Линклар

logo-print

AҚШ Президенти Барак Обама 20 январь куни кечқурун Конгрессда мaмлaкaтнинг бугунги aҳволи ҳaқидa хaлққa ҳисобот берар экан Америка ҳарбий қудрат ва кучли дипломатияни мужассам этган ҳолда “оқил лидер бўлиши” кераклигини билдирди. Шунингдек, Обама АҚШ иқтисодида “инқироз сояси ўтиб кетди ва мамлакатимиз бугун ҳар доимгидан ҳам бақувват”, деб эълон қилди.

Президент Обаманинг таъкидлашича,ҳукумат томонидан кўрилган чоралар туфайли мамлакатдаги ишсизлик кўрсаткичи 5,6 фоизгача пасайган, айни пайтда инқироз ҳамда урушлар “саҳифасидан бошқа саҳифага” ўтиш даври келган.

-Америка учун муваффақиятга бой бўлган йилдан сўнг, бизнинг иқтисодимиз ўсмоқда, 1999 йилдан бери илк марта энг тез суръатларда иш ўринлари яратилмоқда. Бугунги кундаги ишсизлик даражаси молиявий инқироздан олдинги даврга қараганда анча паст. Бугунги кунда аввалгига қараганда анча кўп болалар таълим муассасаларини битирмоқда, олдингига нисбатан кўпроқ фуқаролар суғуртадан фойдаланмоқда, сўнгги 30 йил ичида хориждан импорт қилинаётган нефтга қарамлик бугунги кунда энг паст даражага тушди, -деди Обама.

Обама бой америкаликларга солиқларни кўпайтириш эвазига аҳолининг ўрта ва кам таъминланган қатламига кўмак кўрсатишга қаратилган давлат дастурларини молиялаштириш ниятида эканини билдирди.

Обама президент бўлганидан бери Конгрессда олтинчи марта ҳисобот берди. Бироқ у 20 январда биринчи марта Сенат ва Вакиллар палатаси қўшма йиғилишида нутқ сўзлади. Ўтган йилнинг ноябрида ўтган сайловлардан сўнг Сенат ва Вакиллар палатаси республикачилар назоратига ўтган эди. Кўпчилик республикачилар Обама сиёсатидан норози эканликларини айтиб келмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда, президент ўз нутқида Конгресс аъзоларини партиявий келишмовчиликларни унутиб, ҳамкорликда ишлашга чақирди.

Обама халқаро майдонда Америка ҳарбий қудрат ва кучли дипломатияни мужассам этган ҳолда “оқил лидер бўлиши” кераклигини билдирди.

Обаманинг айтишича, Оқ уйнинг муваффақиятли дипломатик ҳаракатларига иллюстрация сифатида Украинани мисол қилиб келтириш мумкин.

-Биз Америка қудрати ва дипломатияси имкониятларини намойиш қилмоқдамиз. Биз катта мамлакат кичкина мамлакатга таҳдид қилиш ҳуқуқига эга эмас, деган принципни қўллаб-қувватлашда давом этамиз. Биз Россия агрессиясига қарши турибмиз ҳамда Украинадаги демократия қурилишини қўллаяпмиз, НАТОдаги иттифоқдошларимизга берган кафолатларимизни мустаҳкамламоқдамиз... Бугун биз Америка ва унинг иттифоқчилари бирдам эканини ва уларнинг позицияси кучли эканини кўриб турибмиз, айни пайтда эса Россия изоляцияда қолмоқда ҳамда унинг иқтисоди чок-чокидан сўкилмоқда, -деди Обама.

Қўшма штатлар президенти “Покистондан келиб Париж кўчаларида юрган” террорчиларга қарши шафқатсиз ов олиб боришни ваъда қилди ва Конгрессни “Исломий давлат” гуруҳи жанггариларига қарши курашиш учун ҳарбий имкониятларни кенгайтиришга рухсат берувчи қонунларни қабул қилишга чақирди.

Эрон масаласида Обама Конгрессни Теҳронга нисбатан янги санкцияларни жорий этмаслик ҳақида огоҳлантирди.Обама фикрича, Теҳронга янги санкцияларнинг жорий этилиши Эрон ядровий дастури бўйича олиб борилаётган музокараларни боши берк кўчага киритиб қўяди. Шунинг учун Обама ҳар қандай санкцияларга вето қўйишини айтиб ўтди.

-Эрон масаласида бизнинг дипломатиямиз сўнгги ўн йил ичда илк маротаба ядровий дастур жараёнини тўхтатишга ва ядровий маҳсулотлар заҳирасини камайтирилишига эришди. Ҳозир баҳоргача Эрон билан бу масалада келишувга эришиш имконияти бор. Бу эса Америка ва унинг иттифоқчилари, жумладан, Исроилни Яқин Шарқдаги яна бир конфликтдан сақланишига сабаб бўлади, -деди Обама.

Конгресс олдидаги чиқишида AҚШ президенти ирқий тенгсизлик, "Исломий Дaвлaт" гуруҳигa қaрши курaш, Куба билан муносабатларнинг яхшиланиши ва киберхaвфсизлик масаласига ҳaм тўхтaлди.

Обама, шунингдек, дунёнинг айрим жойларида қайта бўй кўрсата бошлаган антисемитизмни кескин қоралади ҳамда мусулмонларга нисбатан қўлланилаётган таҳқирли стереотипларнинг номаъқбул эканини айтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG