Линклар

Икки кампирни уриб ўлдирган ўзбек муҳожири судланди


Россия қамоқхонасидаги маҳбуслар

Россия қамоқхонасидаги маҳбуслар

Москва вилоят суди бухоролик Ойбек Муродовни Подмосковьенинг Домодедово шаҳрида икки нафақахўр опа-сингилни ўлдирган, деб топди. Ойбек кекса аёллардан ўмарган пулини ишга рухсатнома олишга сарфламоқчи бўлганини айтган. 23 ёшли ўзбек муҳожири суд қарори билан умрининг кейинги 20 йилини қаттиқ режимли колонияда ўтказади.

Москва вилоят суди Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ойбек Муродовни домодедоволик икки кекса аёлни ўлдирган, деб топди ва 20 йиллик муддатга қаттиқ режимли колонияга жўнатди.

Москва вилоят суди расмийси Вера Якушева тергов роппа-роса бир йил давом этгани ва суд ҳукми аллақачон кучга кирганини маълум қилди:

- 2014 йилнинг 25 декабрида суд бўлди, унга қаттиқ режимли колонияда 20 йиллик жазо муддати тайинланди. Ундан ташқари, судланган Муродов Ойбек Мухторович жабр кўрган тарафлардан бирига 900 минг рубль маънавий зарарни қоплаши керак бўлади. У Ўзбекистоннинг Бухоро вилояти Қоракўл шаҳридан ва жиноятни содир этганида энди 22 ёшга тўлган бўлган. Ўз юртида у фельдшер бўлиб ишлаган, уйланмаган, - дейди суд жараёнида маҳкумнинг айбига тўлиқ иқрор бўлганини гапирган Вера Якушева.

Суд материалларидан маълум бўлишича, 2013 йилнинг 17 декабрида Домодедовонинг Солнечная кўчасидаги уйлардан бири ёнган. Ҳодиса жойига етиб келган қутқарувчилар ярим ёнган бинодан унда яшаган 73 ва 70 ёшли нафақахўр опа-сингиллар жасадини топган.

Суд-тиббий экспертиза опа-сингил Старковалар бош суяги сингани ва уларга етказилган тан жароҳатларидан ўлганини аниқлади.

Полиция ходимлари уч кун ўтмасдан - 20 декабр куни жиноятни содир этганликда айбланиб, 1991 йилда туғилган ўзбекистонлик Ойбек Муродовни қўлга олди. У дарҳол ўз қилмишига иқрор бўлди ва жиноятга қўл ургани сабабини терговчиларга билдирди.

Москва вилоятида тайинли иш топа олмаган қоракўллик Ойбек Муродов иккита кекса аёлга ҳовли юмушларида ёрдам беришга ёлланган ва уларнинг ҳовлисидаги омборхонада яшаб келган.

Мутахассислиги бўлишига қарамасдан, Муродов Россияда ишлаш учун қалбаки рухсатнома билан юрган, дея давом этади Москва вилоят суди ходимаси Вера Якушева.

- Маълумоти бўйича у илгари фельдшер бўлиб ишлаган. Суд давомида у ишга рухсатнома олиш учун пул йиғаётганини билдирди. Муродовнинг айтишича, кекса аёллар иккалови жуда вайсақи ва жанжалкаш бўлган ва бўлар-бўлмасга ўзбек муҳожирини сўкиб келган, - дейди Вера Якушева.

Жиноят тафсилотларида айтилишича, 2013 йилнинг 13 декабрь куни кампирлардан бирининг этигини ўз вақтида ямаб бера олмаган Ойбек кампирлардан қаттиқ гап эшитган. Жанжалкаш кампирлардан бири “ўзбекларни ялқов ва бефаҳм”, Ойбекнинг онасини эса “кўча аёли” деган ва Ойбек бундан ғазабланиб, уларни ўлдиришга аҳд қилган.

Тўрт кун ўтиб қўлида болға билан уйга бостириб кирган ўзбек муҳожири кампирларни бирин-кетин уриб ўлдирган. Хоналарни титиб чиққач, у атиги 3600 рубл ва 105 доллар пул топган. Ўз изларини йўқотиш мақсадида Муродов хонада газ колонкасини очиб, аёллар устидаги кийимни ёқиб юборган ва жиноят жойидан қочиб қолган.

Домодедово шаҳри бўйича Тергов қўмитаси терговчилари ва суд билан ҳамкорлик қилган ҳамда ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган бухоролик Ойбек Муродовга суд нисбатан “юмшоқ” жазо тайинлагани айтилмоқда.

Ҳозирда Ойбек Муродов “этап” бўйлаб жазони ўташ жойига юборилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG