Линклар

logo-print

Донецк шаҳрида автобус бекати яқинида снаряд портлаши оқибатида камида 13 йўловчи нобуд бўлди, 20 дан зиёди жароҳатланди. ДНР Мудофаа вазирлиги расмийлари бу фожиада украин диверсантлари ва артиллериячиларини айблаётган бўлса, Украина ҳукумати бу ҳужум маҳаллий террорчилар томонидан амалга оширилганини айтмоқда.

Донецкнинг 3-сонли автобус бекатларидан бирида эрталабки соат 9 ларда портлаган снаряд заррачалари бекатда тўхтаган троллейбус ва автомобилни вайрон қилди. Троллейбус ичида бўлган ва бекатда турган 13 нафарга яқин одамнинг ҳалок бўлгани, яна 20 ортиқ одам тан жароҳати олиб, шифохоналарга олиб кетилгани айтилмоқда.

“Соат тўққизларда тўрт маротаба портлади. Одамлар қирилиб кетди, атрофдаги уйларда дераза ойналари синиб кетди,” деб хабар қилди ҳодиса гувоҳлари.

Тан олинмаган Донецк республикаси вакиллари дастлаб бекатда снаряд портлаши оқибатида 9 киши ўлгани, уч киши яраланганини хабар қилди.

Донецкнинг Ленин туманидаги диверсия 9 кишининг ўлимига алоқадор шахслар ҳибс этилди, дея айирмачилар Мудофаа вазирлиги баёнотини тарқатди Интерфакс.

Аммо бироз вақт ўтмасдан ДНР раҳбари Александр Захарченко ўз вазирлиги хабарини рад этиб, “Бу диверсантлар эмас эди. “Босс” мавзесидаги бекат Авдеевка томонидан артиллерия билан ўққа тутилган”, деди.

Шаҳарнинг “Босс” мавзесида содир бўлган бу воқеа юзасидан Украина прокуратураси ҳам “террорчилик хуружи” моддаси асосида жиноий иш очганини маълум қилди. Киев айнан Донецк айирмачилари бу ҳодисага алоқаси борлигини тахмин қилишини билдирди.

“Донецкдаги жамоатчилик транспорти бекати жангарилар томонидан пайшанба куни эрталаб шаҳарнинг турар жой даҳаларидан ўққа тутилган”, деди махсус матбуот анжуманида Украина Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати расмийси.

Киев расмийлари отишма жанг ҳаракатлари олиб борилаётган жойдан 15 километр узоқликда экани ва бунгача бу ҳудудда бирор портлаш содир бўлмаганига жамоатчилик эътиборини қаратди. Айрим маълумотларга кўра, бундай портлаш ва жароҳатлар “кўчма” миномёт ўқидан етказилиши мумкин.

Кейинроқ, Интернетда айирмачилар Донецк аэропортида ҳибс этилган Украина ҳарбий кучлари жангчисини портлаган бекат ёнига олиб келиб, Россия журналистлари ва маҳаллий фуқаролар олдига чиқарилгани тасвирланган видео пайдо бўлди. Уни бу ерга олиб келган шахслар асир жангчини шу ернинг ўзида калтакламоқчи бўлган оломондан базўр ажратиб олади ва Россиянинг 96 регион (Свердловск вилояти) рақами осилган машинада номаълум томонга олиб кетади.

Шу куниёқ ижтимоий тармоқларда асирга тушган украин жангчилари Донецк кўчаларидан маҳаллийлар кўз олдида олиб ўтилгани, айирмачилар уларни “халқ суди”га топширишни режалаштираётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG