Линклар

Турар-жой харид қилиш учун зарур пул маблағи бўлмаган тақдирда ипотека кредити олиш имкони бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам мавжуд. OzodJavobнинг бугунги сонида банкдан ипотека кредитини олиш тартиб-қоидаларига тўхталамиз.

Андижонлик Жасур исмли муштарий квартира олиш учун қандай қилиб ипотека олиш мумкинлиги ҳақида сўради:

“Мен ота-онамникида рафиқам ва икки болам билан яшайман. Яқинда укамни уйлантирмоқчимиз. Лекин бунинг учун биз бошқа уйга кўчишимиз керак. Ипотекага уй олмоқчиман. Мен давлат идорасида яшайман. Ойлигим ёмонмас. Илтимос ипотека олиш борасида маълумот берсангиз”, дея сўради андижонлик Жасур.

Қайси банк ипотека кредити беради?

Ўзбекистон Марказий банкидан олинган маълумотга кўра, мамлакатдаги барча банклардан уй харид қилиш учун ипотека кредити олиш мумкин:

“Ўзбекистондаги барча тижорат банклари бирламчи уй-жой бозоридан уй учун ипотека кредити беради. Бирламчи дегани қурилиш ташкилотидан тўғридан-тўғри уй олишдир. Қурилиш фирмалари қурган уйни биринчи эгаси бўласиз. Банк билан келишилган шартнома имзолангач, банк фирманинг ҳисоб рақамига маблағни ўтказиб беради”, деди Марказий банкнинг исмини очиқламаётганимиз мутахасиси.

Айни пайтда банк иккиламчи турар жой-бозоридан уй харид қилиш учун ҳам ипотека кредити бериши мумкин. Лекин банк мутахасисига кўра, бунинг мижоз учун бир қанча ноқулайликлари мавжуд:

“Иккиламчи уйнинг эгаси пулни нақд пулда беришни талаб қилади. Банк эса фақат ҳисоб рақамига ўтказиб беради. Пул ҳисобингизда қолиб кетиши мумкин. Уй бозорига бориб, жисмоний шахсдан квартира олишнинг мураккаблиги шунда. Банк пулни мижозга бериши мумкин. Лекин пулни ҳисоб рақамидан чиқариб олиш мураккаб”, деди Марказий банк мутахасиси.

Ипотека кредитининг фоизи қанча?

Суҳбатдошимиз банк мутахасисига кўра, ҳар бир банк ўзининг молиявий ҳолатидан келиб чиқиб, фоиз ставкасини белгилайди:

“Ўзбекистон банкларидаги энг паст фоиз бу ёш оилаларга бериладиган ипотека кредитларидир. Бунда фоиз ставкаси 9 фоиздан 12 фоизгача бўлади. Бошқа ҳолатларда ўртача 14 фоиз ставка белгиланади”, деди Марказий банк мутахасиси.

Фоиз ставкаси квартира нархига нисбатан бадалнинг миқдорига қараб ўзгариши мумкин.

Ипотека банки сайтидаги маълумотга кўра, ипотека кредити учун қарз олувчи бирламчи уй-жой бозоридан квартира сотиб олиш учун киритиладиган бошланғич бадал миқдорига қараб қуйидагича фоиз тўлайди:

*Бошланғич бадал 25%дан 39%гача бўлса, 16% йиллик фоиз ставкаси

*Бошланғич бадал 40%дан 49%гача бўлса, 15% йиллик фоиз ставкаси

*Бошланғич бадал 50% ва ундан юқори бўлса, 14% йиллик фоиз ставкаси белгиланган.

Кредит неча йилга берилади?

Ипотека кредитлари ёш оилаларга 15 йил муддатга берилади. Лекин бу ҳолатда қарз олувчи ўзининг маблағи ҳисобидан уй-жой қийматининг 25 фоиз (айрим банкларда 20 фоиз)дан кам бўлмаган миқдорини тўлаши лозим.

Бошқа ҳолатларда эса квартира нархининг 25%дан кам бўлмаган миқдори тўланган тақдирда 12 йил (бирламчи уй-жой бозоридан квартира сотиб олиш) ёки 10 йил (иккиламчи уй-жой бозоридан квартира ёки ҳовли сотиб олиш учун)ни ташкил қилиши мумкин.

Банкдан ипотекага неча пул олиш мумкин?

Амалдаги тартибга кўра, банкдан энг кам иш ҳақининг 2500 баробаригача бўлган миқдорда ипотека кредити олиш мумкин.

2014 йилнинг 15 декабридан бошлаб, энг кам иш ҳақи ойига 118 400 сўм қилиб белгиланган.

Демак, банкдан 296 миллион сўмгача миқдордаги ипотека кредити олиш мумкин.

Амалдаги тартибга кўра, олинган кредитни қайтариш учун уни қанча муддатга олган бўлсангиз, шу муддат охиригача ҳар ойда кредитнинг асосий қисмидан маълум сумма ва кредит фозини тўлаб бориш керак бўлади.

Кредит олиш учун нима гаровга қўйилади?

Банклардан олинган маълумотга кўра, сотиб олинаётган ҳовли-жой ёки квартира ипотека кредити учун гаров сифатида қабул қилиниши мумкин.

Ипотека кредити олиш жараёнидаги харажатлар:

1) Уй-жой ёки квартира нархини баҳоловчи томонидан баҳолатиш билан боғлиқ харажатлар;

2) Олди-сотди шартномаси (нотариус, БТИ) ва турар-жойга бўлган кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш билан боғлиқ харажатлар;

3) Ипотека шартномасини расмийлаштириш (нотариус, БТИ) билан боғлиқ харажатлар;

4) Гаровга қўйилган турар-жой мулкини суғурталаш билан боғлиқ харажатлар;

5) Ипотека кредитни банкнинг ўрнатилган тарифлари бўйича расмийлаштириш билан боғлиқ харажатлар;

Қандай ҳужжатлар зарур?

а) Талабнома, унда қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши зарур:

Олинадиган кредитнинг мақсади, муддати ва шартлари.

б) Кредит талабномаси омонатчи томонидан имзоланади ва тақдим этилган кун санаси кўрсатилади.

Талабномага қуйидагилар илова қилинади:

- Банк филиали жойлашган туман ёки шаҳарда доимий пропискаси ҳақидаги паспорт белгилари кўрсатилган, Омонатчи ва унинг рафиқаси паспортларига тегишли маълумотлар;

- Солиқ органларидан маълумотнома;

- Oмонатчининг турар жойидан маълумотнома, унда ушбу манзил бўйича яшаш муддати ҳамда оила аъзолари сони кўрсатилиши лозим;

- Иш жойидан, охирги вақт (12 ойгача) ичида олган маоши кўрсатилган, маълумотнома ёки даромадининг бошқа турини тасдиқловчи ҳужжат;

- Бошланғич бадал киритилганлиги ҳақида маълумот (омонат китобчаси нусхаси, маълумотнома ёки кўчирма);

- Иш берувчи имзолаган меҳнат дафтарчаси нусхаси;

- Сотиб олиш нияти тўғрисидаги шартнома;

******* **** **** **** *** *** *** *** *** *** *** *** *** ***

Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволларга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки ErkinMikrofon манзилларига йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG