Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:30

Ўзбекистон "қора бозори"да доллар ўн кун ичида саккиз фоизга қимматлади


Ўзбекистонда АҚШ долларининг "қора бозор"даги нархи ўзбек сўмига нисбатан саккиз фоизга ошди. Саррофлар Ўзбекистонда доллар курси ошишини Россияда рубль қадрининг кескин тушиб кетгани билан боғлашмоқда.

Ўн кун илгари Тошкент “қора бозор”ида саррофлар 1 АҚШ доллари учун 3420 сўм таклиф этган бўлса, ҳозир доллар 3750 сўмдан сотиб олиняпти.

- Олиш ҳозир 3750, сотиш 3850 сўм бўляпти,- дейди Тошкентнинг Паркент бозоридаги саррофлардан бири.

Саррофлар Ўзбекистонда доллар курси ошишини Россияда рубль қадрининг кескин тушиб кетгани билан боғлашмоқда.

Рублнинг қадрсизланиши ортидан Россиядан Ўзбекистонга АҚШ доллари оқими кескин камайди, дейди саррофлардан бири.

- Ҳозир кўряпсизку, Россиядаги аҳволни. Россияда ҳозир санкциялар боис доллар кўтарилиб кетган. Шунинг эвазига у ёқдан келиши камайган. Шунинг учун яқин кунларда бизда доллар яна кўтарилади, дейишяпти,- дейди тошкентлик сарроф.

Хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан Ўзбекистон Марказий банки белгилаган расмий қийматларида эса ошиш сезилмайди.

Ўзбекистон Марказий банки маълумотига кўра, 20 январь куни 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати 2430 сўмни ташкил қилди.

Таъкидлаш жоиз, Россияда меҳнат қилаётган миллионлаб ўзбек мухожирлари рублда даромад кўради.

Ўзбекистонга эса, улар маблағларини АҚШ долларида жўнатишади.

Россияда рубль қадрининг кескин тушиши ортидан меҳнат мухожирларининг уйларига жўнатадиган маблағлари миқдори ҳам сезиларли камайган.

- Тўрт ой олдин мен ишлаб топадиган 35 минг рубль 1000 доллар атрофида бўлган бўлса, ҳозир зўрға шунинг ярми бўляпти. Доллар ҳисобида даромадимиз деярли икки баравар камайиб кетди,- дейди Москвада қурилишлардан бирида ишловчи Азамат.

Ўтган ҳафтада Жаҳон банки иқтисодлари фуқароларининг Россиядан пул ўтказмаларига боғлиқ бўлган тўққиз мамлакат, жумладан Ўзбекистон иқтисодига хавф туғдириши ҳақда баён қилган эди.

Жаҳон банки мутахассисларига кўра, МДҲ маконидаги ушбу мамлакатлар 2015 йилда умумий миқдорда 10 миллиард доллардан кўпроқ тушумдан мосуво қолишлари мумкин.

Айни пайтда рубль қадри тушиши ортидан даромадлари қисқарган кўплаб меҳнат мухожирлари Россиядан кетиш ҳақида ўйламоқда.

Жаҳон банкига кўра, Ўзбекистон иқтисодининг камида 12 фоизи Россиядан келадиган пул ўтказмаларига боғлиқ.

Ҳозирда бир АҚШ доллари Россияда 65 рублга тенгдир. Яъни рубль сўнгги тўрт ой ичида қарийб икки баравар қадрсизланди.

Рублнинг қадрсизланиши, айни пайтда Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам таъсири сезилмоқда.

Январь ойида Туркманистоннинг манати 19 фоизга қадрсизланди. Жаҳон банки мутахассисларига кўра, Қирғизистон ва Тожикистонга инфляция таҳдид солмоқда.

XS
SM
MD
LG