Линклар

7 боласидан 5 нафари қамалиб, бири ўлган ёлғиз она адолат изламоқда


Қаноат Мўминова

Қаноат Мўминова

Фарғоналик 60 яшар пенсионер Қаноат Мўминова ёлғиз ўзи фаррошлик қилиб боққан 5 фарзанди ноҳақ қамалганидан арз қилиб, Озодликка боғланди. Даъвосича, аёлнинг 7 фарзандидан 5 нафари қамалган, 3 нафари қайта қамалган, бири тўрт марта, яна бири олти марта қамалган, бири эса қамоқда юққан хасталикдан вафот этган. Аёл бу қама-қамаларга катта ўғлининг 14 яшарлик пайтида ноҳақ қамалгани устидан арз қилгани сабаб бўлганини иддао қилмоқда.

Фарғона шаҳридаги Қувасой кўчаси 199-уй, 8-хонадонда яшовчи 60 яшар Қаноат Мўминова ёлғиз ўзи боқаётган 7 фарзандидан 5 нафари 1991 йилдан буён турли муддатларга озодликдан маҳрум қилингани, айримлари қисқа муддат ичида қайта ва қайта судланганидан арз қилмоқда.

Аёлнинг иддаосича, бу қама-қамалар унинг катта фарзанди - 1977 йилда туғилган Бахтиёр Ҳайитов 14 ёшлигида маҳаллий милиционерлар томонидан ноқонуний қамалгани устидан арз қилгани сабаб бўлган.

Кейинчалик аёл арзу шикоятлардан тўхтамагани, натижада қолган уч ўғли ва шикоят ёзишда онасининг ёнига ўтган ёлғиз қизи ҳам қамалганини иддао қилмоқда.

Озодликда Қаноат Мўминованинг болалари ноҳақ қамалганига оид иддаосини тўла тасдиқловчи далиллар йўқ.

Аммо, бир оиладан - ёлғиз она қўлида 7 бола тарбия олган оиладан - 5 фарзанднинг кетма-кет қамалгани, 3 нафари қайта қамалгани, бири тўрт марта, яна бири олти марта қамалгани, бирининг эса қамоқда юққан хасталикдан вафот этгани ўта аянчлидир.

1-фарзанд - Бахтиёр Ҳайитов:

1977 йилда туғилган Бахтиёр Ҳайитов 14 ёшлигида - 1991 йилда қамалган. Шу кунга қадар у 6 марта қамалди ва ҳозир олтинчи жазо муддатини Фарғонадаги қамоқхоналардан бирида ўтамоқда:

- Ўтган йили май ойида катта ўғлим Бахтиёр қамоқдан қайтганидан кейин паспорт алмаштирмоқчи эди, олдин паспортини беришмади. Арз қилиб борган эди, аввал 15 суткага қамашди. Биринчи марта уни бировнинг телефонини ўғирлади, деб ноҳақ қамашган эди. Бу сафар нимага қамашди билолмай ҳам қолдим. Шу 15-декабрь куни, - дея иддао қилмоқда Қаноат Мўминова.

2-фарзанд - Фахриддин Ҳайитов:

Аёл катта ўғли ноҳақ қамалганини даъво қилиб, ҳуқуқ-тартибот идораларига арз қила бошлагач, унинг иккинчи ўғли - 1979 йилда туғилган Фахриддин Ҳайитов ҳам 15 ёшида сохта айбловлар қамалганини даъво қилмоқда.

- Фахриддин оламдан ҳам ўтиб кетди. Унга ҳам шу ўғирлик, деб айб қўйишди. Кейин 18 ёшида ўзининг тенгдоши бўлган 18 яшар қиз билан топишиб, бирга яшаётган эди қайнонасиникида. Бир боласи туғилди ва роддомда, врачлар болани қўлидан тушириб юбориб, бола ўлиб қолди. Ўғлим ўша врачларнинг орқасидан тушган эди раҳматлик, вояга етмаган билан яшаяпсан, деб ўзини қамаб юборишди. Турмадан касал бўлиб келди, кейин ўтиб қолди.

Озодлик: Аҳволи оғирмиди? Даволаб бўлмадими?

- Пулим бўлмади даволашга. Ўзи зўрға катта қилган эдим бу болаларимни, - дея зорланди ёлғиз она.

3-фарзанд - Ихтиёр Ҳайитов:

Фарғоналик 60 яшар аёл Қаноат Мўминованинг арз қилишича, икки ўғли қамалгач, ёлғиз аёл шикоят ёзишда давом этган ва ҳеч қанча ўтмай учинчи ўғли - 1985 йилда туғилган Ихтиёр Ҳайитов ҳам икки акасига қўйилган айбловлар - ўғирлик, безорилик каби жиноятларда айбланиб қамоққа ташланган:

- Ихтиëрни ҳозир Бухорога жўнатиб юборишган. 11 йил беришган. Худди ўша 166-моддани қўйди, кейин 277-моддани. Ўтган йили 24-июнда қамалди. Бу тўртинчи марта қамалиши, - дейди Қаноат Мўминова.

4-фарзанд - Искандар Ҳайитов:

Тўртинчи ўғли - 1987 йилда туғилган Искандар Ҳайитов ҳам, онасининг даъвосича, уч акасиникига ўхшаш сохта айбловлар билан ҳисбга олинган ва қамоққа ташланган:

- Искандар акалари қамалиб кетавергани учун ишлаб, доим кўз олдимда юрар эди. Ўша ўғлимга ўзимизнинг домдан уй олган эдим. Ўғлим қўшниси билан урушиб қолибди. Кейин ўғлингиз муштлашди, уни урди-буни урди, деб унга ҳам 3,5 йил бериб юборишди. 104- моддани қўйди, 277-моддани қўйди, - деб даъво қилмоқда Қаноат Мўминова.

5-фарзанд - Нилуфар Ҳайитова:

Аёлнинг биргина қизи - 1985 йилда туғилган Нилуфар Ҳайитова ҳам акаларига қўйилган ўғирлик ва безорилик айбловлари устига яна 3 айблов - босқинчилик, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, талончилик, фоҳишахона сақлаш ва қўшмачилик қилиш айбловлари билан 5 йил муддатга қамалган, 1 йилу 7 ойдан сўнг хулқи яхшилиги боис, муддатидан олдин озод қилинган:

- Қамалганида иккита ёш боласи бор эди. Ҳозир энди унинг эрига ҳам осилишган. Ноҳақ қамашмоқчи, қизим нима қиларини билмай турибди, - деб иддао қилди Қаноат Мўминова.

Бошига тушган кўргуликлари ҳақида Нилуфар Ҳайитованинг ўзи гапириб берди.

Қаноат Мўминова: Болаларимни ҳимоя қила олмадим

60 яшар Қаноат Мўминованинг болалари Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари асосида қайта ва қайта айбланиб, жазога тортилган:

166-модда. Талончилик

277-модда. Безорилик

164-модда. Босқинчилик

169-модда. Ўғрилик

104-модда. Қасддан баданга оғир шикаст етказиш

131-модда. Фоҳишахона сақлаш ёки қўшмачилик қилиш

Агар, Ўзбекистонда одил судлов тизими мавжудлигига ишонилса, ёлғиз она топган пулига болаларини ўғри-қароқчи, товламачи-босқинчи, ёлғиз қизини эса фоҳиша-қўшмачи қилиб тарбиялаган, деган хулосага келиш мумкин.

Қаноат Мўминованинг ўзи у яшайдиган маҳалла-куйдаги қўни-қўшнилари йиллардан буён унинг қайғусига шерик экани ва бу айбловларга ишонмаслигини даъво қилмоқда:

- Мен болаларимни ўзим билан ишга олиб бориб-келардим. Суҳбатлашсангиз, ҳаммаси ақлли-ҳушли болалар. Бошимизга шу кунлар тушишида, аввало, ўзим айбдор - вақтида болаларимни ҳимоя қила олмадим, ўзидан ўтибдида, деб юравердим. Бунинг устига адвокатга пулим ҳам бўлмади. Иккинчи айбдорлар эса - орган ходимлари, - деб даъво қилмоқда Қаноат Мўминова.

Ҳуқуқ фаоллари: Мўминова адолатсизлик қурбони

Озодликда Қаноат Мўминованинг бирданига 5 фарзанди ноҳақ айбловлар билан қамалганига оид иддаоларни тўла тасдиқловчи далиллар йўқ.

Аммо, Ўзбекистондаги Ҳуқуқ ҳимоячилари алянси фаоллари бу айбловларнинг ноҳақлигини тасдиқловчи далиллари борлигини таъкидламоқда.

Ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов иддаосича, Қаноат Мўминованинг катта ўғли ноҳақ қамалгани учун арзу шикоятни бошлагани ва кейинчалик тинимсиз ҳуқуқ-тартибот идораларига арз қиларвергани боис, ундан 5 боласини қамоққа ташлаш йўли билан ўч олишга уринишган:

- Тўғри, бу аёл ёлғиз боққани учун болаларига мукаммал тарбия бера олмагандир. Лекин, 5 боласининг ҳаммаси бирдек ўғри, босқинчи, қароқчи, товламачи экани ҳақидаги бу айбловлар сохта. Бунақа оилалар Ўзбекистонда кўп. Менда бу аёлнинг даъвоси ҳақлигини кўрсатувчи, ҳақиқат излагани учун болалари ноҳақ қамалганини кўрсатувчи далиллар бор ва шу асосда мен ташкилотимиз номидан республикадаги ҳуқуқ-тартибот идораларига арз қилаяпман, - деди ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов.

Шу тариқа, фаррошлик қилиб 7 фарзандни ёлғиз тарбия қилган онанинг 5 фарзанди қарийб бир хил айбловлар билан бирин-кетин, турли муддатларга озодликдан маҳрум қилингани ҳуқуқ ҳимоячиларида жиддий шубҳа уйғотмоқда ва улар ёлғиз она адолатсизликка учраганини айтиб, Ўзбекистондаги қатор ҳуқуқ –тартибот идоралари ҳамда ҳуқуқни ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотларга мурожаат қилмоқда.

Фаол Ўзбекистон МХХ, Бош прокуратураси, ИИВ ва президенти номига йўллаган шикоят аризаси ҳамда унга бириктирилган ҳужжатларга оид маълумотларни Озодликка ҳам тақдим қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG