Линклар

logo-print

24 яшар Назокат Хоразмнинг чекка қишлоғидаги камбағал оиланинг тўрт фарзандидан бири:

- Ночорлик боис шу аҳволда тушдим. Онам ишлар эди¸ отам Россияга қатнади. Мени эрга беришди. Эрим билан келишмай¸ ажрашдик. Бир қизим бор¸ ҳозир у онамнинг олдида. Абу Дабида зўр иш бор¸ деганга ишониб келиб қўшмачилар тўрига тушдим. Ўз юртимда фоҳишалик қилмаганман¸ дейди суҳбатдош.

Озодлик билан суҳбатда Назокат қандай қилиб қўшмачилар қўлига тушганлиги тафсилотларини ҳикоя қилди:

- 2013 йилда бир ўртоғимнинг тўйида Латифа деган қиз билан танишиб қолдим. Мендан икки яшар кичкина қиз эди. Абу Дабида иш бор¸ деди. Яхши иш ўзимиз виза тўғирлаймиз¸ кейин сизни кутиб олишади¸ деди. Мен бу ишни фоҳишалик эканлигини билмадим ҳам. Хуллас ўша йили Абу Дабига келдим. Бухоролик Ш. исмли аëл билан бир қора танли аëл кутиб олди. Кутиб олганда¸ қочиб кетмасин¸ деб мени дарров машинага тиқишди. Чунки мендан олдин баъзи қизлар аэропортнинг ўзидан қочиб кетишган экан. Паспортимни олиб қўйишди. Сенга 10 минг доллар харажат қилганмиз. Ўша 10 минг долларни фоҳишалик қилиб ишлаб берасан¸ дейишди. Мени пардоз-андоз қилиб бир мижозга 10 кунликка юборишди. Шу тариқа фоҳишага айландим¸ дейди суҳбатдош.

Озодлик билан суҳбат мобайнида Назокат ўзининг Абу Дабидаги кўргиликларини бир-бир ҳикоя қилиб берди.

Назокатнинг айтишича¸ уни Абу Дабига юборган Латифа исмли қиз бу иши учун 1000 доллар олган:

- Буни мен Абу Дабидаги бухоролик қўшмачи аëлни дафтарида кўриб қолдим. Дафтарда мижозлардан олинган пуллар бирма-бир ëзилган экан. Мен билан бирга тошкентлик рус қиз ҳам ишлар эди. Бу дафтарда мени олиб келган одамга 1000 ва рус қизни олиб келган кишига 1000 берилгани ëзилган. Қўшмачи аëл очкўз эди. Мижозлар бизга берган чой-чақа пулларни ҳам олиб қўяр эди. Бухоролик қўшмачи аëлнинг фаластинлик эри таксичилик қилар ва бизларни мижозларга олиб борар эди. Қўшмачи аëлнинг эри чўнтагимиздаги пулларни тинтиб олиб қўяр эди. Худди қамоқдаги каби ҳаëтни кўрдим¸ дейди Назокат Озодлик билан суҳбатда.

Назокатнинг ота-онаси ва қизи унинг фоҳишалик қилиб юрганидан бехабар:

- Уй билан телефонда гаплашганимда¸ мен ширин маккажўхори фабрикасида ишлаб юрибман¸ деб алдар эдим. Отам ногирон¸ менинг бу аҳволда юрганимни билса¸ ағдарилиб тушса керак¸ дейди суҳбатдош.

Ҳиндча бахтли якун

Назокатнинг айтишича¸ ҳиндистонлик Надим исмли мусулмон йигит уни секс қуллигидан қутқарган:

- Надим келиб мени қўшмачининг қўлидан қутқарди. Надим доктор бўлиб ишлайди¸ у билан самолëтда танишганмиз. Надим ¸савоб учун бу ишни қилаяпман¸ деб мени ўз никоҳига олди. Надим оилада бир фарзанд. Яхши мусулмон оиладан. Мени тўғри йўлга солган ҳам ҳам Надим бўлди. Ҳозир Хоразмдаги қизимни олдирмоқчиман. Мен ҳам энди Оллоҳни танидим. Шу боис Абу Дабидаги қўшмачиларнинг Ўзбекистондаги содда қизларни алдаб олиб келиб фОҳишага айлантирилишига нуқта қўйиш каби қарорга келдим. Мен Абу Дабидаги Ўзбекистон консулига бориб арз қилмайман. Чунки аниқ биламан¸ қўшмачилар консул билан бирга иш қилишади¸ дейди Назокат.

Суҳбатдошга кўра¸ Абу Дабидаги ўзбек фоҳишахонасига Ўзбекистондан қизлар келиши тўхтамаяпти.

Озодлик мухбири Абу Дабидаги Ш. исмли бухоролик қўшмачига телефон қилди. Телефонни кўтарган эркак киши Ш. исмли аëлнинг аэропортга кетганлигини айтишди.

Бундан эса¸ Абу Дабига янги назокатлар келаëтганини фараз қилиш қийин эмас..

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG