Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:28

Маккада қотилликда айбланган аёлнинг боши олингани норозилик уйғотди


Саудия Арабистонида 7 яшар ўгай қизини зўрлаб ўлдиришда айбланган аёлнинг жамоатчилик кўз ўнгида боши кесилгани халқаро жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлмоқда. Гувоҳлардан бири Youtube тармоғига қўйган видеода маҳкум аёлнинг "Мен ўлдирмадим, бу амалингиз ҳаром!" дея тўхтовсиз бақирган ҳолида қатл қилингани акс этган.

Маккаликлар кўз ўнгида боши танасидан жудо қилинган аёл - Лайло бинти Абдул Муталлиб Басим 7 яшар ўгай қизини таҳқирлаш ва калтаклаб ўлдиришда айбланиб, 12 январь куни қатл қилинди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар маҳкум аёлнинг жиноятни содир этмаганини тинимсиз таъкидлагани ва полициянинг амалидан норози эканини таъкидлаганига эътибор қаратмоқда.

Гувоҳлардан бири олган ва сўнгра Youtube порталига жойлаган (видео қисқа муддат ичида порталдан олиб ташланди - таҳр.) видеотасмада 4 полициячининг бир аёл кишини судраб, қатл жойига олиб келаётгани акс этади.

Полиция ходимларига қаршилик қилишга уринган аёл муттасил равишда: "Мен ўлдирмадим, сизни кечирмайман, бу амалингиз ҳаром!" деб бақиргани эшитилади.

Полиция ва уларга ҳамроҳлик қилаётган оқ кийимдаги жаллод аёлнинг сўзларига парво қилмайди. Қўлида кумуш қилич кўтарган жаллод аёлга қарата: "Оллоҳдан раҳмат сўра!" деб такрорлайди. Аёл сўзларидан қайтмайди ва тез ўтмай, жаллод 3 зарба билан аёлнинг бошини олади.

Бу видеотасма қисқа муддат ичида Youtube порталидан олиб ташланганига қарамай, ижтимоий тармоқлар ва қўл телефонларида тарқалиб улгурди ва охир-оқибатда, халқаро матбуот назарига тушди. Ҳозир бу қатл жамоатчиликда жиддий норозилик уйғотган воқеалардан бирига айланди.

Айниқса, аёлнинг жиноятни содир этмагани ва ҳукмга қарши эканини жон аччиғида такрорлагани халқаро ташкилотларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлмоқда.

Бундай норозиликларга жавобан Саудия Арабистонининг ички ишлар вазирлиги ҳакам маҳкум ўта қабиҳ жиноятни содир этганига ишонч ҳосил қилгач, аёлга олий жазо - ўлим жазосини бергани ҳақидаги баёнотни чоп этди.

Аслида Саудияда Ислом қонунлари поспони бўлган саудий полициясини таҳқирлашда айбланган маҳаллий блоггер Раиф Баъдавийнинг жазога тортилгани устидан кўтарилган баҳслар ҳануз тингани йўқ.

"Озод Саудия либераллари" номли блог очган бу фаол унда мамлакатда ижро этилаётган қатл маросимлари - бошини кесиш, тошбўрон қилиш, айниқса, аёлларнинг ерга кўмилган ҳолда тошбўрон қилинишини танқид қилган.

Блоггерга 10 йиллик қамоқ жазоси, минг дарра калтак ва катта миқдорда жарима солинган. Ҳукмга кўра, у жами 18 маротаба - ҳар жума куни 50 нафардан даррага буюрилган ва шу кунга қадар Баъдавий икки жума куни Жидда шаҳридаги масжидда намозга йиғилган оломон кўз ўнгида 50 даррадан калтакланди.

Human Rights Watch ташкилотининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка давлатлари бўйича директори Сара Леа Вилсон блоггернинг ҳибсга олинишини қоралар экан: "Саудия Арабистонида жисмоний жазо бериш йўли билан жазолаш янгилик эмас, аммо ўз фикрини билдирган фаолни жамоат кўз ўнгида калтаклаш тоқатсизликнинг ваҳшиёна ифодасидир" деди.

Amnesty International ташкилоти ҳам буни қоралаб, блоггернинг озод этилиши учун халқаро миқёсидаги қутқарув кампаниясини бошлаган.

Саудия Арабистонида қотиллик, жинсий тажовуз, зино ва қуролли босқинга қарши олий жазо берилади ва бу жазо қилич билан бошини танасидан жудо қилиш, отув ва тошбўрони йўли билан ижро этилади.

Бу давлатда 2015 йилнинг бошидан буён 7 киши қатл қилинди.

XS
SM
MD
LG