Линклар

logo-print

Тошкент вилоятидаги мактаблар, коллежлар ва бошқа барча таълим масканларида ўқувчиларга баклажка “солиғи” солинди. Ҳар бир ўқувчига камида 10та баклажкани мактабга топшириш мажбурияти юклатилди. Мутасаддилар бу жараён Тошкент вилояти ҳокимининг вилоят ҳудудини маиший чиқиндилардан тозалаш борасидаги махсус қарори асосида амалга оширилаётганини таъкидлашди.

Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Қўшқўрғон қишлоғидаги 30-ўрта мактабнинг 4-синфида ўқиётган қизалоқнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, душанба куни мактабга бешта баклажка олиб борган.

“Синфимизда 27та ўқувчи бор. Ўқитувчимиз ҳаммага “5тадан баклашка олиб келасизлар” деди. Мен ҳам олиб бордим. Ким олиб келмаган бўлса, ўқитувчимиз роса уришиб, сўкди”, деди 4-синф ўқувчиси.

Ушбу мактабда фарзанди ўқиётган қўшқўрғонлик бир эркакка кўра, мактаб маъмурияти табиий газдан қарздорликни камайтириш мақсадида ўқувчиларга баклажка “солиғи” солинганини айтган:

“Қўшқўрғон қишлоғидаги 30-ўрта мактаб ГАЗдан фойдаланиш лимитидан ошириб фойдаланилгани учун давлатдан қарз бўлиши сабабли қарздан қутилиш чорасини топди. Ўқувчилардан баклажка йиғиб топшириш талаб қилинмоқда. Ҳар бир ўқувчига яъни юкори синф ўқувчиларига 10та баклажка, бошланғич синфларга эса 5тадан баклажка топшириш талаб қилинмоқда”, дея маълум қилди қўшқўрғонлик ота.

Тошкент вилоят Халқ таълими бошқармасидан олинган маълумотга кўра, нафақат Қўшқўрғондаги мактаб, балки вилоятдаги барча мактаб ўқувчиларига баклажка топшириш мажбурияти юклатилган:

“Бу жарарён мутлақо қонуний амалга оширилмоқда. Барча бюджет ва нобюджет ташкилотлар вилоятни маиший чиқиндилардан тозалаш тадбирида иштирок этмоқда. Ҳар бир оилада ўқувчилар бор. Шунинг учун чиқиндиларни мактабга йиғиш қулай. Болаларга кўчадан баклажка теринглар, демаяпмиз. Уйингиздаги эски баклажкаларни мактабга олиб келинглар деяпмиз”, деди Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармаси масъулларидан бири.

Тошкент вилоят ҳокимлигининг исмини ошкор қилмаётганимиз масъули ўқувчиларнинг баклажка йиғиш тадбири вилоят ҳокими Аҳмад Усмоновнинг экологик вазиятни барқарорлаштириш борасидаги махсус қарори бўйича амалга оширилаётганини таъкидлади:

“Вилоятимиз ҳудудидаги эколик вазиятни барқарорлаштириш ва табиий муҳитнинг мусаффолигини таъминлаш мақсадида иккиламчи хом ашёлар, ишлаб чиқариш чиқиндиларини қайта ишлаш йўлга қўйилган. Бу борада ҳокимимизнинг махсус қарори бор. Бу жараён бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Агар мактаблар иккиламчи чиқиндиларни йиғишса, албатта бунга пулини ҳам олишади. Йиғилган баклажка пули мактабнинг электр энергияси ва табиий гази учун сарфланиши мумкин. Бунинг нимаси ёмон. Биринчидан экологиямиз учун яхши, иккинчидан мактаблар олинган пулни ўз эҳтиёжи учун ишлатиши мумкин”, деди Тошкент вилоят ҳокимлигининг масъул ходими.

Ҳокимликдан олинган маълумотга кўра, йиғилган баклажкалар Қўқондаги чиқиндиларни қайта ишлаш заводига топширилади ва бир тонна баклажка учун 300 минг сўм пул тўланади.

Ўзбекистон мактабларида ўқувчиларни мажбурий тадбирларга жалб қилиш одат тусига кирган.

Жумладан, шу кунларда ангренлик ўқувчилар ўн кун ичида белгиланган миқдорда темир-терсак йиғиш ёки унинг ўрнига пул тўплашга мажбурланмоқда.

Металлолом​ни вақтида топширмаганлар ўқишдан ҳайдалишлари, юқори босқич талабаларига эса диплом берилмаслиги ҳақида огоҳлантирилган.

Ўзбекистонда мактаб, коллеж ўқувчиларининг темир-терсак ёки макулатура йиғишга жалб этиш анъанаси Совет давридан мерос қолган.

Ота-оналар ва ҳуқуқ фаолларининг эътирозларига қарамай ўзбекистонлик ўқувчилар ҳар йили ўқишдан ҳайдалиш таҳдидлари остида темир-терсак ва макулатура йиғишга мажбурланади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG