Линклар

Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Осиё Кубогининг гуруҳ босқичи 2-турида Хитойга 2:1 ҳисобида мағлуб бўлди.

Учрашувдаги ҳисоб ўзбекистонликлар тарафидан очилганига қарамай, хитойлик футболчилар Игнатий Нестеров дарвозасини икки марта ишғол қилишга муваффақ бўлдилар.

Миржалол Қосимов жамоасининг ягона голига "Краснодар" ярим ҳимоячиси, Ўзбекистоннинг энг қиммат футболчиси Одил Аҳмедов ўйиннинг 22-дақиқасида муаллифлик қилди. Аҳмедовнинг узоқ масофадан берган зарбаси рикошет бўлиб, Хитой дарвозасининг юқори ўнг бурчагидан ўрин олди.

Хитой терма жамоаси голлари учрашувнинг иккинчи бўлимида киритилди. 55-дақиқада Ву Си ҳисобни тенглаштирган бўлса, орадан 13 дақиқа ўтиб Сун Ке ўз жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.

Аввалроқ, “В” гуруҳининг 2-тури доирасида ўтган иккинчи жуфтлик учрашувида Саудия Арабистони терма жамоаси 4:1 ҳисобида Шимолий Кореяни мағлубиятга учратди.

Шундай қилиб, 2-турдан сўнг жами олти очкога эга бўлган Хитой "B" гуруҳининг пешқадамига айланди. Иккинчи ўринни 3 очкога эга, бироқ голлар нисбати бўйича Ўзбекистондан олдинда бўлган Саудия Арабистони эгаллаб турибди. Қосимов шогирдлари 3 очко билан учинчи ўринда бўлса, сўнгги ўринда ҳали очко олмаган Шимолий Корея жамоаси бормоқда.

Гуруҳ босқичи 3-турида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Саудия Арабистонига қарши, Хитой эса Шимолий Кореяга қарши майдонга тушади. Ўйин 18 январь, якшанба куни Тошкент вақт билан 14:00да бошланади.

XS
SM
MD
LG