Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:54

ТИВ қўлига ўтган Улуғбек халқаро мактабида “ҳар кун тўполон”


Улуғбек номидаги Тошкент халқаро мактабининг эски биноси.
Улуғбек номидаги Тошкент халқаро мактабининг эски биноси.

Туркиялик асосчилари 2010 йил охирида Ўзбекистондан ҳайдалгач¸ Ташқи ишлар вазирлиги тасарруфига ўтган Улуғбек номидаги Тошкент халқаро мактабига кейинги икки йил директорлик қилган шахс қамоққа олинган. Британия таълим дастурини инглиз тилида ўқитиш даъвоси билан ўзига 8000 доллар нарх белгилаган бу мактабда¸ ҳозирда инглиз ўқитувчилар деярли қолмаган.

90-йилларда турк тадбиркорлари пулига очилиб¸ асл сармоядорлар 2010 йил охирида Ўзбекистондан ҳайдалгач¸ Ташқи ишлар вазирлиги тасарруфига ўтказилган Улуғбек номидаги Тошкент халқаро мактабига ота-оналар болаларини Британия таълим дастурини инглиз тилида ўқишлари учун йилига 8000 АҚШ доллари миқдорида пул тўлайди. Мактабнинг Озодликка мурожаат қилган айрим ўқувчилари ва улар ота-оналари амалда мактабдаги таълим даражасининг оддий ўзбек мактабларидан деярли фарқи қолмаганидан шикоят қилишди.

Ўқувчи ва ота-оналар эътирози: Инглиз мактабида инглиз ўқитувчиси қолмаган!

“Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига қарашли Улуғбек мактабида нималар бўлаëтганини биласизми? Мактаб директори Рустам Яҳëев қамалди ва ўрнига МИД янги директор тайинлади. Мактабда ҳар кун тўполон. Аслида бу мактабда чет эл фуқароларининг фарзандлари ўқиган ва чет эл ўқитувчилари катта маблағ эвазига дарс ўтган. Ҳозирги кунда ҳам катта пул тўланаяпти ¸ лекин ўзимизнинг олибсотар ўзбек ўқитувчиларимиз дарс ўтишаяпти. Бу аҳвол чет эл фуқароларига хуш келмаяпти ва турли ташкилотларга ариза берилмоқда. Асосий эътироз шартномада катта пул эвазига чет эл ўқитувчилари дарс беради деб кўрсатилган¸ лекин амалда ўзбек аëллар дарс ўтаяпти. Шикоят МХХ ва МИДга ëзилган. Чет эллик ўқитувчилар йўқ¸ дарсларнинг ярми ўтилмаяпти. Болалар ўқиш пайтида Интернетда ўйин ўйнашади. Уй вазифасини ҳеч ким контрол қилмайди. Ҳозирги аҳволида бу мактаб халқаро стандартларга мутлақ жавоб бермайди. Шунақа абгорлик учун биз йилига 8000 АҚШ доллари тўлаяпмиз. Пулларимиз қайтариб берилишини сўраяпмиз¸ аммо гапимизни биров эшитаëтгани йўқ. Европадаги Халқаро мактаблар ассоциациясининг ECIS сертификати ҳар йил берилар эди¸ лекин бу йил берилмади. Отан-оналар бу мавзуда очиқ гапиришга қўрқишаяпти. Чунки йилига 8000 доллар тўлаб келишган. Овозини чиқарса¸ ҳукумат шунча пулни қаердан олдинг¸ деб савол беради. Олдинги директор Рустам Яҳëев уч ой олдин олинди¸ МХХ тергов қилган¸ иши ҳозир судда.”

Муваққат директор раддияси

Улуғбек номидаги Тошкент халқаро мактабининг бугунги аҳволи хусусида келган бу шикоят мурожаати юзасидан Озодлик мухбири мактаб маъмуриятига мурожаат қилди.

Мактабнинг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тайинланган янги муваққат директори Озодлик билан суҳбатда мактабда дастурлар билан боғлиқ муаммолар борлигини эътироф этди ва ўзи ҳозирда айнан шу камчиликларни тузатиш устида жиддий ишлаëтганини билдирди.

Ота-оналардан келган шикоятдаги асосий эътироз¸ қоғозда катта пулга чет эллик ўқитувчилар ëллангани қайд этилган ҳолда¸ амалда ўзбеклар дарс бераëтганига нисбатан норозиликка муносабат билдирган янги мудира¸ буни асоссиз иддао деб атади.

“Болалари бизда ўқиëтган ота-оналар ўқитувчиларнинг кўпчилиги чет элликлар эканини яхши билади”¸ деди жумладан мактаб мудираси.

Европа Халқаро мактаблар кенгаши на тасдиқлади¸ на инкор қилди

Улуғбек номидаги Тошкент халқаро мактабининг расмий веб саҳифасида мактабнинг бошланғич ва ўрта мактаб бўлимлари директори сифатида чет эл фуқаролари қайд этилган ҳолда¸ мактабнинг на жорий ва на аввалги бош директорига оид ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Мактаб ютуқлари кўз-кўз этилган расмий сайтда унинг Халқаро мактаблар Европа кенгаши ва Халқаро мактаблар кенгаши аъзоси экани айтилади. Айни шунингдек¸ Озодлик билан суҳбатда мактаб муваққат директори бу аъзоликнинг ҳозирда ҳам мавжудлигини таъкидлади.

Аммо Озодликка келган шикоятда ҳозирда Европа Халқаро мактаблар кенгаши аъзолиги тўхтатилгани айтилади. Озодлик билан суҳбатда маркази Лондонда жойлашган мазкур кенгашнинг аъзолик бўйича маъсули Улуғбек номидаги Тошкент халқаро мактабининг Европа Халқаро мактаблар кенгашиига аъзолиги тўхтатилган-тўхтатилмагани ҳақидаги қарорни маълумотлар хавфсизлиги юзасидан жамоатчликка очиқлай олмаслигини таъкидлади. Айни пайтда¸ у ëки бу мактаб уюшма аъзолиги учун белгиланган талабларга жавоб бермай олмаган тақдирда¸ аъзоликнинг тўхтатилишини қўшимча қилди.

- Агар сиз у ëки бу мактабнинг бизнинг уюшмага аъзолигини текширмоқчи бўлсангиз¸ мактаб маъмуриятидан бу ҳақдаги сертификатни кўрсатишни сўранг. Янги сертификат бўлмаса¸ демак улар аъзоимиз эмас. Бизга аъзо бўлишнинг муайян шартлари бор ва бу шартлар сайтимизда очиқ ëзиб қўйилган. Аккредитациядан ўтиш учун талаб қилинган шартлар бузилса¸ бу аъзолик янгиланмайди¸ холос¸ деди Европа Халқаро мактаблар кенгашининг аъзолик учун маъсулларидан бири.

Мактаб асосчисининг ҳайдалиши...

1995 йилда турк тадбиркорлари томонидан очилган Улуғбек номидаги Тошкент халқаро мактаби эгалик ҳаққинининг 60 фоизи Туркияга қарашли Силм корпорацияси¸ қолган 40 фоизи эса¸ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига қарашли эди.

2011 йилнинг 19 январь куни Силм корпорацияси ўз расмий саҳифасида мактабни ëпишга мажбур бўлгани ҳақида баëнот эълон қилган эди.

“Хавфсизлигимизга таҳдид боис биз ўз маориф хизматларимиз тўхтатилганини эълон қиламиз”¸ деб номланган баëнотда бундай қарорга келиш сабаблари ҳам ëзилган эди. Келтирилган биринчи сабабга кўра¸ Ўзбекистон ҳукумати валюта конвертациясига ўрнатган чеклов боис¸ 1995 йилдан бери халқаро мактабнинг ўзбек сўмидаги маблағларини АҚШ долларига алмаштириши муаммо бўлиб келган. Мактабнинг ўз хорижий ўқитувчилари маоши ва фаолиятини давом эттириш учун лозим бўлган сўнгги доллар алмашинуви эса¸ айтилишича 2009 йилнинг март ойида бўлган ва шундан бери мактаб ўқитувчиларига ойлик беролмай жиддий молиявий бўҳрон домига ботгандан ботиб борган.

Турк корпорацияси номидан ëзилган баëнотда келтирилган иккинчи сабабга кўра¸ Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари террорчилик ва экстремизмга қарши кураш баҳонасида хориж сармоядорларига зўравонлик қилишни кучайтирган. “Бир қатор хориж ширкатлари ходимлари ўз идораларида тақиқланган адабиëтларни сақлаганликда айбланди¸ бу адабиëтлар эса¸ айнан текширувчиларнинг ўзлари томонидан ташлаб қўйилмоқда. Корпорациямиз ўз тизимларининг ҳам бундай босимдан озод қола олмаслигини англаганидан¸ хизматларимиз ва ходимларимиз хавфсизлигидан жиддий хавотирга тушди"¸ дейилади баëнотда жумладан.

Кейинги сабабларга кўра¸ мактаб учун хориждан келтирилаëтган ўқув материалларини Ўзбекистонга олиб киришдаги маъмурий тўсиқлар ниҳоятда кучайиб кетган; хориж ўқитувчилари учун виза олиш¸ уларнинг Ўзбекистонда яшаши учун тегишли рўйхатдан ўтиш янада қийинлашган; ЎзСилм корпорацияси ўтган йиллар давомида Тошкентдаги айрим Тил марказлари бошига тушган қора кунлар ўз бошига тушиши таҳдидининг реаллигини англаган ва бундай вазиятда¸ Тошкент халқаро мактаби фаолиятини тўхтатишдан ўзга чораси қолмаганини эътироф этишга мажбур қолган.

Вазирлик мактабни эплай олмаëтир?

Аксар турк бизнеси каби Силм турк корпорацияси Улуғбек мактаби¸ хусусан¸ унга йиллар давомида киритган миллионлаб долларлик сармоясидан воз кечиб¸ мактабдаги чет эллик ўқитувчилар 2011 йилги Янги йил таътилидан Тошкентга қайтмагани ортидан¸ мактаб тўлиғича Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тасарруфига ўтди.

2011 йилнинг 21 январь куни вазирлик мактабнинг янги директори қилиб Рустам Яҳëевни тайинлади ва мактаб ўз фаолиятини давом эттиришини эълон қилди.

Мактаб ўқувчиларининг Озодликка билдиришича¸ кейинги икки йил давомида мактабдаги таълим-тарбия сифати муттасил пасайиб боргани ҳолда¸ унинг нархи муттасил ошиб борган ва ҳозирга келиб йиллик тўлов 8000 АҚШ долларига етган.

Озодликка мурожаат қилган ота-оналар Улуғбек мактаби тўлишича Ташқи ишлар вазирлиги қўлига ўтгач¸ порахўрлик¸ молиявий сохтакорлик ва таниш-билишчилик авж олиб кетганини иддао қилдилар.

Хусусан¸ мурожаатда мактабга янги тайинланган директорнинг Ташқи ишлар вазири ўринбосарига яқин шахс экани айтилади.

Аммо Озодлик ҳозирча бундай иддаоларни тасдиқловчи далилларга эга эмас.

XS
SM
MD
LG