Линклар

Париждаги “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти Uznews.net мустақил нашрининг ёпилишида Каримов режимини айблади. 2005 йилда Ўзбекистонда ташкил этилган мустақил нашр ўтган ой киберҳужумлар ортидан фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган эди.

Uznews.net бош муҳаррирининг электрон почта қутиси хакерлар тарафидан синдирилиши ва Ўзбекистондаги мухбирларининг ҳаётини хавф остига қўйиши мумкин ахборотнинг Интернетга сиздирилиши ортидан мустақил нашр ўтган ой фаолиятини тўхтатган эди.

- Тўсиқларга қарамай Uznews.net нашри сўнгги ўн йил мобайнида Ўзбекистон ичида оммабоп мустақил ахборот манбаи бўла олди, - дейилади “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг 15 январь кунги баёнотида.

Uznews.net мустақил нашри 2005 йилда икки ўзбек журналисти – Галима Бухорбоева ҳамда Қудрат Бобожонлар тарафидан Тошкентда ташкил қилинган эди.

Сиëсий қочқин сифатида мамлакатни тарк этган икки журналист 2006 йилда нашрни чет элда қайта тиклашганди.

Ўтган йил сайт бош муҳаррири Галима Бухорбоеванинг электрон почта қутисига қилинган хакерлик ҳужуми ва почта қутидаги конфиденциал маълумотнинг тармоққа сиздирилиши Ўзбекистонда қолган мустақил журналистларни таҳдид остида қолдирди.

Бу ҳодиса ортидан нашр дастлаб бир ойлик танаффусга чиққанини маълум қилди.

Кейин эса сайт фаолиятини буткул тўхтатишини эълон қилди.

- Президент Ислом Каримовнинг қўриқчи кўппаклари ушбу эркин ахборот нашрини йўқ қилишга муваффақ бўлдилар, - дейди Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг Марказий Осиё ва Шарқий Европа мамлакатлари бўлими рахбари Йоханн Биҳрнинг 15 январь кунги баёнотида.

Жаноб Биҳрга кўра, Uznews.net нашрининг йўқ қилиниши Ўзбекистонда диктаторлик режими шароитларида зўрға турган эркин матбуотга берилган жиддий зарбадир.

Uznews.net нашрининг бош муҳаррири Галима Бухарбоева 16 январь куни Озодлик билан суҳбатда мухбирлари хавфсизлигини ўйлаб сайт фаолиятини тўхтатишга қарор қилинганини айтади:

- Бизга қарши кампания бир неча йил давом этди, устимизга мағзава ағдаришди, биз шу таҳдидлар қаршисида ёлғиз қолиб кетдик. Кимдир бизни ҳимоя қилиб чиқдими? Кимдир сўз эркинлигини ҳимоя қилиб чиқдими? Аксинча кўпчилик бизга қарши кампанияга жўр бўлиб турди. Ҳатто Францияда карикатурачиларнинг ўлдирилиши юзасидан билдирган фикрларим учун менга ўлим таҳдидлари ҳақида шарҳлар келмоқда. Бунақа шароитда қандай фаолият қилиш мумкин?, - дейди Бухорбоева.

Uznews.net нашри бош муҳаррири Ўзбекистондаги журналистлар ҳақидаги конфиденциал маълумотларни Интернетга сиздирган шахслар устидан суд ва иммиграция идораларига шикоят қилишини айтади:

- Мен суддан ташқари иммиграция идораларига ҳам шикоят қилмоқчиман. Бундай одамлар нима асосда қочқинлик олишган? Мен шуни тагига етмоқчиман. Шунингдек, Европа қандай қилиб ўрта асрлар услубида яшашни тарғиб этувчи исломчиларга бошпана беряпти. Бундай одамлар Европада ўтириб, бу ерда сўз эркинлиги устунларини яксон қилишга уринмоқдаларку, - дейди Бухорбоева.

Ҳозирда Ўзбекистонда камида ўн журналист қамоқда қолмоқда. Шу маҳкум журналистларнинг бири Uznews.net мустақил нашрининг Қорақалпоғистондаги мухбири бўлиб ишлаган Солижон Абдураҳмоновдир.

Uznews.net нашрининг исми сир қолишини истаган Ўзбекистондаги мухбирларидан бири Озодлик билан суҳбатда мамлакат ичида хавф остида қолиб кетганликларини айтди.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилотига кўра, Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари тўлалигича цензура остидадир. Ташкилот Ўзбекистондаги воқеаларни чет мамлакатлардан туриб ёритиб борувчи Ferghana.ru, Озодлик радиоси ва Жараён каби нашрлар қолганини таъкидлайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG