Линклар

logo-print

Абдулазиз Мансур: Пайғамбаримиз ҳажвчига нисбатан кечиримли бўлганлар


Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур Париждаги Charlie Hebdo сатирик журналига бўлган ҳужум ҳақида “Бу катта фожеа бўлди” дея муносабат билдирди. Ислом дунёси тарихида Муҳаммад пайғамбарни ҳажв, мазах, ҳақорат қилувчилар бўлганини мисоллар билан шарҳлаган шайх ҳазратлари бундай ҳолларда Пайғамбар алайҳиссалом ва мусулмонларнинг жавоби зўравонликка асосланмаганини таъкидлади.

Париждаги Charlie Hebdo сатирик журналига бўлган ҳужум ортидан мусулмонлар орасида бораётган мулоқотларда ҳажвга Ислом пайғамбарининг асл муносабати қандай бўлган, деган савол кун тартибига чиқмоқда.

Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур Озодликнинг бу борадаги саволига жавоб берар экан, Муҳаммад алайҳиссалом даврида битилган "Қасидаи бурда" тарихини тилга олди.

"Қасидаи бурда"

- Ўша даврларда Каъб ибн Зуҳайр ибн Абу Сулмо, деган шоир жуда ҳам машҳур бўлган. Бу ҳали имон келтирмаган мушрикларнинг гапига кириб, Пайғамбаримизга ишонмаган ҳамда ҳажв шеърлар ëзган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом хафа бўлиб, уни тутиб келинглар деб буюрганлар. “Сени қидириб юришибди. Пайғамбарга олиб борса, сенга ўлим жазосини берса керак”, дейишгандан кейин бу жуда қўрқиб, қочиб юради.

Кейин бир қасида ëзиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ўқиб берганида, бу қасидани эшитиб у киши жуда хурсанд бўлиб кетиб, устидаги чопонларини - араб тилида бурда дейди - елкасига солиб: “Сенга шу совға бўлсин. Жуда чиройли ëзибсан” дейди. Шунда у: “Ислом динини қабул қилсам, калимаи шаҳодатни айтсам, қабул қиласизми?” дейди.

Ислом динини қабул қилади ва “Мен сизни ҳажв қилиб юрардим олдин. Кечирасизми? Сизни билмасдан ëмонлаб, ҳажв қилиб қўйган эканман. Энди шуларни кечирасизми?” деганда: “Мен кечирдим сени. Сен энди чиройли, яхши мусулмон бўлгин” деб шу ерда бурдаларини бериб юборадилар, - дея ҳадис мазмуни тилга олди шайх Абдулазиз Мансур.

Ушбу ҳадис мазмунини бугунги кундаги воқеъликка қиёслаган Абдулазиз Мансур Муҳаммад алайҳиссаломнинг кечиримли бўлганига урғу бераркан, айни дамда мусулмонларни фитнадан огоҳ бўлишга чақирди.

Фитна - қотилликдан ҳам ёмон

- Ҳозир Пайғамбаримиз алайҳиссалом шаънларига бўлаëтган ҳажвиялар эса билмасдан қилинаëтгани йўқ. Чунки ҳамма шундай деяптики: “Шу нарсани қилишнинг нима кераги бор?” Биладики, бунинг оқибати яхши бўлмайди. Шунинг учун биз айтамизки, Худо инсоф берсин! Бу нарсаларни Оллоҳ таолонинг ўзи кўриб турибдими, суйган Пайғамбарини ҳажв қилаяптими, Ўзи жазосини ҳам беради. Мабодо, улар бугун жазодан қутулиб кетган тақдирда ҳам эртага Оллоҳ таолонинг жазосидан қочиб қутула олмайдилар.

Шунинг учун, биз мусулмонлар фитна чиқадиган бўлса, бостиришга уринишимиз керак. Чунки, фитна - қотилликдан ҳам ёмон нарса. Ундан яхши одамлар азият чекиб, ёмон одамлар роҳат кўриши мумкин. - дея таъкидлади шайх Абдулазиз Мансур.

Шунингдек, шайх ҳазратлари Париждаги журналга бўлган ҳужум масаласини битта ривоят ёки бир оятга асосланиб ҳал қилиб бўлмаслигини таъкидлади:

- Айни пайтда, кечиримли бўлиш - ҳар қандай ҳақоратга қаршилик билдирмаслик, дегани эмас. Фақатгина ҳар бир масала шароит, вазиятга кўра ҳал қилиниши лозим. Ўч оламан дер экан, кўплаб инсонларнинг умрига зомин бўладиган фитналар қурбони бўлиб қолмаслик керак, - деб таъкидлади шайх ҳазратлари.

Қуйида у киши билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.

Шайх Абдулазиз Мансур мамлакатдаги диний идора ва қўмитанинг Париждаги сатирик журналга уюштирилган ҳужумга муносабат билдирган ва айни пайтда Озодлик тингловчиларидан бу борада Ислом тарихига оид саволларга жавоб берган илк мулозими бўлмоқда.

Озодликка маълум бўлишича, шу кунга қадар бу мавзу мамлакатдаги масжидларда имомлар маърузасида ҳам кўтарилгани йўқ. Айни пайтда Париждаги ҳодисалар ўзбек матбуотида ёритилаётгани ҳақида ҳам бирор маълумот йўқ.

Бунга қадар биргина Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмийлари Франциянинг Тошкентдаги элчихонасида 9 январь куни очилган хотира китобига ҳамдардлик сатрларини ёзиб қолдиргани хабар қилинган эди.

Муҳаммад Пайғамбарга карикатура эълон қилган Париждаги Charlie Hebdo сатирик журналига 7 январь куни қилинган ҳужум ва кейинчалик 8-9 январь куни террорчиларни қўлга олиш жараёнида 18 киши қурбон бўлди.

XS
SM
MD
LG