Линклар

logo-print

Колхоз Раиси кетмонини парвозга шайлаб қўйди

  • Сарвар Усмон

Кадр Зулфиқор Мусоқовнинг "Абдуллажон" фильмидан олинди.

Кадр Зулфиқор Мусоқовнинг "Абдуллажон" фильмидан олинди.

Чинакам Санъаткорнинг Кўзи Очиқ бўлади.

Балки Кўзи Очиқ одам Санъаткордир, десам тўғри бўлар.

Чорак аср бўлиб қолдиёв Зулфиқор Мусоқов ўзининг “Абдуллажон”ини суратга олганига.

Миллатнинг ўша даврдаги кайфиятини аниқ бера олганди Санъаткор..

Миллат ўзгариш иштиёқида ёнаётганди ўшанда.

Ривожланиш иштиёқида ёнаётганди.

Тоғни талқон, боғни бўстон қилишга тайёр эди миллат.

Тарозида тортиб сотиладиган магнитофонлар чиқармоқчийди.

Кураклари қичиб, қанот чиқармоқ-учмоқ истаганди миллат.

Учиш иштиёқи шу қадар кучли эдики, бу иштиёқ тупроққа ҳам ўтган, ишқи йўқ кесаклар ёнган - баҳайбат тарвузлар туға бошлаганди Ер.

Учиш иштиёқи шу қадар кучли эдики, бу иштиёқ синиб битгунига қадар Ерни уриб, Ердан калтак ейдиган Кетмонга ҳам кўчган эди.

Кетмон уча бошлаганди.

Миллат Кетмонга миниб уча бошлаганди.

Оҳ, қандай мазза эди-я! Қандай кайф эди!

Фақат биргина одам – Раиснинг кетмони учмаганди ўшанда.

Чунки Раис гуноҳли эди – Арини ўлдирган эди.

Минорадан Ерга тап этиб тушиб, ялпайиб ётаркан, “Бахт йўқ!” деб зорланганди Раис.

Чунки бахт учишда эканлигини тушунганди у.

Кўзи Очиқ Санъаткор ўзи яшаётган Даврни чизганди “Абдуллажон”ида.

"Янги Давр бошланаяпти - Кетмонлар Учадиган Давр", деб ўйлаганди.

Бироқ Кўзи қанчалик Очиқ бўлмасин Санъаткор ҳам адашар экан.

Адашмаганида эди, бахтсизлигидан зорланиб ялпайиб ётган Раис тез орада колхозчиларнинг учар кетмонларини олиб қўйишини, Ерни Хос Колхозчиларга шартномага қўл қўйдириб бериб қўйишини, эвазига уларнинг ҳам учар кетмонларини олиб қўйишини башорат қила олган бўларди

Раис ўз колхозида фақат битта учадиган кетмон қолдиришини кўра билган бўларди.

Ҳа, бугун Колхозда биттагина Кетмон қолган.

Унинг сопини кеча ювдилар, сопга турфа ранг латта тасмалар боғладилар, тиғларини теша билан уриб текисладилар – парвозга шайладилар.

Кетмон стартда турибди.

Раис ҳам минишга шай.

Парвоз куни ҳам аниқ.

Парвоз куни колхозчилар чапак чалиб ел қўзғайдилар – ҳаво юради - Кетмоннинг учишига ёрдам бўлади, Раис оёқларини осилтириб учади.

Чапакчилар осилган оёқларига қараб Раисга ҳавас қиладилар.

Чапакчилардан биронтаси ҳам ўзи учишга ҳавас қилмайди.

Чунки бефойдадир ҳавас.

Чунки кетмонлар олиб қўйилган.

P.S.

Юқорида ўқиганингиз матн чоп этилганидан 1 соат ўтгач "Абдуллажон"ни мендан кўпроқ кўрган ҳамкасбим мени "кино баёнида муҳим бир нуқтани бузиб кўрсатдингиз", деб танқид қилди. Ки кетмонлар кейин эмас, ўша даврдаёқ колхозчилардан тортиб олингани кинода кўрсатилган, деб эслатди. Эсладим: чиндан ҳам шундай бўлган.

Демак, Зулфиқор Мусоқов адашмаган экан, у кўра билган экан.

Айтдимку, Чинакам Санъаткорнинг Кўзи Очиқ бўлади, деб.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG