Линклар

"Фош этувчи" сиздирган ҳужжатлар Beeline тақдирини савол остида қолдирди


МТС Ўзбекистондан ҳайдалганидан кейин Beeline мамлакатдаги энг йирик мобил алоқа операторига айланди.

МТС Ўзбекистондан ҳайдалганидан кейин Beeline мамлакатдаги энг йирик мобил алоқа операторига айланди.

Аксар акциялари Норвегия ҳукуматига қарашли Telenor ширкати Норвегия Савдо¸ саноат ва балиқчилик вазирлигидан 90-йиллар бошида ўзининг шарқий Европа телеком бозорига қандай кирганига оид махфий ҳужжат олганини билдирди ва бу ҳужжатларни ўз расмий сайтида эълон қилди. “Фош этувчи” деган аноним ном остида вазирликка юборилган бу ҳужжат¸ Telenor таъкидича¸ Ўзбекистон бозорига кириш учун миллионлаб доллар пора берганликда гумонланаëтган ширкатни обрўсизлантириш уринишидир.

Telenor ўз “фош этувчи”сини ўзи “фош қилди”

Telenor ширкати эълон қилган матбуот хабарномасида ëзилишича¸“Фош этувчи” деган тахаллус билан Норвегия Савдо-саноат вазирлигига юборилган компроматлар¸ VimpelCom ширкатининг Ўзбекистон мобил алоқа бозорига кириш шарт-шароитларини тасвирлайди.

Норвегия телеком ширкати бош қароргоҳи Амстердамда жойлашган VimpelComнинг 33 фоиз¸ яъни учдан бир фоиз акциялари эгасидир. VimpelCom эса Ўзбекистонда Unitel бренди остида ишлаб келган операторни 2006 йил февралида ўз таркибига қўшиб¸ Beeline номи остида фаолият бошлаган.

Telenor пресс релизида айтилишича¸ аноним манбадан келган ҳужжатларда ширкатга маълум бўлганидан бошқа сирли олди-бердилар ҳақида сўз боради ва Telenor ўзига нотаниш бу пул ўтказмалари борасида VimpelComдан зудлик билан изоҳ сўрашини билдиради.

Telenor таъкидича¸ номаълум манбалардан сиздирилган маълумотнинг бир қатор жиҳатлари уларга нисбатан эҳтиëткорлик билан ëндашишни тақозо қилади.

“90-йиллар бошига оид ахборот маълум ва номаълум маълумотлар¸ турли айблов ва тахминларни ўз ичига олгани боис¸ унга муносабат билдириш жуда мушкулдир. Умумиятла¸ VimpelComнинг Ўзбекистонга киритган сармоялари билан боғлиқ жиддий вазият фонида бу маълумот Telenorни дискредитация қилиш уриниши сифатида баҳоланиши мумкин”¸ дейилади 16 январь куни Telenorэълон қилган матбуор хабарномасида.

Озодликнинг Норвегия жамоатчилигига сиздирилган бу маълумотлар моҳиятига оид Telenor матбуот хизматидан кенгроқ тафсилотларни олиш уринишлари кун давомида самара бермади. Ширкат матбуот хизмати расмийларининг хизмат телефонлари ўчириб қўйилди.

“Фош этувчи” нимани фош этди?

Telenor ширкати ўз расмий сайтида “Фош этувчи” деган тахаллус билан келган компромат матнини эълон қилди.

"Фош этувчи" тақдим этган тўловларга оид экани иддао қилинган молиявий ҳужжат нусхаси.

"Фош этувчи" тақдим этган тўловларга оид экани иддао қилинган молиявий ҳужжат нусхаси.

Иккита алоҳида ҳужжат сифатида илова қилинган бу матнларнинг биринчиси 8 саҳифалик ҳужжат ва аноним муаллиф уни “Мен тўплашга муваффақ бўлган ҳужжатлар қуйидагиларни кўрсатишга хизмат қилади”¸ деган гап билан бошлайди.

Аноним мауллиф ўз мактубида:

- Telenor ширкати раҳбарлари ўзларининг VimpelCom фаолияти устидан назорат қилиш ҳаққига эга эмасликлари ҳақидаги мамлакат жамоатчилиги ва парламентига қайта-қайта қилаëтган баëнотларининг асоссизлиги;

- Ўзбекистондаги фаолият учун Гулнора Каримовага берилган пулларнинг бир марталик иш эмас¸ балки йиллар давомида қилинган пул ўтказмалари экани ва

- бундай коррупция амалиëтларининг нафақат Ўзбекистон¸ балки собиқ иттифоқ ҳудудидаги бошқа давлатларга ҳам тегишли эканини иддао қилади.

Ўз иддаоларига далил сифатида “Фош этувчи” Telenor ширкатининг Россия¸ Украина¸ Қозоғистон ва Қирғизистондаги фаолиятининг бошдан турли коррупцион схемалар асосига қурилгани ва шу асосда давом этганини кўрсатишига ишонилган ҳужжатларни илова қилади.

Бу иловалар ичида энг характерлиси эса¸ VimpelComнинг Ўзбекистон телеком бозорига қандай киргани ва фаолиятини қандай олиб борганига оид банк ўтказмаларига оид молиявий ҳужжатдир.

“VimpelCom президент Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага алоқадор етакчи ширкатлар билан қатор келишувларга кирди ва камида олти йил давомида турли қалбаки тижорий баҳоналар билан олди-берди қилди. Мен топган тўловларга оид молиявий ҳужжат мактубимга илова қилинган ва агар менинг қўлимга тушган ҳужжат бундай олди-бердининг ҳаммасини ифода этса¸ мен жуда ҳайратга тушган бўлардим”¸ дейилади “Фош этувчи”нинг Норвегия Савдо-саноат вазирлигига юборган мактубида.

VimpelCom - Takilant дуэти

“Фош этувчи” йўллаган молиявий ҳужжатда¸ Takilant ширкати банк ҳисобига VimpelCom ва унга қарашли бошқа шўъба ширкатлардан 2006 йилнинг 20 январидан то 2012 йилнинг июль ойига қадар олти йил давомида ўтказилгани иддао қилинган жами 12 та тўлов миқдори ва вақти келтирилади.

Ҳужжатда¸ жами 219 миллион 500 минг АҚШ долларига тенг бўлган бу маблағнинг биринчи 19 миллион доллари 2006 йилнинг 20 январь куни Такилант ҳисобига VimpelComга қарашли Aqute Holdings&Investments ширкати ҳисобидан ўтказилгани иддао қилинади. Сиздирилган ҳужжатда қайд этилишича¸ VimpelCom Beeline бренди остида расман иш бошлашидан 20 кун олдин ўтказилган бу тўловнинг “қайси тижорий мақсадда ўтказилгани” ҳақидаги жойига ҳатто изоҳ ҳам берилмаган.

Гибралтарда рўйхатдан ўтган Takilant ширкатининг қоғоздаги эгаси Гулнора Каримованинг шахсий ëрдамчиси Гаяне Авакян¸ унинг асл эгаси эса Каримованинг ўзи эканига ишонилади.

“Фош этувчи” аноним манба келтирган олди-бердилар рўйхатида Takilant ва VimpelCom ширкатлари ўртасидаги 12 тўловдан иккитасининг Литвадаги Aizkraukles ва Parex банклари¸ биттасининг Ҳонг-Конгдаги Standard Chartered¸ яна биттаси Швейцариядаги Lombardier Odier банки орқали амалга оширилгани иддао қилинади¸ яна беш тўловлар ўтказилган банк номи “номаълум” дея изоҳ берилади.

Олти йил давомида Takilant ширкатига ўтказилган қарийб 220 миллион долларлик тўловларнинг энг каттаси¸ сиздирилган ҳужжат даъвосича¸ 2011 йилнинг 6 август куни ўтказилган 58 миллион долларлик тўлов ва унинг изоҳига “4G лицензияси учун” деб ëзилган.

Бундай изоҳни савол остига олган "Фош этувчи" телеком ширкатига 3 ëки 4G лицензияларини бериш фақат ҳукумат ваколатида бўлгани ҳолда¸ VimpelComнинг хусусий офшор ширкатидан қандай қилиб бундай лицензияни сотиб олгани ҳеч ким¸ хусусан¸ Telenor бошқарувида шубҳа уйғотмаганиа эътибор қаратади.

“Фош этувчи” ўзи Норвегия ҳукуматига йўллаган бу ҳужжатлар манбасини ҳам ëзади ва улар орасида Гаяне Авакяннинг Швейцария расмийларига берган интерьвюси¸ Ҳолландия йўллаган ëрдам сўрови¸ АҚШ расмий ҳужжатларини қайд этади.

Telenorнинг қора кунлари

2012 йили Швеция прокурорлари асосий акциялари ҳукуматга қарашли TeliaSonera ширкатининг Ўзбекистон мобил алоқа бозорига UCell бренди остида кириш ва 3G лицензияси олиш учун президентнинг тўнғичи Гулнора Каримовага 350 миллион доллар пора берганлиги айби билан жиноий иш қўзғагани ортидан Норвегия журналистлари ҳам Telenor ширкатининг коррупция кенг тарқалган Ўзбекистон каби бозорларга қандай кирганини тафтиш қилишга киришди.

Норвегияда чиқадиган “Klassekampen” нашри ўтган йил чоп этган ҳужжатлар VimpelComнинг Ўзбекистонда фаолият қилишга рухсат берувчи лицензияни қўлга киритиш учун Гулнора Каримованинг шахсий ëрдамчиси бўлган Гаяне Авакян номига Nordea банки орқали Гибралтарда расмийлаштирилган Takilant ширкати ҳисобига пул ўтказганини кўрсатганидан сўнг¸ АҚШ Қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар қўмитаси ҳамда Ҳолландия ҳукумати VimpelComнинг айнан Ўзбекистондаги фаолияти юзасидан тафтиш бошлади.

Акциялари АҚШ биржаларида очиқ сотувга қўйиладиган VimpelCom ширкатининг учдан бир қисм акциялари эгаси сифатида TelenorНорвегия ҳукумати ва парламентига бундай айбловлар юзасидан изоҳ бериш мажбурияти остида қолди.

14 январь куни Telenor бошқарув кенгаши раиси Свайн Аасер парламент қўмитаси ҳузуридаги эшитувларда ўз ширкати VimpelComнинг Ўзбекистонда кимгадир пора берганига оид исботга эга эмаслигини билдирди.

Telenor раиси айни пайтда¸ парламент депутатларига¸ бундай пора олди-бердисининг бўлмагани ҳақида ҳам ҳеч қандай кафолат бера олмаслигини таъкидлади.

Telenor ширкати бош ижроия директори Йон Фредрик Баксаас ҳам 14 январь куни махсус қўмита депутатлари саволларига жавоб берар экан¸ VimpleCom томонидан Ўзбекистонга кириш учун коррупцион олди-бердилар бўлганига оид аниқ далиллар йўқлигини таъкидлади.

16 январь куни Telenorнинг ўзи томонидан жамоатчиликка тақдим этилган компроматлардан сўнг Норвегия¸ қолаверса¸ Швеция¸ Ҳолландия ва Швейцариядаги “ўзбек иши” деб нома олган коррупция жанжали юзасидан бораëтган тергов қайси босқичга ўтади¸ буниси ҳозирча номаълум.

“Фош этувчи” деб номланган аноним манба сиздирган ҳужжатларга муносабат билдирган скандинавиялик мутахассислар Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда ҳозирги босқичда қилиниши лозим асосий вазифа¸ сиздирилган маълумотнинг сарагини саракка¸ пучагини пучакка ажратиш экани айтишди.

“Фош этувчи” ташлаган иддаолардан қай бирини тасдиқловчи аниқ далиллар бору¸ қайсилари шунчаки фараз ва тахминдан иборат эканини аниқлаш жараëни эса¸ йилларга чўзилиши мумкин.

2012 йилдан бери Европанинг ўндан ошиқ давлатида катта миқдордаги коррупция ва пул ювиш тахмини билан очилган жиноий ишларнинг асосий фигурантларидан бирига айланган Ислом Каримовнинг тўнғичи Гулнора Каримованинг бизнес фаолияти Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан ҳам тафтиш этилмоқда.

Ўзбек прокуратураси ўтган йил кузида эълон қилган сўнгги баëнотга кўра¸ Каримова уй қамоғига олинган¸ унинг асосий бизнес шериклари эса¸ узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Алоқадор

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG