Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:01

Петербурглик журналист Тошкентдан Ўзбекистонни юрагига жойлаб қайтди


Петербурглик фотосуратчи, журналист ва блогер Алексей Смишляев
Петербурглик фотосуратчи, журналист ва блогер Алексей Смишляев

Кўплаб россияликлар тасаввурида Ўзбекистон мигрантларнинг саҳрода жойлашган қолоқ маконидир.

Ўзбекистонга саёҳатидан қайтган петербурглик фотосуратчи, журналист ва блогер Алексей Смишляев сафардан олган таассуротларини Озодлик билан ўртоқлашди.

Алексейнинг фикрича, қотиб қолган тасаввурларидан қутулиш учун россияликлар гўзал ва бебаҳо тарихий-меъморий обидаларга бой Ўзбекистонга кўпроқ боришлари керак.

Декабрда “Ўзбекистон: Эртак ва ҳақиқат” сарлавҳаси остида Интернет майдонининг ўзбек сегментида энг кўп ўқилган-кўрилган фотоблог пайдо бўлди.

Қачонлардир биз бир мамлакат, бир оила эдик. УЛАР эндиликда БИЗНИНГ мамлакатимизда меҳмон. Аммо улар дам олишга келгани йўқ. Улар бу ерда ишлашади. Биз эса улардан қўрқамиз, улар тўғрисида нобоп тасаввурларни яратамиз ва ҳақорат қилувчи ҳазилларни тарқатамиз...”, деб бошланган лавҳа муаллифи таниқли петербурглик фотосуратчи, блогер ва мустақил журналист Алексей Смишляевдир.

Алексей 2014 йил охирларида Ўзбекистонга қилган биринчи сафари ва бу мамлакат тўғрисидаги тасаввурлари қай даражада ўзгарганини Озодликка гапириб берди.

“Фотоаппаратура билан бирга мен Ўзбекистон тўғрисидаги нотўғри тасаввурларни ҳам кўтариб бордим”

Алексей Смишляев Тошкентда ҳар йили ўтказилувчи фотоанжуманлардан бирига таклиф этилгани ва шу фурсатдан фойдаланиб Ўзбекистонни томоша қилиб келганини айтади.

- Яъни у ерга мен муайян мақсад билан бордим. Аммо, тўғриси, Ўзбекистонга бориш ниятим анчадан бери бор эди. Бу менинг биринчи саёҳатим бўлди. Бизнинг жамиятимизда мигрантлар ҳақида шундай тасаввурлар борки, мен шахсан бунга мутлақо қаршиман. Кўплари мигрантлардан қўрқади, бизда эса “гастарбайтер”ларнинг асосий қисми Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларидир. Бу тасаввурларга кўра, улар кам саводли, ўз юртида бирор нарсага эриша олмасдан бизнинг юртимизга келиб ишлашади, тозаликка риоя қилмайди, жиноятга мойил. Масалан, бошқа мамлакатларда “Россияда ҳамма балалайка чалиб, айиқлар билан қучоқлашиб юради” деган фикрда, дея кулади Алексей.

“Ўзбекистон тўғрисидаги менинг янглиш тасаввурларим каптарлар каби ҳар томонга тарқаб кетди. Мен Ўзбекистонни унинг камчиликлари ва ютуқлари билан бирга доимий ёруғликда кўрдим. Унинг ёруғлиги ёмғирларнинг камлигидан эмас. Унинг ёруғлиги чеҳраларнинг хайрихоҳлиги, самимий ҳис-туйғулар ва юракка босилган кафтлардан иборатдир” (“Ўзбекистон: Эртак ва ҳақиқат” лавҳасидан).

Ҳайратга солган нарсалар

Алексей Ўзбекистонда уни кўп нарса ҳайратга солгани, аммо биринчи навбатда одамлар қизиқтирганини гапиради.

- Мени ҳайратга солган энг биринчи нарса – одамлар мен билан турли тилларда суҳбатлаша олгани! Бунақаси ҳатто бизда йўқ: бемалол рус тилида, она тилида, боз устига инглиз тилида ҳам гаплашиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Ялпи тозалик мени, ростини айтсам, ҳайрон қолдирмади, чунки мен ўзбекларнинг ўта тозалиги тўғрисида кўп эшитганман. Тошкент шаҳрининг яшиллиги, кенглиги, ёруғлиги ва, энг аввало, замонавийлиги ҳайратга солди. Чунки Ўзбекистон деганда мен тарихий, қадимги, шарқона шаҳарни, масжидларни учратаман деб ўйлагандим, дейди россиялик сайёҳ.

Алексей Смишляев маҳобатли Тошкент ва ҳақиқий Шарқ кўркига эга Бухорога борганини эслайди.

“Бухоро мутлақо ўзгача шаҳар. Ўзбекистонда бўлиб, бу шаҳарга бормаслик – жиноят! Бу ерда ҳам марказда, ҳам чекка туманларда тозаликка қаттиқ риоя қилишади. Супурги кўтарган одам – одатий ҳол” (“Ўзбекистон: Эртак ва ҳақиқат” лавҳасидан).

Ёқмаган нарсалар ҳақида

Биз Алексейдан унга ёқмаган нарсалар ҳақида ҳам сўрадик.

- Ёқмаган нарсалар кўзга ташланганда эди, мен уларни албатта ўз блогимда акс эттирган бўлардим. Мен ҳақиқатни яшириш тарафори эмасман. Масалан, бизда, Питерда, бозорда одамларни шунчаки расмга олиш мушкул: одамлар бунга салбий қарайди. Ўзбекистонда эса фотога олиш муаммо эмас! Кўпчилик Россияда мендан “Нега сен Ўзбекистон сиёсий режими тўғрисида ёзмадинг?”, деб сўрашаяпти. Тўғриси, мен буни сезмадим. Бир маротаба - метрода расмга тушураётганимда – милиция ходими келиб, одоб билан расмга туширмасликни сўради. Ҳа, у ерда милиция ходимларини расмга тушурмасликни сўрашди. Ваҳоланки, сафаримдан олдин биладиган бир одам мени Ўзбекистонда фотосурат олиб бўлмайди, деб огоҳлантирган эди, гўё у ерда бунга тақиқ бор, деб. Бирор маротаба тўхтатишгани йўқ! – дейди расмга олаётганида маҳаллий расмийлар қаршилигига учрамаганини маълум қилган фотоблогер Алексей.

Шунга қарамасдан, нонвойлар нон билан пулни бир жойда сақлаётганидан бироз кўнгли ғаш бўлганини ҳам эслади.

“Мана, сотилаётган нонлар олдида пул ётибди. Санитарияга хилофми? Бўлиши мумкин, аммо Совет Иттифоқида бу одатий ҳол эди. Маҳаллий милиция ходимлари жуда жиддий кўринади, ўзларини суратга олишга рухсат бермайди ва ҳамма ёқни кузатиб боради” (“Ўзбекистон: Эртак ва ҳақиқат” лавҳасидан).

Сиёсий суҳбатлар тўғрисида

Алексей маҳаллий ўзбекларни нарх-наво жуда қизиқтиришини аниқлаганини айтади. У Ўзбекистонда мутлақо сиёсий масалалар кўтарилмаганига ҳайрон қолдим, дейди.

- Биз маҳаллийлар билан асосан анъанавий бўлган у ёки бу буюмнинг нархи тўғрисида суҳбатлашдик. Негадир сиёсат тўғрисида ҳеч ким сўрамади. Украинадаги воқеалар бўлаётган бир пайтда мен Ўзбекистонда ҳам сиёсий масалалар кўтарилиши, “Россиянинг пропагандаси кучлими ёки Украинаникими?” каби мураккаб саволлар берилишини кутган эдим. Маълум бўлдики, бу масалалар уларни умуман қизиқтирмас экан: у ерда уруш кетаётганини эшитишган, аммо улар Украинами ёки Россия тарафидами – буниси сезилмади, дейди журналист.

“Маҳаллийларнинг динга бўлган муносабати ортодоксал эмаслигига эътиборингизни қаратмоқчиман. Ҳеч ким бировга босим ўтказмайди, камсуқум ва боодоб, ҳеч ким намоз ўқишга бошқасини мажбурламайди. Кўчада танишиб қолган бир ўзбек, “Бизда ҳеч ким ҳеч кимни мажбурламайди”, деди”. (“Ўзбекистон: Эртак ва ҳақиқат” лавҳасидан)

Алексей Смишляев билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:22 0:00
Бевосита линк

Режада - Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларига саёҳат

- Эндиликда Ўзбекистон деганларида кўз олдингизда нима гавдаланади?” Бу саволимизга жавобан россиялик фотосуратчи Алексей Смишляев деди:

- Қуёш, нур ва табассумларнинг кўплиги! Сўзсиз, менинг энг ранг-баранг таассуротларим Бухорога қилган сафаримдан қолди. Шарқ саси ва афсонавий сеҳрига эга Бухоро анчагача кўз олдимда туради. Менинг кейинги саёҳатим Самарқанд ва Хивага бўлади, деди ишонч билан Озодлик билан суҳбатда петербурглик мустақил журналист Алексей Смишляев.

“Мен қурол ясовчи бир қария билан танишдим. Менга пичоқ сота туриб у: “Яхши хизмат қилади. Ёқмаса – ўн йилдан кейин бўлса ҳам келавер – алмаштириб бераман”, дея келажакка ишончини намойиш қилди... Мен Бухоро аэропортидан кечаси соат учда учдим. Кўкракка босилган кафт остида юрак урарди. Бу юракдан эса олдин у ерда бўлмаган Ўзбекистон ўрин олди”. (“Ўзбекистон: Эртак ва ҳақиқат” лавҳасидан)

XS
SM
MD
LG