Линклар

Сурия чорламоқда: Жиҳодчилар халифаликни Ўзбекистонга ëймоқчи


Исломий давлат куни кеча чормих қилинган икки эркак ва хиëнатда айбланиб¸ тошбўрон орқали ўлдиришга ҳукм этилган аëл видеосини эълон қилди.

Исломий давлат куни кеча чормих қилинган икки эркак ва хиëнатда айбланиб¸ тошбўрон орқали ўлдиришга ҳукм этилган аëл видеосини эълон қилди.

Сурия чорламоқда...

“Яқин Шарқ ҳудудига жиҳодчилар сафига қўшилиш учун кетаëтган ëхуд уларни бошқа йўллар билан қўллаб-қувватлаëтган марказий осиëликлар сони ошиб бормоқда. Постсовет ҳудудига хос сиëсий маргиналлашув ва иқтисодий истиқболдан маҳрумлик ўтган уч йил давомида 2000-4000 мингга яқин одамни дунëвий давлатдан юз ўгириб¸ унинг радикал муқобилини излашга ундади. Бугун Исломий давлат фақат жанггариликка ташналарнигина эмас¸ балки исломий ақидаларга мос ҳаëт кечиришни орзу қилган тақводорларни ҳам ўзига тортмоқда”¸ дейилади Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи эълон қилган “Сурия чорламоқда: Марказий Осиëдаги радикаллашув” деб номланган янги ҳисоботда.

Гуруҳнинг Марказий Осиë дастури директори Deirdre Tynan Озодлик билан суҳбатда Исломий давлат террор гуруҳи учун ҳозирги шароитда Афғонистон ëки Покистондан кўра¸ Марказий Осиëдан одам ëллаш осонроқ бўлиб қолганини айтади:

- Исломий давлатнинг минтақадаги эркагу аëлни ўзига жалб қилаëтгани бош сабаби аҳолининг сиëсий ва ижтимоий ўзгаришлар орзуси сароб бўлиб қолаëтганидадир. Бугун Исломий давлат сафига қўшилган ëки унга очиқ ва яширин хайрихоҳлик қилаëтганлар қиëфаси бир хил эмас¸ улар орасида бой ва камбағал¸ ўқиган ва ўқимаган¸ ëш ва қари¸ эркак ва аëл бор¸ дейди таҳлилчи.

Исломий давлатга энг кўп ўзбеклар қўшилмоқда

Ҳисоботда таъкидланишича¸ Исломий давлат жанггарилари сафига қўшилаëтганлар орасида Марказий Осиëнинг бешала давлати фуқаролари бўлгани ҳолда¸ ўзбеклар энг кўпчиликни ташкил қилади ва тахминларга кўра, ўзбеклар сони камида 2500 нафарга етган. Булар асосан Ўзбекистон фуқаролари¸ қолаверса¸ 2010 йилги Ўш қирғинидан кейин радикаллашган қирғизистонлик ўзбеклардир¸ дейилади Бўҳронларни ўрганиш гуруҳи ҳисоботида.

Суриядаги ўзбеклар ким?

Озодликнинг Фарғона водийсида яшовчи манбаси (хавфсизлик нуқтаи назаридан шахси очиқланмаëтир) ўз атрофида асосан Исломий давлат тарафдорлари яшаëтганини айтади.

Исломий давлат сафида жиҳод қилаëтган жиззахлик жанггари.

Исломий давлат сафида жиҳод қилаëтган жиззахлик жанггари.

“Яқинда ўз қариндошларимдан бири оиласи билан бутунлай Сурияга кўчиб кетди ва охирги марта ўзининг “Оллоҳ йўлида жиҳодга қўшилгани ва бу йўлда шаҳидликка тайëр” эканини айтиб¸ бизни ҳам ўз сафига қўшилишга ундади. Биз унга бу хато йўлдан қайтишни маслаҳат берганимиздан кейин¸ биздан воз кечганини айтиб¸ алоқани буткул узиб қўйди”¸ дейди Озодлик суҳбатлашган водийлик манба.

- Сурияга асосан эркаклар¸ эрлар кетаяпти¸ кейин оиласи бораяпти. Яқинда битта ўртоғим ҳам борди¸ лекин икки ҳафтадан кейин у ердаги аҳволни кўриб¸ зўрға қочиб келди. Акаларига қўшилиб кетаëтган қизлар¸ тул хотинлар ҳам бор экан. Боши очиқ аëлларни дарҳол никоҳлаб қўйишар экан. Ўзимиз тарафдан борган битта қиз никоҳланганидан кейин ким биландир телефонда гаплашган экан¸ ҳамманинг олдида тошбўрон қилиб ўлдиришибди. Шундан кейин ўртоғимнинг кўзи очилибди. Қанақа одамлар бораяпти десам¸ кўпчилиги Россиядан келаяпти¸ сал гаплашиб кўрсанг¸ илми йўқ одамлар¸ деяпти. Кўпчилиги ëшлар¸ дейди Озодлик суҳбатлашган фарғоналик манба ўз шахси очиқланмаслиги шарти билан.

Озодлик яқинда ўтказган кичик бир суриштирув давомида¸ Сурхондарëнинг 2000 дан ошиқ одам яшовчи биргина қишлоғидан айни кунларда Суриядаги жиҳодчиларга қўшилган камида тўрт нафар 20-30 ëшлардаги йигит борлигини аниқлади.

Исломий давлат Ўзбекистонга кўз тикмоқда...

Исломий давлатга қарши кураш стратегияси нафақат Марказий Осиë¸ балки аксар дунë учун долзарб масала бўлиб турган айни кунларда¸ қирғизистонлик диншунос Қодир Маликов Исломий давлат гуруҳи Марказий Осиёда қатор террор хуружлари амалга ошириш учун 70 миллион доллар ажратгани ҳақидаги иддао билан чиқди.

Исломий давлат сафида жиҳод қилаëтган қаршилик собиқ милиционер.

Исломий давлат сафида жиҳод қилаëтган қаршилик собиқ милиционер.

20 январь куни Бишкекда журналистлар билан учрашган Дин¸ қонун ва сиëсат деб аталган таҳлилий марказ раҳбари Маликов Исломий давлат таркибида асосан марказий осиëлик жанггарилардан ташкил топган “Мовароуннаҳр” деб аталувчи гуруҳ борлигини билдирди.

Ўз талқинидаги исломий халифаликни Сурия ва Ироқ ҳудудидан яқин келажакда Марказий Осиёга кенгайтиришни мақсад қилган Исломий давлат¸ қирғиз эксперти иддаосича¸ Қирғизистон жануби орқали Ўзбекистондаги вазиятни издан чиқариш ниятида.

Айни пайтда Қодир Маликов бу маълумот қайси манбадан олинганини журналистларга очиқламади.

Маликов баëнотидан бир ҳафта аввал Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқароларини Туркия орқали Сурияга юбориш билан шуғулланиб келган гуруҳ фош этилганини билдириб¸ бу гуруҳнинг Истанбулда қўлга олинган аъзоси иқрорини жамоатчиликка эълон қилган эди.

Айни пайтда¸ Суриядаги жанггариликдан қайтгач¸ жорий ой бошида Ўшда қўлга олинган Адаҳам Райимжонов¸ ҳибсхонадан туриб журналистларга берган интервюсида¸ Исломий давлат томонидан ўзига Ўзбекистонда террор ҳужумлари ўтказишни ташкиллаштириш вазифаси юклатилганини билдирган эди:

- У ердаги бир дўстим, исми Абдуллоҳ, "агар қайтсанг, ёрдам бер", деди. Мен: "Қандай ёрдам?" дедим. У: "Агар у ерга борсанг, ансор бўласан", деди. Мен: "Қандай ёрдам бера оламан" десам, у: "Ўзбекистонга ҳужум қиламиз, Миллий хавфсизлик хизмати ва бошқа жойларни портлатамиз", деди. Мен: "Майли, агар Оллоҳ учун бўлса, қиламан, нима қилиш керак?" дедим. У: "Сен Туркияга борасан, у ерда сени кутиб олишади¸ кейин кетаверасан", деди. Мен Қирғизистонга келиб, бу ердан минёрларни жўнатишим керак эди. Мен Қозоғистонга келганимда мени қўлга олишди¸ деди Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳибсхонасида журналистлар билан гаплашган ўшлик жиҳодчи йигит.

Муаммонинг ечими борми?

Таҳлилчилар фикрича¸ дунëвий давлатдан ҳафсаласи пир бўлиб¸ Исломий давлат томон бурилаëтган ўзбекистонликларни радикаллаштираëтган сабаблар қоришиқ бўлгани¸ бу радикалларнинг ижтимоий қиëфаси ҳам қоришиқ бўлгани боис¸ бу жараëнни тўхтатиш муаммосига ҳам ягона ечим йўқ.

Ўзбекистон каби авторитар давлатлар биринчи чора сифатида Исломий давлатга қўшилган ëки унга хайрихоҳлик кўрсатганларни кескин жазолашни танлади. Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари таъкидича¸ кейинги ойларда 244 ва 159-моддалар бўйича айбланаëтганларга айнан шу гуруҳга алоқадорлик айби қўйилмоқда.

Бўҳронларни ўрганиш гуруҳи таҳлилчиларга кўра¸ ўз аҳолисининг Исломий давлат каби радикал террор гуруҳлари сафига тортилишини тўхтатиш учун минтақа¸ хусусан¸ Ўзбекистон ҳукумати авваламбор сиëсий-маъмурий жиҳатдан йўл қўйилган жиддий камчиликларни тан олиб¸ дарҳол ўз фуқаролари ҳақларини камситувчи қонунлар ва сиëсатни ўзгартириши¸ эркагу аëлга¸ айниқса¸ келажак истиқболидан маҳрум қолаëтган қишлоқ ҳудудларидаги ëшлар учун иқтисодий имконлар яратишни бошлаши лозим. Бундан ташқари гуруҳ минтақа ҳукуматларига хавфсизлик борасидаги ўзаро ҳамкорликни яхшилашни ҳам тавсия қилади.

Асосан Туркия орқали Суриядаги жиҳодчилар ëнига ўтиб кетаëтган ўзбекистонликлар бирламчи ҳукуматнинг ўзи яратган муаммо ва унинг бирламчи ечими ҳам айни шу ҳукумат қўлидадир¸ дейди Истанбулдан бошпана топган ўзбекистонлик журналист Нарзулла Охунжонов:

- Бу муаммони яратганларнинг биринчиси Ўзбекистон ҳукуматидир. Одамларни чиқиб кетишга ундаëтган сабабларни кимдир яратди¸ яна шу ҳукумат. Энди муаммони ўзлари ҳал қилсин. Бу радикалларни йиғиштириб олсин¸ иш ўринлари яратсин¸ ойлигини вақтида тўласин. Ҳатто болаларга берадиган нафақагача йиғиштириб олганидан кейин ишсиз одамлар қандай бола-чақа боқсин?! Ишсизлик даражаси осмон бўлиб турган бир пайтда ишсизлик нафақаси деган нарсанинг ўзи йўқ. Нима қилсин бу бечора халқ¸ ишсиз бўлса¸ иш бермаса¸ тадбиркорлик қиламан деса¸ йўл бермаса? Намоз ўқийман¸ масжидга бораман деса¸ буниям чеклаб¸ кузатувга олган бўлса¸ дейди журналист.

Ҳозирча на Ўзбекистон ва на минтақанинг бошқа давлатлари ҳукуматлари аҳоли¸ хусусан¸ ëшларни радикаллаштираëтган сабабларни илдизи билан йўқ қилишга қаратилган чора-тадбирларга қўл уриш режаси борлигини кўрсатганича йўқ.

Президент Каримов ўтган йил 31 август куни уламолар билан учрашувда ëшларни Исломий давлат деган “бало”дан қандай қайтариш масаласида бош қотиришга чақириб¸ бу борада бир маслаҳатлашиб олишни таклиф қилган эди. Ҳозирча бундай маслаҳатлашувнинг бўлган-бўлмагани¸ бўлган бўлса¸ унда қандай чоралар маъқул топилгани ҳақида маълумот йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG