнинг ташқи сиёсат стратегиясига амал қилган ҳолда, турли сиёсий-ҳарбий блокларга қўшилмаймиз, ўз ҳудудимизда хорижий ҳарбий базалар ташкил қилишга йўл қўймаймиз. Бизнинг мақсадимиз битта, у ҳам бўлса, юртимизда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, узоқ ва яқин қўшниларимиз билан тил топишиб, аҳил ва иноқ бўлиб яшашдан иборат”.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG