Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:37

Келинини чавақлаган қайнота, тадбиркорни ҳомийликка мажбурлаган ҳоким ва Эйфелдан 9 ёш катта Тўти момо


Тўрткўллик Тўти Юсупованинг 135 ёшга тўлгани иддао қилинаяпти.
Тўрткўллик Тўти Юсупованинг 135 ёшга тўлгани иддао қилинаяпти.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” йўловчилар ҳаётига хавф туғдириши мумкин бўлган қарор қабул қилди. Депутатларга гердаймаслик уқтирилди. Ўзбекистонлик драматург Гоголнинг “Ревизор” пьесаси сюжетини ўғирлади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Депутатларга гердаймасдан билимини ошириш тавсия этилди”

Мамлакат ҳаёти, халқ тақдирига дахлдор масалаларга масъул саналган депутатлар “Ҳамма нарсани биламан”, деб гердайиб юрмасдан билимини бойитиш учун ҳаракат қилиши керак (“Ўзбекистон овози”, 22 январь).

Газетага кўра, ҳаёт ривожланиб борар экан, депутатлар ўқиш-ўрганишдан тортинмаслиги, чарчамаслиги керак. Акс ҳолда, мулзам бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.

Қайд этилишича, депутат сўзининг нуфузи баланд, у халқ манфаатлари ҳимоячиси, жамият тақдирига масъул инсон; бугун ўзини депутатман деб фахрланиб юрганлар эслатмадан тўғри хулоса чиқариши керак.

“Ҳаво йўллари” учувчилари маст ҳолда ҳам самолёт бошқариши мумкин”

2015 йилнинг 1 январидан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси экипаж аъзоларини парвоздан аввал мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш тартибини бекор қилди (“Новий век”, 22 январь).

Газетанинг ширкат ходимига асосланиб хабар беришича, илгари мазкур мажбурий кўрикдан ўтолмаган экипаж аъзолари парвозга қўйилмаган. Ушбу тартиб бекор қилиниши эса парвоз хавфсизлигига таҳдид туғдириши мумкин. Масалан, парвоз олдидан маст қилувчи ичимлик ичган учувчи энди ҳеч қандай қаршиликсиз самолётни бошқариш имконига эга.

Газета “Ўзбекистон ҳаво йўллари” раҳбарияти ўйламай қабул қилган мазкур қарордан бегуноҳ одамлар, йўловчилар жабр кўрмаслиги керак, деб ҳисоблайди.

“Бухорода хотинини ўлдириб қамалиб чиққан эркак келинини ҳам чопиб ташлади”

Бухоро вилояти Вобкент туманида яшаган Нормурод Умедов келинини шафқатсиз равишда ўлдиргани учун 25 йилга озодликдан маҳрум этилди (“Ҳуқуқ”, 22 январь).

1960 йилда туғилган Умедов муқаддам беш маротаба судланган. 1996 йилда хотинини ўлдиргани учун хавфли рецидивист деб топилган. 2012 йилда бешинчи маротаба қамоқ муддатини ўтаб чиққач, ўғли, келини ва неваралари билан бир уйда яшаган.

Бухоро вилоят прокуратураси вакили Яҳё Андаевга кўра, судланувчи Умедов ўғли ишдалигида арзимас сабабдан қутуриб кетиб келинини болта билан чопиб ташлаган.

Ўғли Б.Умедов судда отаси турли баҳоналар билан унга ва хотинига кун бермай келганини айтган. Хотинининг фожиали ўлимидан кейин Б.Умедов уч нафар норасида фарзанди билан тул қолган.

“Ўзбекистонлик 135 ёшли Тўти Юсупова нега Гиннес китобига киритилмаяпти?”

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида яшовчи 135 ёшли Тўти Юсупова Эйфель минорасидан 9 ёш, Гиннеснинг рекордлар китоби версияси бўйича энг ёши улуғ одамдан 17 ёш катта (“Оила даврасида”, 22 январь).

Газетага кўра, Гиннеснинг рекордлар китоби ижодкорлари бу фактга эътибор қаратмаётгани таассуфланарлидир. Гиннес китоби версияси бўйича 2013 йилда япониялк 115 ёшли Дзироэмон Кимуро дунёнинг энг кекса кишиси деб эътироф этилган.

Айтилишича, қорақалпоғистонлик 114 ёшли Бибихон Холниёзова ва 112 ёшли Пошшо Юсупова ҳам жаҳон рекордига даъвогарлик қилиши мумкин.

“Ўзбекистонлик драматург Гоголнинг “Ревизор” пьесаси сюжетини ўғирлади”

Ўзбекистонлик номи ошкор этилмаган драматург Гоголнинг машҳур “Ревизор” пьесаси сюжетини ўғирлади (“Даракчи”, 22 январь).

“Яқинда бир драматург “Опа, шу пьесамни кўриб берсангиз”, деб ташлаб кетди. Уни ўқиганимдан кейинги ҳолатимни тасвирлаб беролмайман. Чунки муаллиф ўз “асар”ини Гоголнинг “Ревизор”идан шундоққина кўчирган-қўйган”, дейди Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти доценти, кўплаб санъаткорларнинг мураббийи Мунаввара Абдуллаева.

Таниқли мутахассис драматургиянинг аҳволи ҳавас қиларли эмаслигини, профессионал актёрлар саёз спектаклларда рол ўйнаб маҳоратини увол қилаётганини айтган.

Газетанинг шу сонида суҳбати чоп этилган хонанда Манзура бир қанча қўшиқларни хориж эстрадасидан ўғирлаганини тан олган.

“Тан оламан, бир неча қўшиқларимни ўғирлаганман. Улар орасида аслиятда, ҳеч қаери ўзгартирилмай куйланганлари ҳам бор”, деган жорий йил 1-3 февраль кунлари Тошкентда концерт берадиган хонанда Манзура.

“Кегейли ҳокими 116 нафар тадбиркорни ҳомийликка мажбурлаган”

Кегейли тумани ҳокими П.Даулетов тумандаги 116 та хўжалик юритувчи субъектни “Ташаббус-2014” танловига ўтказиш учун ҳомийликка мажбурлаган.

“Ҳуқуқ” газетаси хабарига кўра, прокуратура протести билан ҳокимнинг бу ҳақдаги фармойиши бекор қилинган. Маҳаллий бошқарув идоралари томонидан тадбиркорлар ҳуқуқи бузилиши бўйича бошқа ҳолатлар ҳам аниқланган.

Масалан, Ғиждувон ҳокимининг биринчи ўринбосари В.Исмоилов 8 нафар тадбиркорнинг ер майдони ажратиш ҳақидаги мурожаатини кўриб чиқишни узрсиз чўзгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган. Пахтачи туман давлат солиқ инспекцияси раҳбари А.Ғаниев эса 59 ҳолатда банк операцияларини қонунга зид равишда тўхтатгани учун ишдан бўшатилган.

“Ота-оналар 6000 сўм эвазига фарзандининг ҳар бир қадамидан бохабар бўлиб туради”

Тошкентдаги бир қатор ўқув масканларида ўқувчиларнинг дарсга қатнашини назорат қилиш учун SMS-турникетлар ўрнатилмоқда.

“Даракчи” газетаси хабарига кўра, ўқувчи SMS-турникетдан ўтган заҳоти унинг ота-онасига уяли телефон орқали фарзандининг ўқув муассасига келган ё кетгани ҳақида хабар берилади.

Бундан ташқари, ҳар куни кечки соат олтидан кейин ота-онанинг телефонига фарзандига фанлар бўйича берилган уй вазифалари хусусида SMS хабар келади.

Ота-оналар мазкур хизмат учун ойига 6000 сўм тўлашлари лозим. Қайд этилишича, мазкур технология Тошкент шаҳри Миробод туманидаги Компьютер технологиялари коллежида муваффақиятли синовдан ўтди.

“Катта-катта ташкилотларнинг газета ўқимайдиган мутасаддилари танқид қилинди”

Катта-катта ташкилотларнинг мутасаддилари газета ўқимаслиги, маънавий-маданий жабҳада кечаётган ўзгаришлардан бехабарлиги кўзга ташланмоқда (“Ҳуррият”, 21 январь).

Масалан, яқинда Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг Тошкент шаҳар бош бошқармаси вакиллари журналистлар билан учрашган. Бош бошқарма масъулларидан “Соҳага дахлдор газеталарни ўқиб борасизми?” деб сўралганда, савол жавобсиз қолган.

Газетага кўра, энг кичик мақолада ҳам замоннинг уриб турган юрагини ҳис қилдириш, давр кайфиятини изоҳлаш бугунги матбуотнинг асосий мезони бўлиши керак.

XS
SM
MD
LG