Линклар

logo-print

"Фарғонаазот" 8 минг ишчисидан 15 миллиард сўм қарздор бўлиб қолди


"Фарғонаазот" 7800 нафар ишчиси 15 миллиард сўмлик қарзини узолмаяпти.

"Фарғонаазот" 7800 нафар ишчиси 15 миллиард сўмлик қарзини узолмаяпти.

Ўзбекистондаги энг йирик кимё заводларидан бири – Фарғонаазот корхонаси ишчи-хизматчилар маошларини яна кечиктириб бермоқда. Фарғонаазотнинг Озодликка мурожаат қилган ишчиларига кўра, корхонанинг 8 мингга яқин ишчисидан 15 миллиард сўмга яқин қарзи тўпланиб қолган. Ўзкимёсаноат давлат ҳиссадорлик ширкати тасарруфидаги Фарғонаазот ва бошқа корхоналарда маошларнинг кечиктирилиши билан боғлиқ муаммони Озодлик авал ҳам ёритган.

“Фарғонаазот” корхонасининг бир гуруҳ ишчилари Озодликка мурожаат қилиб, яна бир неча ойдан бери маошсиз ишлаётганларидан шикоят қилишди. “Ўтган йилнинг ёз ойлари учун пул тўланди холос. Раҳбарият қарздорлик қачон ёпилишини айтмаяпти”, дейди корхона ишчиларидан бири.

Ўзбекистондаги энг йирик кимёвий заводлардан бири ҳисобланган “Фарғонаазот” расмийлари маошлардан қарздорлик борлигини тан олди. Исмини очиқламаётганимиз корхона мулозими ўтган йилнинг август ва сентябрь ойлари учун маошлар бўйича қарздорлик декабрь оийда ёпилганини маълум қилди.

“Ўтган ойда, янги йил арафасида август, сентябрь ойларини ёпдик. Октярбь ойини ҳам бошлаб қўйдик. Ҳозир бошлиқлар Тошкентга шу масала бўйича бориб келишди, муаммони ҳал қилиш бўйича ишлар олиб бориляпти”, дейди “Фарғонаазот” мулозими.

Унинг айтишича, 7800 нафар ишчиси бўлган заводнинг маошлар бўйича қарздорлиги шу кунда қарийб 15 миллиард сўмни (6,2 миллион АҚШ доллари) ташкил қилади.

“Бу қарздорликни ёпиш учун заводга тижорат кредити ажратилишини кутяпмиз. Ўша кредит келса, қарздорликни тўла қоплаймиз”, дейди суҳбатдошимиз.

“Фарғонаазот” ширкати вакилига кўра, ишчилар ҳақининг вақтида берилмаётганига Ўзкимёсаноат таркибидаги “Қишлоқхўжаликкимё” ташкилоти олган маҳсулоти пулини вақтида тўлаб бермаётгани асосий сабабдир. “Фермерлардан пул чиқмаяпти-да”, дейди суҳбатдошимиз.

Ўзкимёсаноат давлат акциядорлик ширкати тасарруфидаги корхоналарда бир неча ойлаб маошлар тўланмаслиги билан боғлиқ муаммо кейинги йилларда сурункали тус олган.

“Фарғонаазот”, “Навоийазот” ва “Самарқандкимё” заводларидаги маош кечиктирилиши билан боғлиқ муаммони Озодлик ўтган йили бир неча марта ёритган эди.

Ўтган йилнинг апрел ойида “Фарғонаазот” ва “Навоийазот” корхоналарининг жами 20 мингга яқин ишчи-хизматчиси бир неча ойлик ҳақини ололмаётгани тўғрисидаги хабар ортидан қарздорлик қисман қопланган эди.

Бундан ташқари “Самарқандкимё” заводи ишчилари саккиз ой давомида маошсиз ишлагани тўғрисида ўтган йилнинг августида хабар қилган эдик.

Озодлик “Ўзкимёсаноат” давлат ширкатидан маошлар билан боғлиқ муаммон нега сурункали тус олди, деган саволга жавоб ололмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG