Линклар

БМТ: Украина шарқида 9 кун ичида 262 одам ҳалок бўлди


22 январь куни жамоат транспорти бекатига қилинган ҳужум оқибатида 13 одам ҳалок бўлди.

22 январь куни жамоат транспорти бекатига қилинган ҳужум оқибатида 13 одам ҳалок бўлди.

БМТнинг маълум қилишича, Украина можаросида сўнгги тўққиз кун ичида камида 262 одам нобуд бўлган. Бу ўтган йилнинг 5 сентябрь куни Минскда сулҳ битими имзоланганидан бери энг ҳалокатли кунлар бўлди, дея хулоса қилмоқда БМТ вакиллари.

Айни пайтда, БМТ Хавфсизлик кенгаши россияпараст айирмачилар қўлида қолаётган Донецк шаҳрида кеча рўй берган ҳужумни кескин қоралади. 22 январь куни жамоат транспорти бекатига қилинган ҳужум оқибатида 13 одам ҳалок бўлди, 20га яқини жароҳатланди. Киев ва россияпараст айирмачилар ҳужум учун масъулиятни бир-бирига юкламоқда.

Хавфсизлик кенгаши ҳодиса юзасидан мустақил тергов ўтказиб, айбдорларни жавобгарликка тортишга чақирди.

Вашингтонда чиқиш қилган АҚШ Давлат котиби Жен Псаки ҳодиса Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти томонидан тергов қилинаётганини билдирди. Бу фожеа, деди Псаки, россияпараст айирмачилар ва ҳукумат кучлари ўртасида хавфсизлик зонасини яратиш эҳтиёжи борлигини кўрсатади. Бу ҳақда 21 январь куни Берлинда Россия, Украина, Франция ва Германия вакиллари ўртасидаги музокараларда келишиб олинган эди.

Псаки Украина ўз ҳудудини ҳимоя қилишга ҳақлидир, дея таъкидлаб, мамлакат шарқида рўй бераётган кўплаб жиноятлар учун масъулиятни Россия ва айирмачилар зиммасига юклади.

XS
SM
MD
LG