Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:39

Россиядан қайтган тўрт хонқалик экстремизмда айбланиб саккиз йилга қамалди


12 январь куни Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди 42 яшар Шерназар Норбоев, 31 ёшли Базиргон Сафаев, 30 ёшли Дилмурод Ўринов ва 27 ёшли Алишер Сайфуллаевларни конституциявий тузумига тажовуз қилиш, тақиқланган диний экстремистик ташкилот тузиш ва ноқонуний диний адабиётларни тарқатганлик каби жиноятларда айбли деб топди.

Суд ҳукмига кўра, уларнинг ҳар бирига саккиз йиллик қамоқ жазоси тайинланди.

Қамалган маҳкумлардан бирининг яқини Озодлик билан суҳбатда акасининг оддий намозхон бўлганини иддао қилади:

- Акам 2005 йилда ишсизлик туфайли Россияга кетиб қолган эди. 2014 йилгача Россияда ишлади. Ўзбекистонга келиб турар эди. Сўнгги бор ўтган йилни август ойида келганида уни майда безорилик айби билан милицияга олиб кетишди. Кўчада бир қизга тегажоғлик қилдинг, деб милицияга олиб кетишди. Ҳибс учун сабабни ўйлаб топишди. Борса¸ у билан Россияда бирга ишлаган бошқа йигитлар ҳам ўтирибди. Уларни ўн кун сўроқ қилиб, диний фундаментализм билан боғлиқ айбловларни қўйишиб, қамаворишди. Уйингдан диний адабиёт чиқди, Россияда масжидга боргансан, таниқли имомларни ваъзларини тарқатгансан, деб шунақа айблов қўйишди, дейди маҳкумлардан бирининг исми сир қолишини истаган қариндоши.

Қамалганларнинг Россияда қолган танишларидан бири улар намозхон бўлишгани, Москвада ишлаб юрган пайтда маҳаллий масжидга тез-тез бориб турганликларини яширмади:

- Бу йигитлар билан бирга ишлаганман. Шерназар Хонқанинг Қирқёп қишлоғидан. Ўқитувчи бўлган. Ишсизликдан шу ерда тирикчилик қилиб юрганди. Базиргонни ҳам биламан, у ҳунарманд йигит. Дилмурод ва Алишерлар диндан умуман йироқ йигитлар эди. Россияга келганидан сўнг нaмоз ўқишни бошлашган. Москва чеккасидаги Зенигород шаҳарчасидаги масжидга бориб туришар эди. Лекин уларда экстремистик ёки фундаменталистик ўй-фикр йўқ эди. Ҳамма қатори нaмозга келишар эди. Менимча, бу йигитлар ҳақида нотўғри маълумот етиб борган ва уларни ноҳақдан қамашган, -дейди қамалган йигитларнинг Москвада яшовчи таниши.

Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси, шунингдек вилоят Адлия бошқармасининг Озодлик боғланган расмийлари тўрт судланувчига қўйилган айблов моҳияти ҳақида изоҳ бера олмасликларини айтишди.

Хоразмлик ҳуқуқ фаоли, “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубовнинг айтишича, вилоятда Россиядан қайтаётган меҳнат муҳожирларининг диний айбловлар билан қамалиши биринчи марта бўлаётгани йўқ:

- Ўтган йил Россиядан қайтган ўндан зиёд йигит шундай айбловлар билан қамалди. Қайтиб келганларнинг деярли ҳаммасини СНБ сўроқ қилади. Қайси масжидга бординг¸ дейди. Четга ишлагани кетганлар устидан назорат кучайтирилганига анча бўлади. Чунки Ўзбекистонда масжидлар назорат остида. Чет мамлакатлардагиларда назорат йўқ. Шунинг учун у ёққа бориб келганларни сўроқ қилади. Бирининг кетига иккинчисини қўйиб, шунақа кузатув қўйишган. Афсуски, кўпчилик ҳар хил чақимчиликлар қурбони бўляпти. Асоссиз қамалиб кетаяпти, дейди Ҳайитбой Ёқубов.

Кейинги йиллар давомида Ўзбекистон ва Россия ҳуқуқ-тартибот идораларининг террорчиликка қарши кураш доирасида фаол ҳамкорлик қилаётгани, хусусан, Россияга кетгач, ортидан қидирув эълон қилинган муҳожирларга оид фото-видео материаллар Ўзбекистон томонига тақдим қилинаётгани айтилмоқда.

Тошкентдаги Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, диний ваъзларни эшитгани ёки намоз ўқиш учун масжидга боргани учун айбсиз инсонларни жавобгарликка тортиш Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам кўпайиб бормоқда:

- Ўтган йилда уч юздан зиёд фуқаро ҳуқуқлари топталгани борасида ташкилотга шикоят билан мурожаат қилди.​ Уларнинг аксар кўпчилиги диний мотивлар билан қамалган ва қамоқда қийноққа солинган маҳбусларнинг яқинларидир, дейди Икромов.

Ҳуқуқ фаолига кўра, ўтган йили 142 нафар ўзбекистонлик диний мотивлар бўйича қамалган. Шулардан 14 нафари аёллардир.

XS
SM
MD
LG