Линклар

logo-print

Ироқ ва Сурияда катта ҳудудни ўз назоратига олган “Исломий давлат” террор гуруҳи гаровдаги икки япониялик жони учун Токио ҳукуматида 200 миллион доллар сўради. 20 январь куни Интернетда пайдо бўлган видеомурожаатда қора ниқоб кийган жангари уч кунда пул етказилмаса, японияликларни ўлдириши билан пўписа қилди.

20 январь куни Интернетда пайдо бўлган қарийб 2 дақиқалик видеороликда қора либос кийган эркак қўлидаги пичоғини қайраб, Япония исломчиларга қарши курашаётган АҚШ бошчилигидаги халқаро коалицияни дастаклаётганини қоралади.

"Япония халқи ва ҳукуматига мурожаат" деб номланган видеода қора ниқобли жанггари инглиз тилининг британ акцентида гапиради ва гаровдаги икки японияликнинг жонини сақлаб қолиш учун Токио ҳукуматига 72 соатлик муҳлат берилишини айтади:

“Ҳукуматингиз "Исломий давлат"га қарши курашга 200 миллион доллар ажратиб, аҳмоқона ишга қўл урди. Ҳозир сизларда икки фуқароингиз жонини сақлаб қолиш учун ҳукуматингизга босим қилиб, 200 миллион доллар тўлашга кўндиришга 72 соат бор. Акс ҳолда, шу пичоқ икки ҳамюртингиз бўғзига урилади", дейди ИД жанггариси.

Видеоёзувнинг ҳақиқийми ёки йўқлигини тасдиқлаш ҳозирча имконсиз.

Видеода зарғалдоқ рангли либосда кўринган япониялик асирлар Кенжи Гото ва Харуна Юкавалар экани тахмин қилинмоқда.

Кенжи Гото Суриядаги воқеаларни ёритиш учун 2014 йилда бу давлатга борган япониялик журналистдир. У август ойида Сурияда исломий жанггарилар тарафидан гаровга олинган эди. Харуна Юкава хавфсизлик соҳаси мутахассиси. У ҳам ўтган йил август ойидан буён ИД жанггарилари гаровида қолмоқда.

Япония ҳукумати вакили Йошихида Суга бугун Токиода ўтган матбуот анжуманида ўз давлати терроризмга қарши курашни бундан буён ҳам қўллаб-қувватлаши ва бу йўлдан асло чекинмаслигини билдирди:

- Бу масалада давлатимиз позицияси ўзгаришсиз қолади, - деди Йошихида Суга.

Исроилга сафар қилаётган Япония бош вазири Синдзо Абэ одамлар ҳаётини гаровга қўйиб тахдид қилиш амаллари қабул қилиб бўлмас амал эканини айтди ва гаровдаги ҳамюртларини озод этишни талаб қилди.

Сўнгги ойларда Ироқ ва Сурияда йирик ҳудудларни қўлга киритган "Исломий давлат" бир қанча америкалик ва британияликни қатл этди.

Аввалроқ америкалик журналистлар Жеймс Фоули ва Стивен Сотлофф, Питер Кассиг, шунингдек, инсонпарварлик ташиклотнинг шотландиялик ходими Дэвид Хэйнс, британиялик Алан Хенинглар "Исломий давлат" тарафидан қатл этилган эди.

Ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирда 8 миллион одам ИДнинг қисман ёки буткул назорати остида яшамоқда.

Гуруҳ ўзи бошқараётган ҳудудларда шариат қонунларини жорий этган, одамларни Исломга тўлиқ амал қилишга мажбурлаш учун дарра уриш ва қатл этиш каби жазо чораларини қўллаб келади.

XS
SM
MD
LG