Линклар

logo-print

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи, 50 яшар МХХ полковниги Жавдат Шарифxўжаев ноқонуний тадбиркорлик, коррупция ва давлат маблағларини ўзлаштиришда айбланиб, озодликдан маҳрум қилинди.

Бу ҳақда Озодликнинг Ўзбекистон давлат тизимларидаги бир-биридан мустақил манбалар билдирди.

Озодлик манбалари МХХ собиқ мулозимининг Тошкент вилояти Бекобод туманида хавфсизлик идоралари собиқ ходимлари сақланадиган қаттиқ тартибдаги 64/21-сонли жазони ижро этиш муассасасига юборилганини айтмоқда.

Манбаларга кўра¸ МХХ мулозими Жавдат Шарифxўжаев устидан ҳукм ўтган йил охирида Ўзбекистон Ҳарбий судининг ëпиқ мажлисида ўқилган.

Озодлик манбаларининг билдиришча, Жавдат Шарифxўжаев 4 йилга Озодликдан маҳрум қилинган.

Ҳозирча расмий тасдиғини топмаган бу иддаоларни Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларида ишлайдиган бир-биридан мустақил икки манбаси тасдиқлади. Фақат манбалардан бири "Шарифxўжаев 4 йилга қамалди", деса яна бир у 3 йилга Озодликдан махрум қилинганини иддао қилмоқда.

Озодлик Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармасининг собиқ бошлиғи Жавдат Шарифxўжаевнинг озодликдан маҳрум қилиниб, жазони ўташ масканига юборилганлиги юзасидан Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратурасидан изоҳ олишга уринди, аммо ҳозирча муваффақ бўлмади.

Жавдат Шарифxўжаев Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати раисининг ўринбосари генерал Ҳаëт Шарифxўжаевнинг укасидир.

Айни пайтда, Озодлик манбалари, қамоқда жазо ўтаëтган Жавдат Шарифxўжаевнинг акаси, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари генерал Ҳаëт Шарифxўжаевнинг ўз лавозимида ишлаëтганини ҳам Озодликка билдиришди.

Жавдат Шарифхўжавнинг бевосита ўз акаси қўли остида бошқарма бошлиғи бўлиб ишлагани МХХ тизимларидаги қоидаларга зид экани айтилади.

МХХнинг собиқ ходими Икром Ëқубовга кўра¸ МХХ тизимида бир оила аъзоси бўлган кишилар бир-бирининг қўл остида ишлашига чеклов қўйилган.

Икром Ëқубовнинг айтишича, Жавдат Шарифхўжаев ўз акаси Ҳаëт Шарифхўжаев ҳомийлигида МХХ тизимларидаги қоидаларни четлаб ўтиб, мансаб зинапояларидан кўтарилишга муваффақ бўлган.

Шарифxўжаев Жавдат Шавкатович 2009 йилнинг 28 августида Ўзбекистон мустақиллигининг 18 йиллиги арафасида "Шон-шараф" ордени билан тақдирланган эди.

Озодлик манбаларининг айтишича¸ Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди махсус ажрим чиқариб, Жавдат Шарифхўжаевни барча орден медаль ва бошқа унвонлардан маҳрум қилган.

МХХнинг собиқ ходими Икром Ëқубовга кўра¸ у ёки бу шахсни орденлардан мосуво қилиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон президенти қабул қиладиган қарордир:

- Аммо бу ерда мантиққа зид ҳолат ҳам кўринади. МХХ зобитини ордендан мосуво қилиниши учун зобит камида 10 йилга кесилиши керак. 4 йилга кесилган зобитнинг ордендан маҳрум қилиниши замирида сиëсий қасд олиш аломатлари кўринмоқда¸ дейди суҳбатдош.

Икром Ëқубовга кўра¸ шу кунларда Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова бизнес салтанатини фош қилган гуруҳни зарарсизлантириш жараëни кетмоқда:

- МХХ зобитлари қудратда бўлганида доимо ўзини кучли ва назоратдан ҳоли ҳис қилади¸ аммо уларнинг ўзлари ҳам катта назорат остида эканлигини айтиб қўйиш лозим. Гулнора Каримова бизнес-империясини қулатган Жавдат Шарифхўжаевнинг ҳам қамоққа олиниши бу гапимга мисолдир¸ дейди Ëқубов.

МХХдаги қудратли аканинг қўлида ишлаëтган уканинг таназзули

Хавфсизлик хизмати ходимларининг қамалганини маълум қилган норасмий манбаларга кўра Жавдат Шарифxўжаев “МХХда бошланган жиддий тозалаш маъракаси қурбонлари ичида энг лавозими каттаси бўлди”.

Ўзбекистон Бош прокуратурасига яқин манба ўтган йили МХХ раиси ўринбосари, генерал Ҳаëт Шарифхўжаев укаси Жавдат Шарифҳўжаевнинг ишдан бўшатилгани ва тергов қилинаëтганини Озодликка билдирган эди.

Жавдат Шарифхўжаевнинг “ишдан қувилгани" ҳақидаги маълумот Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага нисбат берилган мактубда ҳам келтирилган эди.

Бу мактуб ўтган йил июль ойида “The Russian times” Интернет нашрида ўзини Асқар Қосимов деб атаган блоггер томонидан чоп этилган “Ўзбекистон президенти тўнғич қизининг ҳаëти ва саломатлиги хавф остида” номли мақолага илова қилинган эди.

Манбаларнинг айтишича¸ Жавдат Шарифxўжаев қамалишидан сал олдин унинг қўл остида ишлаган 12 нафари қўлга олинган эди.

Бу 12 нафар МХХ xодими ўтган йили судга тортилиб, узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилингани ҳақида Озодлик маълумот берган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG