Линклар

Россия Федерал миграция хизматига кўра, 2014 йилда ишлаш учун олинган патентлар муддати жорий йилда бошқа узайтирилмайди ва Россиядаги барча муҳожирлар қайтадан ишга рухсат берувчи патентни расмийлаштиришлари керак.

ФМС эски патент муддатини узайтирмаяпти

Янги йил байрамлари тугаши ва давлат идоралари иш мавсуми бошланиши ортидан Озодлик таҳририятига Россиянинг турли ўлкаларидан бир мазмундаги шикоятлар келиб туша бошлади.

Новосибирскда қўриқчи бўлиб ишлаётган ўзбекистонлик Эркин Озодликка уланиб, маҳаллий ФМСда меҳнат муҳожирлари патентлари узайтирилмаётганини хабар қилди.

- Новосибирск шаҳрида ҳозир ишлаяпман. Қариндош-уруғларим, дадамлар декабрь ойида патент олишган эди. Январда пропискаси тугайди – ФМСга борса, “Патентни янгидан қиласизлар”, деяпти. У патент 1216 сўмдан декабрда олинган – амал қилиш муддати яна 11 ой. ФМС ходимлари айтяптики, “Эски патентлар ўрнига янги патент қиласизлар”, деяпти. Хуллас, пропискани чўздирмаяпти. Шу нарсага мен ҳайрон бўлдим, чунки акам ва унинг таниши ҳам борса, “Экзамен топшириб, янги патент оласизлар”, дебди-да. Ўзи патент яқинда олинган бўлса, қандай қилиб? Ахир қонунни дарров ўзгартириб бўлмаса керак?! “Янги патент олиш учун эса таможняга бориб келасан”, деяпти. Бунақада расход ҳам кўпайиб кетяпти: янги патентга камида 25 минг рубль кетар экан. Тиббий кўрикдан ўтишга 10 минг рубль, 5 минг рубль – тил-тарихдан экзаменга киришга, пошлинаси, тиббий суғуртага камида 5 минг кетади, югур-юугури бор ва патентнинг ўзига 3 ойга тўласа ҳисоблаб олинг, - дейди эски патентлар муддати узайтирилмаётганидан шикоят қилган Эркин.

Москва вилоятининг Домодедовосидан Озодликка мурожаат қилган яна бир ўзбекистонлик муҳожир – Ҳусанбой, ФМС раҳбарияти 2014 йилда олинган патентлар эски нархларда яъни 1216 рублда баҳоланишини гапирганини эслади.

Аммо у маҳаллий банклар янги тартиблар асосида пул тўловларини амалга оширишга мажбурлашаяпти, дейди:

- Патентимиз, ака, эски – олти ойдан бери тўлаб юрибмиз. Мартда тугайди у. Янги йилдан кейин янги қонун чиқибди: патент 4 минг рубл бўлибди. Биз эшитган эдикки, янги йилдан олдин патент қилганлар 1216 рубл тўлайди, янги қилганлар – 4 мингдан тўлайди. Мен шунга ойдинлик киритмоқчи эдим: бизлар қанча тўлаймиз? Чунки кеча бир жўрам терминалга борган, терминалга маълумотларни урса – 4 минг рубл чиқяпти-да. Банкка борамиз – “мана терминал, мен ёрдам бермайман”, деяпти, дейди нега терминалларда айтилганидек 1216 рублдан тўловни амалга оширишга рухсат берилмаётгани сабабларини сўраган бухоролик муҳожир Ҳусанбой.

“Юқоридан” янги қоида қиритилди

Бундан бир ой олдин Озодлик бу масала юзасидан Федерал миграция хизмати идорасига мурожаат қилиб, аниқ-тиниқ жавоб олган эди.

Хориж фуқаролар билан ишларни ташкил этиш департаменти бошлиғи Сергей Темрякович меҳнат муҳожири томонидан 2014 йилда сотиб олинган ҳамда қисман 2015 йилда ҳам амал қиладиган ишлаш рухсатномаси белгиланган муддати якунига қадар амалда бўлиши ва унинг нархи 1216 рубллигича ўзгармасдан қолишини махсус матбуот анжуманида таъкидлаб ўтган эди.

Бироқ, Озодлик мурожаат қилган Новосибирск шаҳрининг Джержинский тумани ФМС бўлимида Озодликка куни кеча “юқоридан” янги тартиб жорий қилингани ва эндиликда барча меҳнат муҳожирлари ҳақиқатан патентларни янгилашлари зарурлиги билдирилди. Ўзини таништирмаган идора ходими 2014 йилда олинган патент эгалари янги тартиб асосида ҳужжат расмийлаштиришлари керак, дейди.

- Тушунтираман... Ўзгартирилган қонунга мувофиқ, масалан, январ-феврал ойларгача тўланган патент эгалари тўлов муддати тугаши билан ё уйига чиқиб келади, ёки улгурса - патент муддати тугашидан бир ой олдин бориб ҳужжатларни тайёрлайди, яъни тиббий кўрикдан ўтади, тил билиш тўғрисида сертификат олишга имтиҳон топширади ва шу ҳужжатларни жамлаб, янги патент олишга топширади. Патентлар бошқа узайтирилмайди! - деди Новосибирск шаҳар патент билан ишлаш департаменти расмийси.

Москва шаҳар ФМС бошқармасида янги ўзгартишлар юзасидан 16 январь куни махсус матбуот анжумани ўтказилишини маълум қилишди.

Ўзини Юлия деб таништирган бошқарма вакиласи бу анжуманда эски йилда олинган патентлар амал қилиш муддати узайтирилмаслиги эълон қилинишини маълум қилди.

- Янги қонун чиқди. Унга кўра, меҳнат муҳожирлари мамлакатимизни тарк этиб, қайта киришлари ва янги патент расмийлаштиришлари зарур. Бу масалада биз бугун махсус матбуот анжумани ўтказамиз ва оммавий ахборот воситалари орқали мутахассислар тушунтириш беради, деди Юлия.

Маҳаллий бюджет мигрантлар ҳисобига қопланмоқдами?

Москва ш. ФМС бошқармаси расмий жавоби

Москва ш. ФМС бошқармаси расмий жавоби

Москвадаги мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи “Тонг Жаҳони” ташкилоти раҳбари, асли тошкентлик юрист Валентина Чупик Озодлик билан суҳбатда бу янгиликни изоҳлар экан, уни “ФМСнинг ғирром ўйини” деб атади.

- Бу Орёл вилояти бўйича ФМХ бошлиғи муовини ташаббуси. У янги киритилган 357-чи Федерал қонуннинг (“Хориж фуқароларининг Россия Федерациясидаги ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги Федерал қонунга ўзгартиш киритиш тўғрисида – таҳр.) шахсий талқинини берди. Унга кўра, янги йилда патентни узайтириш деб унга тўловни амалга ошириш тушунилади. Қонунда эса “патентлар муддати узайтирилмайди”, деб ёзилган. Бундан чиқди, улар эски патентлар муддати ҳам узайтирилмайди, дея қарор чиқарди қўйди. Масалан, 28 декабрда патентга ҳужжат топшириб, янги йилда уни олишга борганларга “Мана сизнинг патентингиз, аммо у ҳақиқий эмас!”, дея тешгич билан тешиб беришяпти. Айтингчи, бюджетга тушаётган текин пулдан ким воз кечади?!- дейди ҳуқуқ фаоли Валентина Чупик.

Эслатиш жойизки, Россия 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб меҳнат муҳожирлари учун ишлашга рухсат берувчи патент тизимини жорий қилди.

Янги тартибга кўра, меҳнат муҳожири Россияда ишлаш учун патентни бир ой муддатга олади ва уни бир йилгача узайтириши мумкин бўлади.

Муҳожир ишлаш учун патентни Россияга кирганидан бошлаб 30 кун ичида олиши лозим. Бир йилдан сўнг муҳожир патентни яна бир йилга узайтириш ҳуқуқига эга. Шундан сўнг у Россияни тарк этиши лозим. Лекин қонунга кўра, муҳожир Россиядан чиққанининг эртасига қайтиб келиш имконига ҳам эга.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG