Линклар

2015 йилнинг 1 январидан Россияда жорий этилган янги миграция қоидалари визасиз мамлакатлардан келаётган меҳнат муҳожирлари орасида кўплаб саволларни юзага келтирмоқда. Озодлик радиоси таҳририятга келаётган саволлар асосида 2015 йилда Россияда ишга рухсатнома олиш янги қоидалари масаласида эслатма тайёрлади.

Россияда хориж фуқаролари томонидан меҳнат фаолияти билан шуғулланиш 2002 йилнинг 25 июлида жорий қилинган 115-ФЗ “Хориж фуқароларининг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги Қонун томонидан бошқарилади. 2013 йил 23 июлида қабул қилинмиш 203-ФЗ ““Хориж фуқароларининг Россия Федерациясидаги ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги Федерал қонунга ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги Қонуни янги тартибларни жорий қилди.

Миграция картаси

Россияга визасиз давлатлар, хусусан, Ўзбекистондан келаётган меҳнат муҳожирлари чегарада берилаётган миграция картасида “Цель визита в Российскую Федерацию”, яъни “Россия Федерациясига ташрифдан мақсад” катагида албатта “Ишга” (На работу), деб кўрсатишлари лозим.

Акс ҳолда, Федерал миграция хизмати (ФМС) идорасида унга Россияда меҳнат қилишга рухсат берилмайди.

Талабаларга

Янги тартибга кўра, Россия Федерацияси ўрта ва олий таълим муассасалари ва ташкилотлари кундузги бўлимларида таҳсил олаётган чет элликлар фақат ишга рухсатнома асосида меҳнат қилишлари мумкин. Бу рухсатнома муддати унинг таълим олиш муддатидан ошиб кетмаслиги лозим. Бу тоифадаги шахсларга ишга рухсатнома белгиланган квоталардан ташқари берилиши белгиланган.

Ишга рухсатнома хориж фуқаросидан ариза топширилган кундан бошлаб 10 кундан ошмаган муддатда берилиши лозимлиги қонунда кўрсатилган. Бу рухсатнома муҳлатини узайтириш учун у патент муддати тугашидан 15 кундан кечиктирмасдан ФМС идорасига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

1) Ишга рухсатномани узайтириш тўғрисида ариза; 2) Хорижликнинг ўзи таҳсил олаётган муассасасида кундузги бўлимда ўқиётгани тўғрисида маълумотнома; 3) бирор ишни бажариш (хизмат кўрсатиш) бўйича тузилган меҳнат шартномаси; 4) гиёҳвандлик, ОИТС ва бошқа юқумли касалликларга мубтало бўлмагани тўғрисида тиббий маълумотнома.

Хорижлик талаба ўзи таҳсил олаётган Россия минтақасидан ташқарида меҳнат фаолияти билан шуғулланишига йўл қўйилмайди.

Ишга рухсатномани 2014 йилда расмийлаштирган муҳожирларга

Ишга рухсатномалар унда кўрсатилган муддатгача амал қилиши қонунда тасдиқланган.

Визасиз мамлакатлар, шу жумладан, Ўзбекистондан келган ишчиларга эндиликда иш ўринларини тақсимлаш квоталаш тизими асосида амалга оширилмайди.

2014 йилда расмийлаштирилган патентларнинг амал қилиш муддати

Миграция хизмати ходимлари изоҳига кўра, 2015 йилнинг январигача расмийлаштирилган патентлар тўлов бажарилган муддатгача амал қилади. Масалан, 2014 йилнинг декабрида бир, икки ёки уч ойга аванс тўлови ўтказилган патентлар шу муддат якунига қадар амал қилади (ўтган йилнинг декабрида ФМС патент муддатини узайтиришни 3 ойдан кўпроқ вақтга рухсат бермаган).

Яъни, 2015 йилнинг март ойига қадар эски йилда берилган патентлар ўз кучини йўқотади.

Патентнинг тўлов муддати якунланиши билан муҳожир, янги қоидаларга кўра, янги ишга рухсатнома расмийлаштиради. Бунинг учун у эски патенти амал қилиш муддати якунига қадар янгисини олиши ёки ҳужжат расмийлаштиришга улгурмаслигига ишонч ҳосил қилса, Россия чегарасидан ташқарига чиқиши ва янги миграция картасини олиб кириши лозим.

Патентни қўлига олган мигрант кейинги икки ой давомида маҳаллий ФМС идорасига ишга рухсатнома нусхасини олиб келиб кўрсатиши, иш берувчи эса бу ҳақда билдиришнома юбориши лозим. Акс ҳолда, патент бекор қилинади, хориж фуқароси эса депортацияга учрайди.

Патент олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар

1. Патент олишга ариза;
2. Паспорт;
3. Ишга рухсатнома олиш учун 2000 рубль миқдорида давлат божи;
4. Миграция картаси;
5. 2 дона 3х4 см фотосурат.

2015 йилги патент тизими ҳам жисмоний, ҳам юридик шахсларникида иш фаолиятини олиб боришга рухсат беради. Патент хорижликка Россия Федерацияси ҳудудида ҳам яшаш, ҳам ишлаш ҳуқуқини беради.

2015 йилнинг 1 январидан киритилган қоидага кўра, муҳожир патент олишга аризани Россия Федерациясига кириб келганидан 30 кун давомида топшириши лозим. Агар бу муддатни ўтказиб юборса, у 10 мингдан 15 минг рублгача маъмурий жаримага тортилади.

Патент нархи

Россиянинг турли минтақаларида патентлар нархлари маҳаллий ҳокимиятлар томонидан 1500 рублдан 8 000 рублгача қилиб белгиланади. Масалан, ишга рухсатнома нархи энг юқори бўлган Ёқутистон ва Чукоткада патентлар 7056 ва 8000 рублни ташкил этади. Эндиликда ишга рухсатнома Москвада - 4 минг ва Санкт-Петербургда – 3 минг рублни ташкил қилади. Энг арзон - 1568,4 рублли патентни эса меҳнат муҳожирлари Киров, Кострома, Иркутск ва Пензада расмийлаштиришлари мумкин.

Муҳожир ўз патентини 12 ойлик муддати якунига 10 иш куни қолгунга қадар яна узайтириши мумкин. Бироқ патентни фақат бир маротаба узайтиришга рухсат бор.

Патент йўқолиб қолса

Йўқотиб қўйилган ёки яроқсиз ҳолга келиб қолган патент ўрнига Федерал миграция хизматининг тегишли идорасидан дубликат олиш мумкин.

Миграция идораси томонидан патент берилмаган ёки ишга рухсатномаси муддатдан олдин бекор қилинган шахс патентни қайта расмийлаштиришга бир йилдан кейин мурожаат қилиши белгиланди.

Патентга зарур бўлган барча ҳужжатларни бир жойда йиғиш мумкинми?

Муҳожирлар учун патент олишга зарурий бўлган ҳужжатларни йиғиш турли минтақаларда жорий йилнинг январидан ишга тушган Кўптармоқли Миграция марказлари (Многофункциональный Миграционный центр)да амалга оширилади.

Масалан, Москвада шундай йирик марказлардан бири Янги Москванинг Сахарово қишлоғида ишга тушди (Троицкий административный округ, сельское поселение Вороновское, метро Аннино, тел. +7 (495) 539 55 33).

Бу ерда улар рус тили, қонунчилигидан имтиҳон топширишлари, солиқ идораси қайдига (ИНН), миграция қайдига туришлари, тиббий кўрикдан ҳамда дактилоскопиядан ўтишлари мумкин. Москва мэрияси ташаббуси билан тузилган бу ташкилотда, масалан, рус тили, Россия қонунчилиги ва тарихидан имтиҳон топшириш атиги 500 рублни ташкил этади, ваҳоланки, бошқа жойларда бу хизмат учун 3 мингдан 5 минг рублгача хизмат ҳақи олинади.

Кўптармоқли марказ “ягона хизмат” режимида ўз хизмати учун хориж фуқаросидан барча ҳужжатлар учун 14500 рубль ҳақ олишини эълон қилди.

Кўплаб минтақаларда зарурий ҳужжатларни йиғишга кўмаклашувчи тижорат ташкилотлари ҳам фаолият юритмоқда.

Янги иш жойига ўтган ёки янги меҳнат шартномасини тузган муҳожирга

Янги меҳнат шартномасини тузган хориж фуқароси иш берувчисидан тегишли ФМС идорасини бу ҳақда бохабар қилишни талаб қилиш ва янги билдиришнома бланкаси билан миграция идорасига мурожаат қилиши лозим.

Патент муддати тугагач, қанча вақтда Россияга қайтиб кириш мумкин?

Янги қонунга биноан, меҳнат қилгани келган ва Россияга кириб зарурий миграция ҳужжатларини расмийлаштирган хориж фуқаролари чегарани беҳисоб маротаба кесиб ўтишлари мумкин.

Жорий йилдан бошлаб ишга рухсатнома олиш учун мигрантлар рус тили, Россия қонунчилиги ва тарихидан имтиҳон топширишлари зарур.

Хориж паспортлари тўғрисида (Загранпаспорт)

Янги йилнинг 1 январидан МДҲ давлатлари фуқаролари Россияга фақат хорижий паспорт билан кириши мумкин.

Ўзбекистондан ташқари МДҲдаги деярли барча давлатларда икки паспортлик режим амалда бўлиб, фуқаролар ўз мамлакати ҳудудида ички паспорт билан юради. Шунинг учун бу мамлакатлар фуқаролари Россияга хорижий паспортлари билан боради.

Ўзбекистонда битта паспортли тизим жорий қилингани сабабли, ягона ўзбек паспорти хорижга, жумладан, Россияга чиқишга рухсат беради.

Депортация бўлган муҳожир Россияга 10 йил киритилмайди

Президент Владимир Путин 2014 йилнинг 31 декабрь куни имзолаган янги қонунга кўра, миграция қонунчилигини бузган муҳожирнинг Россияга 10 йил давомида кириши тақиқланди.

Ушбу қонунга кўра, агар муҳожир Россияда бўлиш муддати тугагач, ноқонуний равишда 270 кундан ортиқ қолган бўлса, унга 10 йиллик тақиқ қўлланилади.

Агар муҳожир 180 кундан 270 кунгача Россия ҳудудида ноқонуний юрган бўлса, унинг 5 йил давомида ушбу мамлакатга кириши тақиқланади.

Федерал Миграция хизмати маълумотига кўра, сўнгги икки йил давомида 1 миллион 300 минг муҳожирнинг Россияга кириши тақиқланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG